Винисиус "Реал Мадрид" билан янги шартнома имзолайди

Бразилиялик ҳужумчи Винисиус Жуниор узоқ давом этган музокаралардан сўнг "Реал Мадрид" клуби билан янги узоқ муддатли шартнома борасида келишувга эришди. Скй нашри хабарига кўра, томонлар ўртасида келишувнинг сўнгги тафсилотларини тасдиқлаш қолган. Футболчининг амалдаги шартномаси 2027 йилда якунига етиши керак эди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Аввалроқ ҳужумчининг маоши борасидаги талаблари юқорилиги сабабли музокаралар тўхтаб қолган эди. Бу ҳолат Саудия Арабистони клублари томонидан Винисиусга астрономик маош таклиф қилиниши ва турли миш-мишлар кўпайишига сабаб бўлди. Бироқ 25 ёшли футболчи Мадридда қолишни афзал кўрди ва шахсий имтиёзлардан воз кечишга рози бўлди.

Янги келишувга кўра, Килиан Мбаппе жамоанинг энг кўп маош олувчи футболчиси бўлиб қолади. Винисиус ўз маоши оширилишига қарамай, франтсиялик жамоадошидан камроқ даромад олади. Бу бразилиялик юлдузнинг клубда қолиш истаги қанчалик кучли эканлигини кўрсатмоқда.
Шунингдек, жамоани кейинги мавсумда ким бошқариши ҳозирча номаълум. Европа Чемпионлар лигасидан чиқиб кетган ва Испания чемпионатида "Барселона"дан 9 очко ортда қолаётган "Реал Мадрид" мураббийи Алваро Арбелоа мавсум охирида лавозимини тарк этиши кутилмоқда. Номзодлар орасида Диде Дешам ва Себастян Хеннесс исмлари тилга олинмоқда.
Винисиус 2018 йилда "Фламенго"дан келиб қўшилганидан бери "Реал Мадрид" сафида 370 та ўйинда майдонга тушиб, 124 та гол урди. У клуб билан икки марта Чемпионлар лигаси ва уч марта Ла Лига ғолиблигини қўлга киритган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!