
Тошкент шаҳрида чиқинди хизматлари учун қарзи мавжуд бўлган 6 минг абонентнинг электр энергиясига тўлов қилиш имконияти вақтинча чекланган. Бу қарор шаҳардаги чиқинди хизматларидан юзага келган дебитор қарздорликни бартараф этиш мақсадида жорий этилди.
Жорий йилнинг 5-ноябрь куни 25 мингдан ортиқ абонент “2100” қисқа рақамидан СМС орқали огоҳлантирилган. Шундан кейин 5 кун ичида қарздорликни бартараф этмаган 6 минг абонент электр тўлови имкониятидан вақтинча маҳрум қилинди. Ҳозирги вақтда Тошкент кесимида чиқинди хизматларидан жами 582 млн сўмдан ортиқ қарздорлик мавжуд.
Қарздорлик тўлиқ тўланганидан сўнг, чекловлар автоматик равишда олиб ташланади. Шу тариқа, абонентлар тўлов имкониятини қайта тиклашлари мумкин.
Мазкур тартиб жорий йилнинг декабрь ойидан бошлаб республиканинг қолган ҳудудларида ҳам татбиқ этилади. Бу чора аҳолига хизматлар учун қарздорликни ўз вақтида тўлашни рағбатлантиришга қаратилган.