17:02 / 24.07.2017
5 611

Диёр Имомхўжаевдан: Футболда қолишни истайсизми?

Диёр Имомхўжаевдан: Футболда қолишни истайсизми?
Коллеж ва лицейни тамомлаётган, бироқ футболдан кўнгил узиб кетолмаётган йигитларга осон эмас. Вазият шундайки, катта футбол уни қучоқ очиб кутиб олаётгани йўқ. Бироқ ўзига бўлган ишочи ҳам буткул сўниб улгурмаган.

Бундай пайтда бошқа университетга ҳужжат топшириш — бутсани михга илишдек гап. Олий таълимни футболдан четлашмасдан давом эттиришнинг якка-ю ягона йўли — Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтига ҳужжат топшириш. Фақатгина шунда бўш вақтларни футболга баҳшида қилиш учун имкон бўлади. Аниқроғи, ўқишнинг ўзи футбол учун бўш вақт яратиб беради.

Бунда яна бир муаммо бор. Олийгоҳнинг футбол факультетига қабул қилинувчилар сони чекланган. Одатда ўринлар профессионал футболчиларнинг ўзидан ортмайди. Институтнинг ҳар тўрт курсда таҳсил олаётган номларга бир қарасангиз, мен ишонаманки, уларнинг 80 фоизини танийсиз: Олий лиганинг у ёки бу жамоасида ном қозонган футболчилар.

Хўш, оддий футболчилар нима қилсин? Улар табиийки рўйхатдан тушиб қолади. Ўсмир ёки ёшлар терма жамоасига торта олмагани учун, институтнинг яқинига ҳам йўлолмайди. Бироқ бу энди футболчи бўла олмайди, дегани ҳам эмас. Йигит ўзини ўнглаб олиши ва футбол аслида нима эканини тўлақонли тушуниб олиши учун фурсат бўлиши керак. Айтайлик, Рўзиқул Бердиев катта футболга 23 ёшида қадам қўйган. Иқтидори қандайдир сабаблар туфайли йўққа чиққан йигитлар, бир-икки йиллик танаффус билан ўзини кўрсата олиши катта эҳтимол. Бироқ Ўзбекистон шароитида бунинг учун ҳеч қандай механизм йўқ. Бунгача оила сиздан қайсидир касбнинг бошини ушлаб, оила боқишни тинимсиз талаб қилади.

Яна битта томони бор, институтдаги 4 йиллик таълим бўлажак футболчининг ҳаётида деярли роль ўйнаймайди. Яъни, бирор бир нарса бунда кафолатланмайди.Талаба кейинчалик мураббийлик соҳасидан кетишни истаса, олган дипломи балки ас қотиши мумкиндир. Бироқ 4 йил ўқиб, 40 соат ҳам дарсга келмайдиган футболчилар шу қадар кўпки, улар институтда нима учун ўқиётганини ўзи ҳам онгли равишда тушуниб улгурмаган. Келиб ўқиб юрганларнинг кўпи баъзида вақти зое кетказатёгандек ҳис қилади ўзини. Чунки унинг ҳаётида футбол клуб йўқ, нари борса мактабда жисмоний тарбия ўқитувчиси бўлиш учун чопиб юрибди. Ҳеч бўлмаганда қайсидир тилни мукаммалроқ билишни истаганида, жисмоний тарбия институти умуман вариант эмас. Бу профессионал спортни давом эттириш ва параллел ҳолатда олий маълумотли бўлиш учун ўйлаб топилган проект.

Яқинда Жанубий Кореянинг Honam институтида таҳсил олиб қайтган йигит билан танишиб қолдим. Жанубий Кореянинг жуда кўп соҳаларига ҳавас билан қарайман, хусусан, мамлакат футболидаги аҳвол қани энди Ўзбекистонга ҳам кўчса деб ўйлаган вақтларим кўп бўлган. Кореядаги футбол факультети ҳақида эшитиб, ўша хаёлларим бежиз эмаслигига ишондим. Бунда нафақат футболда давом этаётганлар, балки ундан четлашиш арафасида турган йигитларга ҳам тайёр имконият бор эканини тушундим.

Сиз футболчи бўлишингизга ишонсангиз, коллежни битириб Кореядаги футбол факультетига ҳужжат топширишингиз мумкин. Сиздан профессионал футболчи бўлиш талаб қилинмайди. Контракт пулини тўлаб, таҳсилни бошлайсиз. 4 йил давомида ўйин салоҳиятингизга қараб икки лигадан бирида тўп суриш имкониятини яратиб беришади. Яъни, нафақат билим оласиз, балки яна 4 йил футболда давом этасиз. Университет жамоалари ўйнайдиган майдонлар майсаси ўзимизнинг Олий лиганикидан яхшироқ бўлса яхшики, ёмон эмас. Одатда корейс клублари мана шу университет лигаларидан ўзлари учун футболчилар чақириб олади.

Сиз нафақат футболчи бўлиш истагида, балки мураббий, ҳакам, футбол таҳлилчиси, футбол шифокори бўлиш истагида ҳам ҳужжут топширишингиз мумкин. Юқорида айтилган икки лига мана шу соҳа талабалари учун ҳам катта майдон вазифасини ўтаб беради. Иқтидорли футболчилар ажратиб олинган бўлиб, уларга бепул таълим олиш имкониятини ҳам тақдим этилади.

Мана буни механизм деса бўлади. Юқорида айтилган соҳаларга илинмаган тақдирингизда ҳам, сиз инглиз ва корейс тилларида бемалол гаплаша оладиган мутахассис бўлиб чиқасиз. Корея билан фаолиятингизни давом эттириш имконини ўзингиз учун яратишингиз ҳам мумкин. Яъни, сарсон бўлиб, профессионал футболчилар соясида қолиш, кейинроқ 4 йил умримни нимага сарф этдим деган оғриқли саволни ўзингизга бериш азобидан қутуласиз.

Мана энди тасаввур қилинг, 15-16 ёшда футболдан умид узиш қайда-ю, 21 ёшда бошқача қарашлар билан Ўзбекистон футболига мослашиб кўришга уриниш қайда. Яхшироқ ҳаракат қилинса, Корея қуйи лигалари ҳам яхши вариант. Термада ном қозонган Баҳодир Насимов каби футболчилар ҳам бекорга “Бунёдкор”ни Корея қуйи лигаларига алмаштириб кетаётгани йўқ-ку.

Жисмоний тарбия институтига кириш, контракт тўлаш, Тошкентда яшаш учун кетадиган ҳаражатлар билан Корея учун тикиладиган пул ўртасида тушунишимча катта фарқ йўқ. Шунчаки, ҳаракат, интилиш керак бўлади. Ҳа, айтганча, футбол ўйнаш учун ҳеч бўлмаганда корейс тилини 2-босқичгача ўрганиш керак. Суҳбатдошимнинг айтишича, бунга ярим йилдан камроқ вақт етарди. Ҳам билим, ҳам футбол. Ёмон эмас-а? Рости, 15 ёшимга қайтиб қолишни истадим…

Диёр ИМОМХЎЖАЕВ, «Эрудит Спорт» газетаси.


Манба: www.erudit-sport.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Диёр Имомхўжаевдан: Футболда қолишни истайсизми?