
11-ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Янги Тошкент шаҳрида замонавий 55 минг ўринли футбол стадионининг тамал тошини қўйди. Ушбу лойиҳа Ўзбекистон футболи тарихидаги энг йирик спорт иншоотларидан бири бўлиши кутилмоқда. Стадион мамлакат футболини ривожлантириш ва халқаро мусобақаларни ўтказишга хизмат қилади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда футбол соҳасида катта ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Футбол академиялари очилди, 75 та йирик ва 300 дан ортиқ мини стадионлар фойдаланишга топширилди. Ҳозирги кунда футбол мактабларида 65 мингдан ортиқ ёшлар шуғулланмоқда, мураббийлар ва спорт тиббиёти мутахассислари жалб қилинган. Маҳаллаларда эса 9 мингдан ортиқ майдонча ташкил этилиб, футбол оммавий спорт турига айланди.
Президент Мирзиёев маросимда сўзлаганидек, бу ислоҳотлар самарасини бермоқда. Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Париж Олимпиадасида қатнашди, миллий терма жамоа жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди. У-17 жаҳон чемпионатида эса ёш футболчиларимиз Осиё чемпиони бўлди. Шунингдек, 20 нафар футболчининг трансфер қиймати 60 миллион доллардан ошди, Абдуқодир Ҳусанов эса Осиёнинг энг қиммат футболчисига айланди.
Янги стадион ФИФА талабларига жавоб беради ва “яшил энергия”, “ақлли бошқарув” ҳамда “қулай муҳит” тамойилларига асосланади. Ушбу мажмуа нафақат 2027-йилги У-20 жаҳон чемпионати учун, балки ўзбек футболининг келгуси ривожи учун хизмат қилади. Стадион ёшлар учун илҳом, халқ учун фахр тимсоли, мухлислар учун эса катта совға бўлади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!