08:24 / 24.10.2018
2 146

Руфат Рисқиев: «Метин ирода ва сабрнинг ҳам чегараси бор» (видео)

Руфат Рисқиев: «Метин ирода ва сабрнинг ҳам чегараси бор» (видео)
«Ҳар дарднинг давоси — вақт», дейдилар. Дарҳақиқат, энг оғир дамлар ҳам фурсат ўтиши билан унутилади, ҳатто йиллар ортидан арзимас ва оддий муаммо бўлиб туюлади. Назаримизда, вақтни нафақат малҳам, балки «ўғри» деб таърифлаш ҳам мумкин. Боиси, у гўзаллик, соғлиқ, куч-қувват, ҳатто обрў-мансабни ҳам «ўмариш»га жуда уста.

Бугунги қаҳрамонимиз Руфат Рисқиев бир пайтлар қадди расо, абжир спортчи, моҳир боксчи эди. У Жаҳон ва Олимпия ўйинларида юрт шарафини муносиб ҳимоя қилган, АҚШ, Куба, Австрия, Югославия, Испанияда ўтказилган халқаро турнирларда рақиблари устидан оламшумул ғалаба қозонган қаҳрамон эди. Руфат Рисқиевни «Осиё йўлбарси» деб таърифлашарди. Бугун у кексалик гаштини сурмоқда, соғлиғи ҳам аввалгидек эмас. Аммо... Йўқ, хулоса қилишга ошиқманг, Руфат ака билан уюштирган суҳбатимизни ўқигач, фикрингизни баён этасиз...

— Икки йил аввал ўнг оёғимдаги веналар тромбози оғирлашгани туфайли шифокорлар кесиб ташлашди, – дея сўз бошлади Руфат Рисқиев. — Бир неча кун комага тушиб қолибман. Ҳатто мени ўлдига чиқарганлар ҳам бўлган. Шукр, ризқим ердан узилмаган экан, яна ҳаётга қайтдим, аммо тушкунликка тушганим йўқ. Ёнимда набираларим, дўстларим бор. Мана, яқинда Россиядан бир гуруҳ таниш-билишлар келиб, ҳолимдан хабар олишди. Эшигим меҳмонлар учун ҳамиша очиқ.

— Руфат ака, ҳаётингизни бокс билан боғлашингизга нима сабаб бўлган? Умуман, умрингизни боксга сарфлаганингиздан афсусланмайсизми?
— Йўқ, мен спорт учун туғилган инсонман! Биз пойтахтнинг Навоий кўчасида турардик. Уч-тўрт синфдошим билан келишиб, дарсдан кейин акробатика машғулотларига қатнаганмиз, лекин у менга умуман ёқмаган. Шунда синфдошларимдан бири боксга қизиқиб, барчамизни мураббий олдига етаклаб борган. Кўп ўтмай, ўртоқларим машғулотларга қатнамай қўйишди. Менинг ҳаётим эса бокс билан ипсиз боғланди-қолди. Шундан сўнг акам мени ўзининг устози Александр Барановга олиб борди. Бу инсон менга бокснинг жуда кўп сирларини ўргатди.

— Юлдузлик онларингиз... Ҳозир ҳам рингдаги ҳаётингизни соғинасизми?

— Йўқ, энди у дамлар ортга қайтмайди. Мен фақат ёш спортчиларга билганларимни ўргатишим мумкин. Биласизми, илгари бугунгидек шароит йўқ эди. Ҳатто дунё Ўзбекистон деб аталган мамлакатни билмасди. Биз собиқ иттифоқ шарафини ҳимоя қилиб, рингга тушардик. Миллатчилик бўлмасин-у, рус мураббийлари нуфузли мусобақаларда ўз миллатидаги спортчилар боришини исташарди. Бу ҳовлингизда ўйнаётган фарзандингиз ё қўшнингизнинг боласини чақириб, уларга нон берганингиздек гап эди. Худдики ноннинг катта қисмини ўғлингизга тутқазиб, қўшнининг фарзандини эса кичик нон бўлаги билан алдаб қўйгандек.

Бир куни хорижлик мураббийлардан бирига Европанинг тўрт чемпиони билан рингга тушиб, ғалаба қозонганим ҳақида гапирдим. Ишонмади, ҳатто мийиғида кулиб қўйди. Владимир Тарасенков, Анатолий Климанов, Вячеслав Лемешев, Майкл Спинкс... Бу номдор спортчилар номини эшитгач, қилган муомаласидан хижолат бўлди.

— Сир бўлмаса айтинг-чи, боксчи жангга тайёргарлик кўриш чоғида нималарни ҳис қилади?

— Буни сизга таърифлаб берганим билан тушунмайсиз. Бу — қўрқув, манаман деган боксчи ҳам қўрқади. Шахмат — ақлий спорт, уни жуда мураккаб деб ўйлашади. Фахрий боксчи сифатида айтишим мумкинки, бокс ҳам ақлий, ҳам жисмоний меҳнатни талаб қилади. Мана, масалан, Владимир Тарасенков билан жангдан аввал икки кун ухлай олмаганман. Боиси, рақибим ўта абжир эди. Шунчалик тез ҳаракат қилардики, жавоб зарбаси бериш ҳам амримаҳол эди. Ярим сония ҳам жим турмасди. Узоқ ўйлаб, Тарасенковни қандай енгиш мумкинлигини англадим. Устозимга қўнғироқ қилиб, розилигини олгач, рингга тушдим. Натижа мен кутганимдан-да аъло бўлди. Абжир рақибим бу усулни мендан кутмагани учун осонгина нокаутга учради. Кўряпсизми, боксчи қанчалик абжир ва кучли бўлмасин, зарбадан тўғри фойдалана олмаса, ҳаммаси бекор.

— Бу усулларни қайси шогирдларингизга ўргатдингиз?

— Бир куни Руслан Чагаевнинг собиқ менежери Таймас Ниязов ёнимга келди. Узоқ суҳбатлашдик. «Русланнинг зарбаси бор, аммо кучли эмас. У билан машғулот ўтказа оласизми?» деди. Чагаевда профессионалликни кўролганим учун рози бўлдим. «Динамо»даги спорт залида машғулотлар ўтишни келишдик. Биринчи куни спортчини ўргандим. Муштининг зарби, ютуқ ва камчилиги... Хуллас, икки ҳафта зарбаларини кучайтирдик. Машғулот якунлангач, Руслан мен билан хайрлашиб, эртаси куни АҚШга учиб кетди. Бир ой ўтмай, қора танли машҳур боксчи билан рингга тушиб, уни бешинчи раундда мағлуб этди. Мен ўргатган усуллар қўллаганини кўриб, жуда қувондим. Шундан кейин Русландан ҳам, Таймасдан ҳам дарак бўлмади. «Руслан ёшим ёки даражамни ҳурмат қилиб, олдимга тўртта нон кўтариб келса бўларди» дедим ўзимга ўзим. Анча вақтдан кейин Тошкентда Таймасни кўриб қолдим. Ҳол-аҳвол сўрашгач, дардини айтди: «Чагаевнинг аёли мен билан шартномани тўхтатиб, менежерликни ўзи эгаллади. Мендан ранжиманг, бундай бўлишини билмагандим».

— Юлдузлик касалига чалиниш ҳоллари спортчиларга ҳам бегона эмас.

— Атрофдагиларда гап кўп. Ёнингизда сизни ва фаолиятингизни тушунадиган инсонлар борлиги яхши. Бироқ сиздан бир соғин сигирдек фойдаланадиганлар бўлса, жуда чатоқ. Чагаев — кучли спортчи, агар озгина ҳаракат қилганида, Майк Тайсондан ҳам ўзиб кетарди. Афсус, Таймаснинг шунча ҳаракатлари бир пул бўлди. Ҳосилга етдим деганида уни ўйиндан чиқаришди. Майли, Таймас йўлини топиб кетади, фақат Чагаевга ачинаман...

— Инсон бошига иш тушганида атрофдагилари синовдан ўтади. Сиз мусибатга йўлиқиб, соғлиғингиз ёмонлашганида бу одамлар кимлигини англадингизми?

— Ҳа! Ишонганларим мени ташлаб қўйишмади. Таниш-билишлар эса... Уларнинг ҳаётимдан кетганига ачинмайман. Ўз номи билан шунчаки таниш-билишлар эди. Дўстларим анчагина сийраклашиб қолди, кўпчилиги бу оламни тарк этишди. (Ўйланиб). Бир дўстим бор, исми — Пўлат. У билан болаликдан дўстмиз. Соғлигим ёмонлашиб қолганида ана шу Пўлат ёнимда турди, мени қўллаб-қувватлади. Ҳозир ҳам уйимга тез-тез келиб туради. Соатлаб суҳбатлашамиз, у бокс ҳақида гапиришни ёмон кўришимни билиб, бошқа қизиқроқ мавзулардан сўз очади (кулади).

— Наҳотки ҳаётингизни бағишлаган бокс сиз учун аҳамиятсиз бўлса?

— Тўғри, мен боксга ҳаётимни бағишладим. Ўйлаб қарасам, ҳозир 69 ёшда бўлсам, 59 йилимни спорт учун сарфлабман. 40 йилимни профессионал боксда ўтказдим. Аммо жуда чарчадим. Мен учун энди у қизиқ эмас. Баъзи-баъзида спорт каналларида бокс учрашувларини кўриб қоламан. Шунда бирорта набирам келиб, мультфильм кўрайлик деса, иккиланмай айтганини қиламан.

— Сир эмас, юртимиз боксчилари бошқалардан анча ўзиб кетишди. Улар хонадонингизга келиб, дуонгизни олишгани ҳақидаги хабарларга кўзимиз тушганди. Ёш боксчилардан қайсилари яхши натижа кўрсатишига кўзингиз етади?

— Тўғри, улар келишди, ҳаттоки бу ташрифларини расмларга муҳрлаб, дунёга жар солишди. Бари кўзбўямачилик! Юқорида айтганимдек, эшигим ҳамиша очиқ. Истаган боксчи келиб, билганларингизни ўргатинг деса, йўқ демайман. Бунинг учун ҳақ ҳам олмайман. Балки, ишонмассиз, аммо Руслан Чагаевга берган сабоқларим учун йўлкира ҳақига 10 000 сўм олганман, холос (кулиб қўяди).

— Ҳаётда иродали инсонмисиз?

– Иродалиман, аммо ҳар нарсанинг, ҳатто метин ирода, сабрнинг ҳам чегараси бор экан. Мен оғриққа чидамли эканимдан оёғимга эътибор бермадим. Аламимни бошқа нарсадан олдим, бахтга қарши, тунда оғриқлар зўрайиб... оқибати... кўриб турганингиздек!

— Нега фарзандларингиз изингиздан боришмади?

— Икки ўғлим бор. Каттасини боксга бергандим — эплаб кетолмади. Ростини айтсам, уни мажбурлашни ўзимиз ҳам истамадик. Шукрки, олти набирам бор, эҳтимол, улар бобосининг фаолиятини давом эттиришар. Лекин спортнинг якуни — фожиа, ўзим кўрган қийинчиликларни улар ҳам ҳис қилишларини истамайман. Қадри баланд соҳаларда ишлашларини хоҳлайман. Карьерада муваффақиятга эришмаса ҳам, оилада ўз ўрнини топишади.

Мен катта натижаларни қўлга киритдим, чарчаб, кучдан қолганимдан сўнг фарзандларимга вақт ажратдим. Жонимни берган Ўзбекистон бокс федерациясига бир куни қўнғироқ қилдим. Гўшакни кўтарган йигит ўзини «Фалончи Палончиев» деб таништирди. «Танишганимдан хурсандман. Мен Руфат Рисқиевман», десам: «Ким у? Узр, танимадим», деди. Ичимда нимадир чирс этиб узилгандек бўлди. Ортда қолган йиллар кўз ўнгимдан кино тасмасидек ўтди...

— Руфат ака, кўнглингизни чўктирманг, ҳаммаси яхши бўлади. Беш бармоқ баробар бўлмаганидек, инсонлар ҳам бир-бирига ўхшамайди.
Наргиза Муродова
суҳбатлашди

Суҳбатнинг видео талқинини қуйида томоша қилишингиз мумкин. Видеоинтервю «Muvad Video» томонидан тайёрланган.
[media=https://youtu.be/vgh6K20ffKU]

Манба: Xabar.uz

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Спорт » Руфат Рисқиев: «Метин ирода ва сабрнинг ҳам чегараси бор» (видео)