14:38 / 28.07.2017
4 981

Терма жамоамиз атрофидаги антиқа «мултьфильм»

Терма жамоамиз атрофидаги антиқа «мултьфильм»
Мамлакатимиз бош жамоаси Эрон клубидан мағлубиятга учради. Оддий йиғин доирасида ўтказилган назорат учрашувида қайд этилган ушбу натижага кўпчилик эътиборсиз қаради. Чунки муносабатлардан наф чиқмаслигини англаган аксарият мухлислар қалбида ҳафсаласизлик уруғи ниш урди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий янгиланишлар эса айнан ҳафсаласизликка қарши кураш байроғи сифатида ҳилпирамоқда. Жамият ҳаётининг ҳар бир жабҳасида, албатта, юксак ижобий ўзгаришлар юз бериши давр руҳида яққол аён бўлиб турибди. Демак, эртами-кеч футболимизда ҳам жиддий ислоҳотлар амалга оширилиши аниқ. Шундай экан, терма жамоаларимиз ва миллий чемпионатимиздаги ҳар қайси ҳолатга муносабат билдиришда давом этамиз.

Очиғи, «Зоб-Оҳан» билан ташкилланган назорат учрашувида алоҳида яширин мақсад бордек туюлди. Акс ҳолда, мураббийлар штаби бундай назорат учрашувига эҳтиёж сезмасди. Ёдингиздами, мураббийлар мухлислар томонидан кескин танқид остига олинган вақт таркибни янгилаш масаласи ҳам кун тартибидаги долзарб мавзу сифатида ўртага ташланганди. Танқидлар суяк-суягидан ўтиб кетган штаб ўзининг ҳақлигини исботлашга шу йўсинда уринмоқда, чоғи. Гўёки ҳозир таркибни янгилаш бемаврид ва мухлисларнинг талаблари ноўрин. Бир қарашда, мазкур фикрни тасдиқлаш учун Туркияга асосан терма жамоа даражасида тўп суролмайдиган футболчилар олиб кетилди. Владимир Козак, Суҳроб Бердиев, Саламат Қутибоев, Давронбек Умиров, Мурод Тошматов, Сардор Мирзаев, Эркин Бойдуллаев каби футболчиларнинг ўз клублари таркибида жон куйдириб ўйнашлари барчага маълум. Бу борада улар ўз клублари мухлислари учун севимли бўлиб қолаверадилар ва ҳар қанча ҳурматга муносибдирлар.

Бироқ терма жамоа - юксак минбар ва унга кўтарилишнинг ўзига яраша талаблари мавжуд. Йиғин ташкиллаш жараёнида мураббийлар томонидан шу талаблар эътиборга олинмагандек. Ўтган ёз мавсумидаги йиғинда ҳам шу каби ҳолат кузатилганди. Ке­йинчалик жароҳатлар терма жамоамиз ўйинига салбий таъсир ўтказганида, Самвел Бабаян мағлубиятлар сабабини захирадаги бўшлиқ билан изоҳлаганди. Хўш, шу бўшлиққа ким айбдор? Нега шу вақтга қадар захира таркиби мақсадга мувофиқ шакллантирилмаганди? Натижада хорижда ташкилланган ўқув-йиғин машғулотлари сўнгги саралаш босқичининг энг муҳим учрашувларида терма жамоамизга бирор наф келтирмади.

Бошқача айтганда, саъй-ҳаракатлар ва сарф-харажатлар ҳавога учди. Энди шу ҳолат яна такрорланмасмикан? Фарқи шундаки, мураббийлар штаби бу сафар ўзини ҳақ, мухлислар талаби ноҳақ эканлигини исботламоқчи. Ахир терма жамоамизнинг кучсиз таркибини қайсидир профессионал клуб билан куч синаштириш замирида қандай мақсадлар яширин? Наҳотки, мураббийлар штаби мухлисларга янгиланган таркибга ишониш ярамаслигини уқтиришни ўйлаган бўлса? Ҳолбуки, гап таркиб ёки унинг савиясида ҳам эмас, балки мураббийлар штабининг ўзида. Таъкидлаш жоиз, шу таркиб билан ҳам «Зоб-Оҳан»ни мағлубиятга учратиш мумкин эди. Салбий натижанинг асосий сабаби - мураббийлар штаби Эрон клубини таслим қилиш йўлини тополмаганида. Ўзи маъқул ҳисоблаган захира таркиби билан рақибни енголмаган штаб танқидга лойиқ. Қаранг, Йоахим Лёв захирачилар билан Конфедерациялар кубогини қўлга киритди. Демак, у мураббийликда омилкор, ғалаба қозонишни уддалайди...

Ўзи мураббийнинг вазифаси таркибдан нолиш ёки мағлубият сабабини тушунтириш эмас, аксинча, ишлаш ва изланишдан иборатдир. Шу маънода айтсак, Туркия йиғинида Икром Алибоев, Азим Аҳмедов, Шерзод Каримов, Достон Ҳамдамов ва Санжар Рашидов каби футболчиларга имкон берилганида, терма жамоамиз асосий таркибига кириш учун рақобат янада кучаярди. Имконлар кўпроқ таққосларда кўзга ташланади. Буни мураббий наинки маҳорат, балки қалб кўзи билан кўриши даркор. Қалб кўзи очиқ футболчидаги очилмаган имконларни ҳис қилиш сезгиси устун бўлмаган мураббийнинг катта муваффақиятларга эришиши қийин. Афсусланарлиси, терма жамоамиз мураббийлар штаби айни шу жиҳатларда оқсамоқда. Оддий клуб билан назорат учрашувидаги мағлубият терма жамоа либосини кийиш иштиёқида ёниб турган футболчи руҳиятига қандай салбий таъсир кўрсатиши бировни қизиқтирмаяпти.

Атрофга бир қаранг: тоғ тоғ билан беллашмоқда. «Бавария»ни мағлуб этган «Милан» ўзича мамнун. «Барселона» эса «Ювентус»ни енгиб, бироз юпанди. «Челси» бўлса, «Арсенал»ни чирқиратиб, чемпионлигини билдириб қўйди. Ҳаммаси бир-бирига муносиб рақиблар. Бу рақобатда хижолатчилик руҳи йўқ. Адир ва тоғни бир-бирига рўбарў қилиш - мантиқсизлик. «Сеними, шошмай тур» мультфильмини эслатади бу ҳол. Инсон тасаввуридагина қуён бўрини қийнайди, устидан кулади. Ҳаётда бундай бўлмайди. Балки шунинг учундир Самвел Вячеславович шогирдлари «Ал-Тавон»ни бир амаллаб мағлубиятга учратишгандир. Шундай бўлмаса, ҳам футбол, ҳам ҳаёт мантиғига путур етарди анчагина.

На иложки, биз ҳозирча шундай футбол «мультфильм»ларини кузатишга мажбурмиз. Ахир бош жамоамиз аввалги мавсум йиғинида арман клубига имкониятни бой берганди. Шундай бахт бу йил форс клубига насиб этди. Миллий футболимизни ўкситадиган бундай анимацион томошаларга барҳам бериш керак охир-оқибат. Терма жамоа футболчиси муносиб рақиб билан куч синашгандагина ўзгача кайфият, бошқача руҳда тўп суради. Ишонмасангиз, буни футболчилардан сўранг. «Фаолиятимда илк бор профессионал мураббийга дуч келдим!» дея ҳаяжонланган Даврон Ҳошимовни тушунса бўлади. Шота Арвеладзе - унинг учун ҳозир шундай мураббий. Футболчидаги бундай мулоҳаза келгусида мустаҳкамланиши, Шота Арвеладзе эса билдирилаётган ишончни тўлиқ оқлашидан умидвормиз. Эҳтимол, шунда ҳақиқий мураббий ҳақидаги қарашларимиз ўзгарар. Ҳозирча эса мағлубият фактини тан олишдан ўзга чорамиз йўқ.

Александр Петров сценарийси асосида ўйналган футзалча «мультфильм» ҳам дард устига чипқон, назаримизда. «Банк Байрут»ни аутсайдер ўрнида кўриб, «Олмалиқ» ғалабасига ишонган футзал мухлислари доғда қолишди. Биз Равшан Ҳайдаров шогирдларининг БАА термаси устидан ғалабасига аввалги мулоҳазаларимизда ишора қилгандик. Ишончга яраша асослар ҳам айтилганди. Лекин «Олмалиқ»қа нисбатан бундай дадил хулоса айтиш ноқулай. Ишқилиб, Таиланд клуби шармандали ҳисобда енгмасин-да вакилларимизни. Йўқ, енгмасин асло! Биз шуни истаймиз! Аммо футбол ҳақиқатлари бизнинг мулоҳазаларимизга бўйсинмайди...

Муҳаммад Вали


Манба: www.interfutbol.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Терма жамоамиз атрофидаги антиқа «мултьфильм»