
U-17 жаҳон чемпионати гуруҳ босқичи 1-турида Парагвай ёшлар терма жамоаси Ўзбекистон билан кечган ўйинда 1:2 ҳисобида мағлубиятга учради. Учрашувдан сўнг жамоа бош мураббийи, аргентиналик мутахассис Мариано Углессич матбуотга ўз фикрларини билдирди.
“Ростини айтсам, бу ўйиндан хурсандман деб айта олмайман. Бу бизнинг жаҳон чемпионатидаги илк баҳсимиз эди ва биз кутган натижани қўлга кирита олмадик. Ўйинда кўплаб жиҳатларни таҳлил қилишимиз керак — айниқса, биринчи бўлимда жамоа ўз ритмини топа олмади”, — деди Углессич.
Мураббийнинг таъкидлашича, жамоа ўйиннинг бошиданоқ рақиб босимига дуч келган:
“Биринчи бўлимда ҳужумдаги ҳаракатларимиз ноаниқ бўлди, пасларимиз аниқликдан йироқ, тактик жиҳатдан ҳам тўлиқ бирлашишни уддалай олмадик. Иккинчи бўлимда эса бироз фаоллашдик, босимни оширдик ва ҳисобни тенглаштириш имкониятларига ҳам эга бўлдик, аммо бу етарли бўлмади”.
Углессич Ўзбекистон терма жамоасини алоҳида таърифлаб ўтди:
“Биз кучли рақибга қарши ўйнадик. Ўзбекистон ёшлар жамоаси тузилиши, интизоми ва ўйин услуби билан ажралиб туради. Улар режалаштирган вазифани аъло даражада бажарди, бу эса уларнинг яқинда Осиё кубогида чемпион бўлганини изоҳлаб беради. Улар тактик жиҳатдан жуда пухта тайёргарлик кўрган жамоа экани шубҳасиз”.
Аргентиналик мутахассис шогирдларига ишонч билдириб, кейинги баҳсларда ўйин сифати яхшиланишига умид билдирди:
“Бизда ҳали олдинда яна икки ўйин бор. Ҳозирги мағлубият биз учун муҳим сабоқ бўлди. Рақибларимиз кучли, аммо биз ҳам жаҳон чемпионатида ўз сўзимизни айта оламиз. Ҳозир муҳим нарса — хатоларни таҳлил қилиш ва уларни тўғрилаш”.
Эслатиб ўтамиз, ушбу ғалаба орқали Ўзбекистон терма жамоаси 3 очко тўплаб гуруҳда иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Ислом Исмоилов бошқарувидаги ёшлар кейинги баҳсни Ирландияга қарши ўтказади. Парагвай эса навбатдаги беллашувда Панама билан тўқнаш келади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!