“Бахтли онларда қайғули кунларингни эслаб тур, шояд шу билан бахтли онларинг янада чўзилса…” Л.Толстой
Менга фарқи йўқ, дўппилар осмонга ирғитилаётган пайтда, мен ўша дўппини отмасликка, яхшиси, уни бир четга қўйиб, келажак ҳақида ўйлагим келмоқда. Баҳрайн билан кечган баҳсдан кейинги кайфиятимни-да юз саксон градусга ўзгартириб, мозийнинг аччиқ саҳифаларидан бир нималар излашга киришмоқчиман. Зеро, бу саҳифалар менинг ҳаётимда тинмасдан такрорланавериб, асабимни таранг қилиб қўйган. Ҳа, беш марта такрорланган. Демакки, унинг ҳақиқатлиги, тўғрилиги ва ҳеч қандай тасодиф эмаслиги турган гапга айланган. Олтинчи марта такрорланмаслиги учун ҳам ҳозир гапирмасам бўлмайди. Кейин кеч бўлади.
Сарлавҳамизда келтирилган савол сизни ҳам безовта қилган-ку, тўғрими? Ушбу саҳна кўринишларининг такрори сизни ҳам ажаблантирган-ку? Ҳа, бу аслида осон саволдек кўринса-да, жавоби анчайин мураккаблигини ҳам биласиз. Барча сабабларни санаб ўтиш орқалигини унинг жавоби мукаммал кўринишга келиши мумкинлигини-да биласиз. Келинг, шу ҳақиқатларни билсангиз, ушбу саволга биргаликда жавоб топиб кўрайлик. Қандай сабаб ва омиллар мундиал майдонларида тўп суришимизга тўсқинлик қилаверади?
ЧЕМПИОНАТИМИЗ ЗАИФ
Мана шу ҳақиқат билан бошлаймиз-а?! Зеро, миллий чемпионат терма жамоанинг кўзгуси ҳисобланади. Испания, Италия, Франция, Германия ва Англия чемпионатларининг кучини биламиз ва уларнинг терма жамоалари ҳам юқори савияда яшаб келишганини кузатганмиз. Миллий чемпионат бутун дунёда шу вазифани бажаради ўзи – унинг кучи терма жамоада яққол акс этиши керак. Бир пайтлар бу критериядан Бразилия мустасно саналарди. Ҳозир улар ҳам қўшилиб кетишди. Онда-сондаги учқунчалар (Болгария, Сенегал, Греция ва ҳок) ҳисобга кирмайди, албатта.
Миллий чемпионатимиз 90-йилларда ҳозиргига қараганда кучлироқ эди ва тан олиш керакки, ўша пайтлари терма жамоамиз ҳам кучлироқ ўйнаган. Олий лигамиз салоҳияти йилдан йилга тушиб кетар экан, маҳаллий юлдузларнинг порлаши ҳам камайиб кетаверади. Буни кўряпмиз. Бир пайтлари Россия премьер-лигасини тўлдириб ташлагандик. Энди эса бир-икки ҳамюртимиз ўйинига маҳлиёмиз. Улар ҳам аслида тасодифийроқ натижалар.
Осиё минтақасидан ЖЧга боришга одатланган юртларга қарайлик. Жанубий Корея, Япония, Австралия ва Эрон (Шимолий Кореяга ўхшаган “лестерчалар” бу ерда мисол бўла олмайди). Мана шу мамлакатларнинг миллий чемпионати ҳам қитъамизда энг пешқадамлардан. Менимча, Осиёчалик миллий чемпионат савияси терма жамоага таъсир ўтказадиган қитъа бўлмаса керак. Шу боис, йилдан йилга савияси оқсаётган олий лигамизни қутқариб қолмасак, эртага унинг бадалини терма жамоамиз орқали тўлаймиз. Жуда қаттиқ тўлаймиз. Ишонаверинг!
МУРАББИЙЛАРИМИЗ МАЛАКАСИЗ
Йўқ, йўқ, мураббийларимизнинг малакасига тил теккизиш ниятимиз йўқ. Бу ерда савия даражаси терма жамоани жаҳон чемпионатига олиб чиқишга қодирлик критерияси билан ўлчанмоқда. Терма жамоамиз бошида жуда кўп мураббийлар бўлишган. Қайсиларидир жуда кучли бўлгандир эҳтимол, лекин ўша кучлилар бемаврид олиб ташланган ё Хитойдан каттароқ пул беришса кетиб қолишган. Лекин ана шу инсонларни ҳам қўшиб санаганда холис айтадиган бўлсак, терма жамоамизни мундиалга олиб чиқишга арзирли мураббий кўрмаганман мен. Бу шахсий фикрим, албатта.
Мундиал катта мусобақа, у ерга тасодифан чиқиб бўлмайди. У ерларга бориш учун мутахассисда катта тажриба, катта илм ва мукаммал иш режаси бўлиши керак. Афсуски, йигирма йиллик футболимизга кўз югуртирадиган бўлсак, термамизни энг йирик мусобақага олиб боришга ҳақиқатан ҳам арзийдиган инсонни топа олмаймиз. Уларнинг аксари клубларимиз даражасида бирор бир натижани қўлга киритишлари мумкиндир, аммо терма жамоа масаласи, бўлиб ҳам ЖЧ йўлланмасидек оғир вазифани уддалаш салоҳиятида кўрилмайдилар. Агар сиз кимгадир умид қилган бўлсангиз ё кимнидир бу номга ҳақли бўлган, десангиз, фикрларимиз турфа хил экан. Лекин сиз томонда турганлар жуда камлигини ҳам биламан.
ЛЕГИОНЕРЛАРИМИЗ ДАНГАСА
Ҳа, мен айнан шу легионерларимиздан кўп бора хафа бўлиб кетганман. Ҳозир-ку, уларсиз терма жамоани тасаввур қилиб бўлмайди. Бу хафагарчилик асримиз авваларида кўзга ташланган эди. Айниқса, Макс хусусида. Шацких жуда кучли футболчи. У жаҳон юлдузлари сафида турса ҳам арзийди. Табиийки, Киев “Динамо”си сафида ўйнаб кетиш ҳар кимга эмас. Мана шундай ҳужумчимиз бор эди бизнинг, эсингизда бор-а? Ана шу ҳужумчимизни кўп танқид қилганмиз. Яхши ўйнай олмаяпти, деб эмас, жонини бериб ўйнамаяпти, деб. Чиндан ҳам Макс у қадар кўп тер тўкмасди терма жамоада. У биларди, Ўзбекистонга келганида тенги йўқлигини, яёв юриб ҳам бошқа ҳужумчилардан яхшироқ ўйнашини ҳам яхши биларди. Ёмон томони, ўзини шундай тутарди у.
Шацких энг ёмон ўйнаган ўйинида ҳам Ирисметов ё Ҳамидуллаевдан зўр эди. У шуни биларди ва билганини кўрсатиб қўярди. Уни биз бошқа ҳужумчиларга таққосламасдик, ўзига таққослардик ва Киевдаги Шацкихни топа олмай халак бўлаверардик.
Ўша пайтлари Ширшов ҳам легионер эди. Ўша Ширшовга таққослардик қолганларни. Кўп легионерларимиз ўтган асрнинг охири ва жорий асримиз бошларида ўзларига билдирилган ишончни оқлашганида ё ўз даражаларида ўйнаб беришганида, ҳеч қурса ЖЧ-2002га боришимиз керак эди. Ўша давр легионерлар мактаби жуда кучли бўлгани боис, уларга шу талабни қўйиш адолатсизлик бўлмасди менимча. Афсуски, уларнинг асри ҳам бизга нурсиз хотираларни қолдириб кетди.
ЎРТОҚЛИК ЎЙИНЛАРИ КАМ
Энди бу… эски муаммо. Ҳозир бизга бир қатор ўйинларни қалаштириб ташлайдиганлар ва “булар ўртоқлик ўйини бўлмай нима?” дейдиганлар ҳам бордир. Бироқ, ўртоқлик ўйинларидан маъно бўлиш керак, ундан кўзланган мақсад бўлиш керак ва асосийси, олдиндан жиддий бир режа асосида бўлмоғи даркор. Бизда эса ўртоқлик ўйинлари хўжакўрсинга ўтказилиши ҳеч кимга сир эмас. Ё бунда мураббийларнинг тайинли режаси йўқ, ё тайинли режанинг қолипига тушадиган ўйинларни ўтказишнинг имкони йўқ. Хуллас, яқинда шу масаладаги муаммолар яна бошланмасайди, деган хавотир ичида, мавзуни тўхтатиб, дарҳол кейингисига ўтиб кетамиз.
АЙБДОР МУТАСАДДИЛАР
Мутасаддиларнинг айби бошқаларникига қараганда кўпроқ кўзга ташланади бу ўринда. Ўртоқлик ўйинларидан тортиб, терма жамоанинг бошидан тирноғига қадар масъул шахслар ўшалардир. Бешта жаҳон чемпионати саралаш баҳсларида қатнашган бўлсак, мураббийларни тайинлаш масаласида жуда кўп оқсаганмиз. Таваккалига иш олиб бориш услуби ҳалигача ҳукмрон. Тўғри, мухлис халқи хориждан салоҳиятли мураббий келишини истайди. ЎФФ эса чамамда, ўртамиёнасидан кўра ўзимизнинг яхшилар яхшимасми, дейди-да, йилнинг энг яхши мураббийлари билан чекланади. Бу нарса ҳар мундиал саралашида такрорланади. Қизиғи, натижасиз қолганимиздан сўнг, шу эски қарашларга нисбатан аёвсиз танқид тошлари отилади. Бу тошлар ҳақиқий тошлардан анча фарқли шекилли, ҳеч кимнинг бошини ёрмайди. Энгашиб қолишга ўрганишган, шекилли?!
Бу йил ҳам шунга қараб кетяпмиз. Самвел Бабаян жамоани қутқариб қолди. Гап бўлиши мумкинмас. Бироқ, кейинги ўйинлар жуда оғир бўлишини билган ҳолимизда ҳозир мураббийни ҳам, ўзимизни ҳам қийин аҳволга солиб, термани унга топширсак керак, деб ўйлайман. Тамом.
Мен бу ўринда асло ва асло пессимистлик қилмаяпман, мен гувоҳ бўлган аччиқ мозийимдан тажриба орттирган ҳолда сўзлаяпман бу дардларни. Шу боис, жеркиб ташлашга, ҳадеб қора рангларни кўришни бас қил, дейишга ошиқманг. Эртага Эрон ва Кореяларга қарши саф тортганимизда, 20 йиллик қарашларимизнинг такроридан яна панд емасак бўлди эди, деган хавотирим бор ичимда. Қизиқ, панд есак ҳам хулосаланмаймиз. “Учинчи босқич” номли қиссадан ҳиссалар олмаймиз. Нега???
Сабаби, бу қиссадан ҳиссалар олиш учун мутасаддиларимизнинг камида беш йил олдиндан пухта ишланган режалари бўлмоғи лозим. Узоқ йиллик саъй ҳаракатларгина ўз ҳосилини бериши мумкин бунақа турнирларда. Бу ҳақиқат-ку, тўғрими? Бизда эса “куясан” деб минг марта айтилган сутни оғизга олиб келиш ва куйгандан кейин пуфлаш одати сақланиб қолган. Оҳ, қўрқаманки, тўрт йил олдинги сценарийлар такрорланмаса эди…
ОМАД
Энсангиз қотмасин, омад кучлиларга кулиб боқади-ку, деб. Тўғри, омад кучлиларнинг дўсти. Буни инкор қилмаймиз ва ҳозир ҳам фикримизни шу ўлчов орқали исботлашга уринамиз. Биз ростан ҳам бир пайтлар кучли бўлганмиз. 1994 йилги эртагимиз бежиз бўлмаган ҳар ҳолда. Рақобати мислсиз даражада кучли бўлган чемпионат тарбияланувчилари ўша йиллари жаҳон чемпионатига чиқишса бўларди. Арзишарди. Афсуски, АҚШдаги мундиалга мустақиллигимиздан аввалроқ қуръа ташлаб бўлинган-да, биз кеч қолган эдик.
Ишончим комилки, биз 1994 йилги ЖЧга чиқа олардик. Чунки ўшандаги таркибимиз, мураббийлар штаби, футболга бўлган муносабатларимиз, ҳатто миллий чемпионатимиз савияси ҳам мундиалга арзийдиган салоҳиятга эга эди. Афсуски, ўшанда бизга омад кулиб боқмаган. Кўряпсизми, баъзида омад кучлиларни ҳам четлаб ўтади.
… Жиддий мавзуни ҳазилроқ оҳангда якунлашга қарор қилдим барибир. Ҳар ҳолда, байрамда йиғлаш яхши эмас. Латифа айтиб бераман яхшиси: Қуёшли кун. Ҳеч қаерда лой йўқ, ҳамма-ёқ яшнаб ётибди. Петя исмли болакай уйидан қалин курткасини кийиб, ёмғирпўшини кўтарганча чиқиб кетаётган экан, онаси тўхтатибди: “Хой бола, ёмғир ёғмаёган бўлса, ҳеч қаерда лой бўлмаса, сен нега бунақа кийиниб олдинг?” Болакай: “Мен топаман!!!” деб жавоб берган экан.
Узр! Биз ҳам излаб-излаб топдик.
Хайрулла ҲАМИДОВ
Манба: maydon.uz “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Медведев: Махсус ҳарбий операция учун қуролларнинг аксарияти Россияда ишлаб чиқарилади
Кипр ҳукумати россиялик ва украиналик миллиардерларнинг «олтин» паспортларини олиб қўйди
Ўзбекистонда онкологик касалликка чалинган аёллар бепул даволанади
Вирус UFC ни дунёга танитди
Британияда 3 та ҳарбий база узра УУА парвози қайд этилди
"Пахтакор"нинг ўйини мутахассис нигоҳида: "Менимча, ғалаба учун эмас, бир очкони сақлаб қолиш учун ўйнади"
Асир: Украина аскарлари отишни интернетдаги видеолар ёрдамида ўрганишади
БААда исроиллик раввин ўлдирилиши юзасидан Ўзбекистон томони баёнот берди