Барселона трансфер бозорида портлаш қилмоқда: Учта юлдуз келиши кутилмоқда

Барселона жамоаси мавсум якунланиши билан трансфер бозорида фаолликни оширди. Каталонияликлар бир вақтнинг ўзида учта йирик трансферни амалга оширишга яқин турибди. Хабарларга кўра, Нюкасл Юнайтед вингери Антонй Гордон учун 80 миллион евролик келишув деярли якунланган ва футболчи тиббий кўрикдан ўтиб бўлган. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Шу билан бирга, Атлетико Мадрид ҳужумчиси Хулиан Альварес ҳам кутилмаганда жамоасини тарк этиши мумкин. Инсайдер Fabrizio Romano хабарига кўра, футболчи кетишни сўраган ва Барселона аллақачон 100 миллион евролик расмий таклиф юборган. Ушбу трансфернинг бир қисми сифатида каталонияликлар ўз тарбияланувчиси Марк Касадўни Мадрид клубига бериб юбориши кутилмоқда.
Энг шов-шувли хабарлардан бири эса Бернардо Силва билан боғлиқ. Манчестер Сити билан шартномаси 30-июн куни якунига етадиган 31 ёшли ярим ҳимоячи Каталонияга кўчиб ўтишга тайёр. Португалиялик юлдуз Манчестер Сити сафида 9 мавсум давомида 460 та ўйинда майдонга тушиб, 76 та гол ва 77 та ассист муаллифига айланган эди.
А Бола нашрининг ёзишича, Бернардо Силва Барселона сафига қўшилиш учун ҳатто маошининг сезиларли даражада камайишига ҳам рози бўлган. Унинг агенти Жорге Мендес қишдаёқ клуб билан музокараларни бошлаган эди. Силва каталонияликлар сафига қўшилишни ўзининг азалий орзуси деб ҳисоблайди ва бу трансфер амалга ошишига яқин турибди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!