06:04 / 19.02.2018
3 534

Икки ўйин – бир фалсафа

Икки ўйин – бир фалсафа
Фалсафани хуш кўрувчилар учун Осиё Чемпионлар Лигасининг гуруҳ босқичидаги илк учрашувларда анчайин бир ҳикмат бор.

«Локомотив» ўз майдонида «Ал-Ваҳда» устидан қозонган йирик ҳисобдаги ғалаба бизга қанчалик сурур бахш этган бўлса, «Насаф» сафарда «Персеполис»­дан учраган мағлубият шунчалик аламли бўлди.

Бу натижалардан чиқариладиган хулоса эса фақат битта - ўзбек футболи «Локомотив»­нинг ғалабасидан сўнг қанчалик чандон-чандон ривожланиб кетмаган бўлса, «Насаф»нинг мағлубиятидан шунчалик инқирозга ботиб қолгани йўқ.

Иккиси ҳам бир ўйинда қўлга киритилган турлича натижа холос. Аслини олсангиз, иккисида ҳам мутлақо бошқача натижа қайд этилиши ҳеч гап эмас эди.

«ЛОКОМОТИВ»

«Темирйўлчилар» мавсумни шу қадар ёрқин бошлашди-ки, бундай бўлишини ҳатто энг оптимист мухлис ҳам айтиб бериши қийин эди. «Ал-Ваҳда» аниқ-ки Чемпионлар Лигасидаги энг осон рақиб эмас.

Аммо «Локомотив» уни шу қадар чиройли услубда тор-мор келтирди-ки, ўша куни ТТЗ мавзеига йиғилган барча мухлис хуш кайфиятда уйга қайтгани аниқ. Аммо бу ғалабадан сўнг «Локомотив» ОЧЛнинг фаворитлари сафига қўшилдими? Шубҳа қиламиз. Бунга сабаб нимада эканини ҳам айтиб ўтишимиз мумкин.

Биринчидан, шу куни «темирйўлчилар»нинг ҳамма голлари ҳам муҳим ўйланган ва пухта ташкил этилган комбанициядан сўнг киритилгани йўқ.

Масалан, Икром Алибоевнинг голи ҳақида соатлаб гаплашиш мумкин ва ҳатто афсонавий Дэвид Бекхэм урган голларга ўхшатишга ҳам ҳеч ким монеълик билдирмайди. Аммо бу голда омаднинг ҳам ўрни катта бўлганини инкор эта олмаймиз.

Аслини олсангиз, айнан мана шу омадли гол учрашувнинг бурилиш палласи бўлди. Агар Икром бироз мўлжалда адашганда ва «Ал-Ваҳда»нинг хавфли зарбаларидан бирини Игнатий Нестеров қайтаришнинг уддасидан чиқмаганда ҳисоб ҳам, ўйин ҳам мутлақо бошқача кўриниш касб этиши ҳеч гап эмас эди.

Албатта, биз бу билан «Локомотив»­нинг ишончли ғалабасини шубҳа остига қўйишни истамаймиз. «Темирйўл­чилар» ҳақли ғалабага эришдилар ва балки Икром Алибоев ўша мўъжизавий голини урмаганда ҳам уч очкони ўз ҳисобига ёзиб қўйган бўларди.

Шунчаки, ҳисоб бу қадар йирик кўриниш олмаган бўларди, тамом, вассалом. Бунга ҳеч қандай эътироз йўқ. Аммо шу билан бирга ҳозирданоқ «Локомотив»ни мусобақа фаворитлари сафига қўшиб қўймасликларини ҳам истаган бўлардикки, ҳали гуруҳнинг бешта учрашуви олдинда кутиб турибди.

Аксинча, «темирйўлчилар» мураббийлар штаби «Ал-Ваҳда»га қарши кечган ўйиндан хулоса чиқариб, ҳимоядаги муаммоларни ҳал қилиш йўлларини қидирса, нур устига аъло нур бўлар эди. Зеро, Игнатий Нестеров ҳар доим ҳам жамоасини муқаррар голлардан қутқара олмай қолиши мумкин...

НАСАФ

Қаршининг «Насаф» клуби Осиё Чемпионлар Лигасини «Персеполис»дан учралган йирик ҳисобдаги мағлубият билан бошлагандан сўнг жамоа шаънига айтилмаган танқид қолмагандир. Улар орасида куракда турмайдиганлари ҳам учраса, асло ажабланманг.

Чунки, мухлис зоти ўзи шунақа, салгина муваффақиятдан тоғлар қадар руҳланиб, биттагина мағлубиятдан сўнг тушкунлик ботқоғига ботиб қолиши ҳеч гап эмас.

«Насаф»нинг мисолида келтирадиган бўлсак, қаршиликлар гуруҳдан чиқа олмай қолиб кетишига ишонадиганлар ҳозирданоқ топилмоқда. Аммо гуруҳ баҳслари энди бошланмоқда! Ҳали курашиш керак, жўралар, курашиш...

Албатта, ҳар бир мағлубиятнинг ўз сабаблари бўлади. Мана шу сабабларни қидирар эканмиз, рақиб айни вақтда Эрон чемпионатида яққол пешқадам бўлиб бораётгани ва Ўзбекистон биринчилигида ҳали мавсум бошланмаганини рўкач қилишимиз мумкин.

Шунингдек, «Персеполис» таркибида Эрон миллий терма жамоасига номзод футболчилар етарли экани ҳам эътиборни тортади. Аммо эслаб қолинг, агар «Насаф» жавоб ўйинида мана шундай рақибга муносиб жавоб қайтариб, мағлубиятга учратса, асло ажабланманг.

Нима учун? Чунки, қаршиликларнинг Эрондаги йирик мағлубиятининг асл сабаби рақиб эмас, балки ўз таркибидадир...

Гап шундаки, ҳозирги «Насаф»нинг асосини 21, 22 ва 23 ёшли футболчилардан иборат таркиб ҳосил қилади. Узоққа бормайлик, мана шу «Персеполис»га қарши кечган ўйин таркибини кўриб чиқайлик.

Азиз Ғаниев, Шароф Муҳитдинов, Одилбек Ҳамробеков, Дониёр Нарзуллаев, Бобир Абдуҳолиқов, Ислом Кенжабоев - уларнинг бари кўп умидли, аммо ўша умидларнинг барчаси келажакка боғланган футболчилар. Бу билан уларни асло оқламоқчи эмасмиз ва тажрибасизликни ҳам баҳона ўлароқ келтиришни истамаймиз.

«Насаф»нинг мағлубиятида бу футболчиларнинг ҳам айби бор, шубҳасиз. Аммо шу билан бирга, яна бир фактни ҳам унутмасликни сўрардик: ёш футболчиларда бир қусур бўлади, улар ҳар доим ҳам барқарор ўйин намойиш эта олмайдилар.

Айнан мана шу таркиб кейинги баҳсларда ҳаддан ташқари ёрқин ўйин намойиш этиб юбориши мумкин, аммо баъзида «Персеполис» билан бўлгани сингари муваффақиятсизликка учраши ҳеч гап эмас.

Биз жуда ҳам истаётган барқарорлик эса йиллар давомида қўлга киритилади. Шундай экан, худди «Локомотив»ни жуда ҳам мақтамасликни сўрагандек, «Насаф»ни ҳам ерга уриб ташламаслигингизни истаган бўлардик-ки, эртага худди шу футболчилар ёрқин ғалабаларга эришганда яна ўзимиз уялиб қолмайлик...
Умар БЕК

Манба: www.uff.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Икки ўйин – бир фалсафа