date

Колумбияликлар Ўзбекистонни жиддий рақиб сифатида баҳолади (видео)

Жаҳон чемпионати яқинлашгани сари Ўзбекистон миллий терма жамоаси атрофидаги қизиқиш нафақат юртимизда, балки рақиб мамлакатларда ҳам ортиб бормоқда. Хусусан, Колумбия телевидениесида маҳаллий футбол мутахассислари Ўзбекистон терма жамоасининг ўйин услуби, кучли томонлари ва етакчи футболчилари ҳақида атрофлича фикр билдиришди.

Колумбиялик экспертлар Ўзбекистонни “шунчаки тарих яратган ва йўқотадиган нарсаси йўқ жамоа” сифатида қабул қилиш катта хато бўлишини таъкидлашди. Уларнинг фикрича, Фабио Каннаваро бошчилигидаги миллий жамоамиз яхши ташкиллашган, жамоавий ҳаракат қиладиган, интенсив футбол намойиш этадиган ва сўнгги йилларда катта эволюцион ўсишни бошдан кечирган терма жамоага айланган.

Мутахассислар айниқса Абдуқодир Ҳусановнинг ўйинига алоҳида тўхталишди. Улар 22 ёшли ҳимоячини Ўзбекистон мудофаасининг асосий қўрғони сифатида баҳолаб, унинг тезлиги, агрессивлиги, тўпни олиб қўйиш маҳорати ва аниқ паслари орқали ҳужумни бошлаб бериш қобилиятини юқори баҳолашди. Колумбияликлар Ҳусановнинг АПЛдаги ўйинларини кузатганини айтиб, у ажойиб мавсум ўтказганини ҳам таъкидлашди.

Уларнинг фикрича, Ўзбекистон сўнгги пайтларда асосан уч ҳимоячи билан ҳаракат қилмоқда ва Ҳусанов бу тизимда катта масъулиятни ўз зиммасига олмоқда. Ёш бўлишига қарамай, у ҳимоядаги хатоларни тўғрилаш, шерикларини суғурталаш ва майдон марказига сифатли паслар бериш орқали жамоа ўйинига катта таъсир ўтказмоқда.

Колумбиялик мутахассислар Элдор Шомуродовни ҳам хавфли ҳужумчи сифатида тилга олишди. Улар Шомуродовнинг Туркия Суперлигасида тўпурарлар қаторида бўлаётгани оддий ҳолат эмаслигини, бу Колумбия ҳимояси учун жиддий сигнал эканини айтишди. Экспертлар Ўзбекистон фақат ҳимояда кутиб турадиган жамоа эмас, аксинча, қанотлардан ва марказ орқали тезкор ҳужумлар ташкил қила оладиган рақиб эканини қайд этишди.

Шунингдек, улар миллий жамоамизнинг стандарт вазиятлардаги хавфини ҳам алоҳида таъкидлашди. Ўзбекистон бўйдор ҳужумчилар ва ҳаводаги курашлардан унумли фойдаланиши, қисқа паслар орқали ҳужумни тез ташкил қилиши ва рақибнинг ожиз нуқталарини топишга уриниши айтилди. Бу жиҳатлар Колумбия учун жиддий тайёргарлик талаб қиладиган омиллар сифатида кўрсатилди.

Мутахассислар фикрича, Ўзбекистон терма жамоаси Жаҳон чемпионатига шунчаки иштирок этиш ёки “саёҳат” учун келмаяпти. Аксинча, кўплаб футболчилар учун бу турнир ўзини жаҳон бозорида кўрсатиш, катта клублар эътиборига тушиш ва миллий футбол салоҳиятини намойиш этиш учун улкан имконият бўлади.

Колумбияликлар якунда Ўзбекистонни “сирли тулпор” эмас, балки аниқ режа асосида шаклланган, жамоавий, интизомли ва интенсив футбол кўрсатадиган терма жамоа деб аташди. Уларнинг фикрича, агар Колумбия Ўзбекистонни жиддий қабул қилмаса, бу улар учун салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Қисқаси, Колумбияда Ўзбекистон терма жамоасига нисбатан ҳурмат ва эҳтиёткорлик кучаймоқда. Ҳусанов ҳимоядаги асосий хавф, Шомуродов ҳужумдаги муҳим қурол, жамоавий ўйин эса миллий термамизнинг энг катта устунлиги сифатида баҳоланмоқда. Бу эътирофнинг ўзи ҳам катта гап: рақиблар энди Ўзбекистонни “дебютант” эмас, жиддий муаммо туғдира оладиган жамоа сифатида кўра бошлади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Колумбияликлар Ўзбекистонни жиддий рақиб сифатида баҳолади (видео)