Шанба куни орзиқиб кутилаётган Ўзбекистон Суперлигасига қуръа ташланди, ниҳоят. ЎФАнинг янги раҳбарияти ҳар бир тадбирни аввалгиларига ўхшамас тарзда ташкиллашга ҳаракат қиляпти.
Мисол учун, Суперлигага қуръа ташлаш маросими учун беш юлдузли муҳташам International Hotel Tashkent (собиқ «Интерконтинентал») меҳмонхонаси танланди. Аслида мухлислар учун бу каби маросимларнинг қандай ўтказилиши эмас, ислоҳотлар, амалга татбиқ этилаётган янгиликларнинг қандай самара бериши муҳимроқ ҳисобланади. Жалолиддин Румий ҳазратлари айтганларидек, «Аслинг каби кўрин ёки кўринганинг каби бўл!»
Қуръа ташлаш маросимини футбол шарҳловчиси Даврон Файзиев кириш сўзи билан очар экан, янги мавсумда Суперлигада 12та жамоа қатнашишини яна бир бора эслатди. Шундан сўнг ПФЛ вакили Алексей Фролов қуръа жараёни ҳақида маълумот берди. Унинг айтишича, тақвим изчил кўринишда тузилади ва иккинчи давра баҳслари 1-турда ўзаро ўйнайдиган клубларнинг «уй-сафар» тизими бўйича ўрин алмашиши кетма-кетлиги билан бошланиб, шундай давом эттирилади. Ўйинлар тартиби эса «Бергер» тизими бўйича аниқланади. Битта минтақа клублари (мисол учун, «Локомотив», «Пахтакор» ва «Бунёдкор» ёки «Қўқон-1912» ва «Нефтчи», АГМК ва «Металлург»)нинг уй ўйинлари бир турга тўғри келмаслигига ҳам эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди. Агар битта минтақада клублар сони 2тадан кўп бўлса, у ҳолда ўйинлар 2 кунга қўйилади. Тошкентда айнан шундай ҳолат.
Суперлиганинг янги формати жуда қизиқ туюляпти. 12та клуб икки босқич асосида, дастлаб икки даврадан иборат «уй-сафар» тизимида баҳс олиб боради. Иккинчи босқичда эса жамоалар ўринларидан келиб чиқиб, 2 гуруҳга бўлинади. Яъни 1-6-ўринларни эгаллаган клублар алоҳида ҳолда совринлар учун курашни давом эттиради. 7-12-поғоналарни банд этган жамоалар эса худди биринчи гуруҳдаги каби «уй-сафар» тизими орқали Суперлигада қолиш учун баҳсларга киришади. Асосийси, янги форматда «олтин очко» қоидасига амал қилинади. Яъни иккинчи босқичдан олдин 1-6-ўринларни эгаллаган жамоаларнинг қолган иштирокчилар билан учрашувлардаги натижалари олиб ташланади. Фақат кучли олтиталик жамоалари ўртасидаги ўйинлар натижаси сақлаб қолинади. 7-12-ўринларда қолган жамоалар очколари ҳам худди шу йўсинда ҳисобланади. Янги мавсумдан Про-лига номини олган собиқ биринчи лига ғолиби тўғридан-тўғри Суперлигага йўл олади. 2-3-ўринларни эгаллаган жамоалар эса Суперлигада 10 ва 11-поғоналарни банд этган клублар билан «ўтиш ўйинлари»да майдонга тушади. Суперлиганинг 12-жамоаси Про-лигага тушиб кетади.
Қуръа ташлаш жараёни олдидан ПФЛ бош директори Омон Ғофуров, ФИФА рефериси Равшан Эрматов ва «Бунёдкор» бош мураббийи Миржалол Қосимовлар сўзга чиқиб, янги мавсум бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Омон Ғофуров (ПФЛ бош директори): - Аввало, ЎФА ва ПФЛ номидан барчани янги мавсум старти билан табриклайман. «Пахтакор» ва «Насаф» жамоалари ОЧЛ саралашидан ўрин олган учрашувлар билан жорий мавсумни бошлаб берди. Тез орада миллий чемпионатимиз ҳам старт олади. Кўпчилик қатори мавсумни интизорлик билан кутяпман. Сабаблар кўп: чемпионатимиз формати ўзгартирилди, Суперлигада 12та жамоа қолдирилди. Томошабоп ўйинлар кўпайишидан умидворман. Зеро, мухлислар ташрифи футболимиз учун энг оғриқли йўналиш ҳисобланади. Ўйлайманки, ўзгаришлар самараси ўлароқ, стадионларга мухлислар оқими сезиларли даражада кўпаяди. Ишончим комил, янги мавсум аввалгиларига нисбатан тубдан фарқланади. Яна бир янгилик шуки, чемпионатимиз титул ҳомийга эга бўлади. Ассоциация раҳбарияти футболимиз савиясини кўтариш учун бор имкониятларни ишга солмоқда.
Равшан Эрматов (ФИФА рефериси): - Аввало, таъкидлашим жоиз, муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг Хитойда ўтказилган Осиё чемпионати финалини томоша қилганлари футболимизга нечоғли эътибор берилаётганидан далолат. Шунга яраша барчамиз ўз йўналишимизда футболимиз тараққиётига хизмат қилишимиз шарт. Мухлислар орасида кўп юрамиз, улар футболимиз зерикарли тус олаётганидан нолишади. Албатта, Суперлиганинг янада қизиқарли ўтиши биз - ҳакамларга ҳам боғлиқ. Кичик «фол»га ҳам ҳуштак чалмаслигимиз, ўйин суръатига таъсир ўтказмаслигимиз керак. Ўз ўрнида айтишим керак, футболчилар ҳам салгина шамолдан йиқилиб тушавермасликлари лозим. Бунда футбол жозибаси йўқолади. Айтмоқчиманки, футболчилар ва мураббийлар ҳам жараёнга ўз ҳиссаларини қўшишлари шарт. Акс ҳолда, футбол динамикасини кўтаролмаймиз. Аслида ўзгаришларни аввалги йили амалиётга татбиқ эта бошлагандик. Мен каби айрим тажрибалироқ ҳакамларимиз бунга риоя қилишди. Лекин ёш, тажрибаси бироз кам ҳамкасбларимиз мураббийлар босими остида қолишди, чамамда. Бежиз мураббийларимиз ҳам ҳисса қўшишлари зарурлиги ҳақида сўз очмадим. Ўйинда тўхталиш қанча кам бўлса, футбол шунчалик қизиқарли чиқаверади. Бу мухлисларга ҳам ёқади. Кимдир четдан келиб, футболимиз савиясини кўтариб бермайди. Мана, бу ғоя ЎФА томонидан қўллаб-қувватланди. Менимча, энди мухлисларнинг ўзлари жорий мавсум статистикасини аввалгилари билан солиштириб кўриб, фарқни сезишлари мумкин. Йўқ, яққол қўполликлардан кўз юмиш ярамайди, зеро, асосий мақсадимиз - майдонда футболчиларнинг жароҳатланмасликларини таъминлаш. Аммо елкама-елка соф курашлар учун ҳуштак чалишни тўхтатиш зарур. Бу зерикарли футболга олиб келадиган ҳолат. Биринчи ўринда, шуни йўқотишимиз талаб этилади.
Миржалол Қосимов («Бунёдкор» бош мураббийи): - Равшан Эрматовнинг фикрларига тўлиқ қўшиламан. Дарҳақиқат, футболимиз умумий савиясини кўтаришимиз керак. Биз - мураббийлар ҳакамларни қўллаб-қувватлаган ҳолда, барчасини футболчиларга уқтирамиз. Равшан айтганидек, футболчиларни бўлар-бўлмас ҳолатда йиқилавермай, ҳалол ўйнашга ундаймиз. Бундан футбол кўримлилиги ошади, ўз-ўзидан мухлислар ҳам стадионларга талпинишади. Мухлислар ҳалол футболга ишонишса, ўзлари стадионга оқиб келишади. Уларни даъват этиш ҳам шарт бўлмай қолади...
Шундан сўнг қуръа жараёнига навбат берилди ва жамоалар биринчи босқичда ким билан қайси тур ва қаерда ўйнашларини билиб олди. Дейлик, мухлислар 2-турдаёқ марказий ўйинлардан бирига гувоҳ бўлишади: ўтган йили бронза медали учун курашган «Бунёдкор» ва «Пахтакор» ўзаро тўқнашади. Яъни «пойтахт дербиси». Катта ислоҳотларга қарамай, ОЧЛдан четда қолган «шерлар» энди бор эътиборни ички чемпионатга қаратишлари тайин. «Қалдирғочлар» ҳам янги мавсумда халқаро учрашувлардан холи. Айтиш жоиз, Миржалол Қосимов жамоаси чемпионатнинг дастлабки 2та ўйинини ўз мухлислари қаршисида ўтказади. Хуллас, барчамизни олдинда узоқ давом этадиган футбол мавсуми кутиб турибди. Суперлига баҳсларига баҳор фаслининг илк куни - 1 мартда старт берилади. Шу куни мамлакатимизнинг 6та шаҳри стадионларида чемпионат байроқлари кўтарилади.
Манба: www.interfutbol.uz “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Россия армияси Купянскка киргани айтилмоқда
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Байден ва Жинпинг Перуда учрашди: «Агар бир-биримизни рақиб деб билсак, муносабатларни бузамиз»
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Туркиянинг Harper’s Bazaar нашри йил аёлини аниқлади (фото)
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
КХДР етакчиси дронларни оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни буюрди
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...