
Ўзбекистон ҳукумати дафн этиш жараёнларини тубдан янгилаш ва соҳада шаффоф назорат ўрнатишга қаратилган муҳим қарор қабул қилди. «Дафн этиш ишларини ташкил этиш ва ҳисобини юритиш тизимини такомиллаштириш ҳамда соҳада самарали назорат қилиш механизмларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорга кўра, мамлакатда дафн ишлари босқичма-босқич рақамлаштирилади.
Янги электрон хизматлар жорий этилади
Қарор асосида вафот этган шахсни дафн этишга рухсат бериш, рўйхатга олиш ва ушбу жараёнларни мониторинг қилиш электрон ахборот тизими орқали амалга оширилади. Бу ўзгаришлар орқали ҳужжатлаштириш жараёнлари тезлашади, инсон омили камаяди ва маълумотлар ягона базага жамланади.
2026 йил 1 июнга қадар «ФҲДЁ ягона электрон архиви» тизимида махсус модуль — «Дафн этиш ишларини рўйхатга олиш ягона электрон дафтари» ва унинг мобил иловаси ишлаб чиқилади. Ушбу модуль орқали қабристонлар, рухсатномалар ва дафн билан боғлиқ барча маълумотлар электрон тарзда юритилади.
QR-кодли маълумотнома автоматик юборилади
2026 йил 1 мартдан бошлаб, вафот этган шахснинг ўлими қайд этилган заҳоти унинг яқин қариндошларига — эри (хотини), ота-онаси ёки фарзандларига My.gov.uz шахсий кабинетлари орқали автоматик равишда QR-кодли маълумотнома юборилади.
Бу ҳужжат расмий гербли гувоҳномага тенглаштирилади ва қўшимча қағозбозликни бутунлай камайтиради.
Тошкентда экспериментал тартиб жорий этилади
2026 йил 1 июлдан 31 декабргача пойтахт Тошкентда пилот лойиҳа сифатида дафн ишларини электрон тарзда юритишнинг янги тартиби йўлга қўйилади. Унга кўра:
— қабристон мудири дафнга рухсатни фақат махсус электрон модул ёки мобил илова орқали беради;
— дафн ишларини қоғоз шаклида рўйхатга олиш амалиёти тўлиқ бекор қилинади.
Ўзгаришлардан кутилган самара
Ҳукумат қарори соҳада тартиб-интизомни кучайтириш, коррупция хавфини камайтириш ва дафн хизматларини шаффофлаштиришга қаратилган. Электрон тизимнинг жорий этилиши аҳоли учун қулайлик яратади, зарур маълумотларни тез олиш ва давлат хизматларини автоматлаштириш имконини оширади.
Янги тартиб амалиётга тўлиқ жорий этилгандан кейин, мамлакат бўйлаб дафн хизмати соҳасида ягона стандарт ва замонавий назорат тизими шаклланиши кутилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.