Арне Слот Исакнинг тўлиқ тикланиши учун вақт кераклигини маълум қилди

"Ливерпуль" бош мураббийи Арне Слот жамоанинг рекорд даражадаги хариди Александер Исакнинг жисмоний ҳолати ва спорт формаси ҳақида тўхталиб ўтди. Ўтган йили август ойида "Нюкасл"дан 125 миллион фунт стерлинг эвазига трансфер қилинган 26 ёшли швециялик ҳужумчи жароҳатлар сабабли Мерсисайдаги дебют мавсумини кўнгилдагидек ўтказа олмади. Хусусан, оёғи сингани туфайли тўрт ой майдонга туша олмаган футболчи жорий мавсумда бор-йўғи учта гол уришга муваффақ бўлди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Слотнинг таъкидлашича, Исак ҳозирча ўзининг энг юқори имкониятлари даражасида эмас, балки жисмоний тикланиш жараёнида ҳаракат қилмоқда. Мураббий ҳужумчи ўзининг ҳақиқий даражасига чиқиши учун олти ҳафталик тўлиқ мавсумолди тайёргарлик машғулотлари зарурлигини қайд этди. Шунингдек, у футболчининг халқаро турнирлардаги иштироки унга ўйин ритмини топиб олишда ёрдам бериши мумкинлигини билдирди.

Шу билан бирга, мураббий жамоанинг асосий юлдузи Муҳаммад Салаҳнинг самарадорлиги пасайгани борасида ҳам фикр билдирди. Салаҳ жорий мавсумда Премьер-лигада атиги етти бор рақиблар дарвозасини ишғол қилди. Слотнинг сўзларига кўра, ҳужумчиларнинг гол уриш кўрсаткичи ўтган йилгига нисбатан камайган бўлса-да, бу вақтинчалик ҳолат ва тез орада вазият ижобий томонга ўзгаради.
Шанба куни "Ливерпуль" ўз майдонида "Кристал Пэлас"ни қабул қилади. Жамоада жиддий кадрлар муаммоси мавжуд бўлиб, 11 нафаргача футболчи учрашувни ўтказиб юбориши мумкин. Дарвозабонлар Алиссон Беккер ва Гиорги Мамардашвили жароҳат олгани сабабли, учинчи рақамли посбон Фредди Вудмен асосий таркибда майдонга тушиши кутилмоқда. Исак ҳам ўйин қайдномасидан жой олади, бироқ у ҳали тўлиқ 90 дақиқа ўйнашга тайёр эмас.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!