
Signal’даги хавф: Пентагон қоидалари бузилди
АҚШнинг уруш вазири Пит Ҳегсет 2025 йил март ойида Яманлик ҳусийчилар позицияларига ҳаводан бериладиган зарбалар ҳақидаги махфий маълумотни Signal мессенжерида журналист иштирок этган гуруҳга ёзиб, Америка қўшинлари ва амалга оширилаётган миссияни таҳдид остида қолдирган. Бу ҳақда Пентагон бош инспектори ҳисоботига таяниб CNN ва AP агентликлари хабар берди.
Саккиз ой давом этган суриштирув якуний ҳужжатида қайд этилишича, Ҳегсет маълумотни махфийлик даражасини пасайтиришга ҳаққи бўлса-да, «Пентагоннинг ички қоидаларини бузган», чунки у хусусий мосламасини хизмат вазифалари учун ишлатган. Шу сабабли инспектор идора ходимларини қўшимча ўқитишни тавсия этган.
Ҳегсет инспектор билан шахсан суҳбатлашишдан бош тортган, аммо ёзма баёнотида чатда у, ўз фикрича, миссияни хавф остига қўймайдиган тафсилотларнигина айтганини таъкидлаган. Масалан, у ҳарбий самолётларнинг учиш вақти ва бомбардимонлар бошланиш соатини пилотлар ҳавога кўтарилишидан олдин икки хил чатда ёзган.
Оқлаш ва юқори даражадаги қўллаб-қувватлаш
Пентагон Ҳегсетни ёқлаб чиқди. Ҳарбий идора вакили Шон Парнелл: «Бош инспектор текшируви вазир Ҳегсетни тўла оқлайди ва ҳеч қандай махфий маълумот узатилмаганлигини тасдиқлайди. Бу масала ҳал этилган», — деди. Оқ уй эса АҚШ президенти Доналд Трамп «уруш вазирини қўллаб-қувватлашини» қўшимча қилди.
Тасодифан қўшилган журналист
The Atlantic нашри бош муҳаррири Жеффри Голдберг 24 март куни уни юқори мартабали амалдорлар Ямандаги зарбаларни муҳокама қилган Signal’даги чатга бехосдан киритиб юборилганини ошкор қилди. Чатда 18 киши, жумладан Ҳегсет, Уиткофф ва Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчилар ҳам бор эди. Нашр ёзишманинг тўлиқ стенограммасини эълон қилди, чунки уларнинг фикрича, юқори лавозимли шахслар, шу жумладан МРБ ва Миллий разведка директорлари, воқеанинг аҳамиятини камайтиришга уринган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.