Марат Бикмаевнинг фаолияти марказий форвард сифатида бошланди, аммо кейинчалик амплуаси кўп бора ўзгарди. Асосан ҳужум ортида ва ярим ҳимояда тўп сурди. Шу жумладан, «Локомотив»да ҳам. Балки айни сабабга кўра, унинг тўпурарлик қобилияти жорий мавсумга қадар соя ортида қолиб кетгандир?! Бикмаев 2002 йили «Пахтакор» сафида катта футболга қадам қўйган. Ўзбекистон миллий терма жамоасидаги дебютини эса 2004 йили нишонлади. Бироқ фақат жорий мавсумга келибгина унинг асл тўпурарлик қобилиятини кўрдик.
«Локомотив»да мавсум бошланиши олдидан катта ўзгаришлар кузатилди. Темурхўжа Абдухолиқов жамоадан кетди ва унинг ўрнига таклиф этилган Кризо рақобатга дош беролмади. Шу боис Марат Бикмаев доимий ҳужумчи сифатида тўп сура бошлади ва бу қарорнинг қай даражада тўғри эканлигини бугун кўриб турибмиз. Гапимиз қуруқ бўлиб қолмаслиги учун уни статистика билан тўлдирсак - Бикмаев жорий мавсум олий лигада 7та ўйинда майдонга тушиб, 7та гол урди. Осиё Чемпионлар Лигасидаги рақамлар ҳам шунга ўхшаш - 5та ўйин ва 5та гол. Демак, Марат умумий ҳисобда 12та ўйинда 12та тўп киритган. Бундай натижага анча-мунча ҳужумчи ҳавас қилиши турган гап. У шу каби кўрсаткични 2011 йили «Алания»да намойиш этганди. Ўшанда ҳам ҳужумда тўп сурган.
Ўзбекистон терма жамоасининг ҳужум чизиғида муаммо борлиги ҳақида кўп гапирилади. Дарҳақиқат, Шквирин, Абдураимов, Мақсудов ва Ирисметовлар даври аллақачон ўтган. Бу авлоднинг сўнгги вакили Максим Шацких эди ва унинг кетганига ҳам анча бўлди. Шундан буён уларнинг ўрнини боса оладиган ҳужумчи топилмади. Сергеевга умид боғлагандик, аммо у ҳам ҳозир ўртамиёна футболчига айланиб қолган. Хўш, бунга сабаб нима?
Ўзбек футболида сўнгги вақтларда ғалати анъана пайдо бўлган - нима учундир ҳужумчилардан ярим ҳимоячи ясашга уринадилар. Форвард муаммоси ечимини топмаётган бир паллада Элдор Шомуродовнинг ярим ҳимоячига айланиб қолганига аллақачон кўникдик. Ваҳоланки, у ҳам фаолиятини ҳужумда бошлаган ва ҳозир бу ишни кўнгилдагидек уддалай олишини Чемпионлар Лигаси доирасидаги «Ал-Аҳли»га қарши кечган ўйинда кўрдик. Шомуродов гол урди ва жамоасининг 2:0 ҳисобидаги ғалабасига катта ҳисса қўшди. Дарвоқе, бу ютуқ «Бунёдкор» учун жорий мавсум ОЧЛда биринчиси бўлди. Бунга қадар ўтказилган 4та ўйинда «қалдирғочлар» мағлубиятга учраган, ўша баҳсларда Шомуродов ярим ҳимоячи сифатида тўп сурганди. Ким билади дейсиз, балки «Бунёдкор»га гол урадиган футболчи етишмагандир?
Энди бир саволни ўртага ташласак - нима учун шундай ўйинчилар бўлгани ҳолда ҳужумчи муаммоси ҳақида қайта-қайта таъкидлаймиз? Бунинг ўрнига, шунчаки, рақиб дарвозаси олдида ўйнашга уқуви борларни ўша чизиққа қўйган яхши эмасми? Масалан, Игорь Сергеев ўз вақтида чап қанот ярим ҳимоясида ҳам ўйнаган. Наҳотки, «Пахтакор»да ҳужумчилар ошиб-тошиб ётгани ҳолда қанотда тўп сурадиган футболчи топилмаса? Бунинг сабаби нимада?
Футболни ривожлантириш ҳақида кўп гапирамиз-у, бир нарсани тан олишни истамаймиз - ҳеч бир соҳани унинг тилини яхши биладиганларсиз юксалтириб бўлмайди. Олий лигада 16та клуб бор. Энди бир ўйлаб кўринг, мана шу жамоаларнинг қай бирини Осиё Чемпионлар Лигасида ғалаба қозониш тажрибасига эга бўлган мураббий бошқармоқда? Миллий терма ҳақида-ку, мутлақо гапирмаган маъқул. Мамлакатимиз бош жамоасида футболчиларни турли амплуаларда ўйнатиш бўйича амалга оширилган тажриба бирор 10 йилга етадиган чиқар?! Биз аллақачон марказий ҳимоячининг ўнг ёки чапда, ҳужумчининг эса ярим ҳимояда ўйнашига кўникиб қолганмиз. Энди бир ўйлаб кўринг, бу тажрибаларсиз ҳам терма жамоа таркибини шакллантириш мумкинмиди? Бу қачонгача давом этади? Яшанг, мураббий алмашгунча.
Биз ўтган 25 йил ичида асосан ички ресурслар эвазига футболимизни шакллантиришга уриниб келдик. Хориждан таклиф этилган ўртамиёна мураббийлар эса мана шу қобиқни ёриб чиқар даражада салоҳиятга эга эмасдилар. Озгина ёруғлик эса 2008 йилларга тўғри келди. Ўшанда бразилиялик мураббий ва футболчилар эвазига бироз ўсиш кузатилди. Шахсан ўзим 2011 йилги Осиё кубогидаги кичик муваффақиятни ўша кўтарилиш эвазига, деб биламан. Албатта, Вадим Абрамовнинг меҳнати ҳам бор, бироқ ижрочилар бўлмаганда мураббий барибир, ҳеч нарса қила олмас эди.
Ўзбек футболида ҳозир ҳам иқтидорли футболчилар, шу жумладан, ҳужумчилар бисёр. Бироқ уларнинг иқтидорини очиб бера оладиган мураббийлар топилмас экан, яна ўша Шквирин ва Абдураимовларни қўмсаб юраверамиз. Ҳеч бўлмаса, мамлакатнинг етакчи клубларини (терма жамоага номзод футболчилар асосан шу ерда) бошқариш кучли мутахассисларга топширилмаса, иқтидорлар кашф этилиши орзу бўлиб қолаверади.
Манба: interfutbol.uz “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
Ўзбекистонда онкологик касалликка чалинган аёллар бепул даволанади
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади