date

Марказий Осиё Ўзбекистон терма жамоаси учун бирлашмоқда...

Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026 йилги Жаҳон чемпионати финал босқичида иштирок этиш орқали нафақат ўзбек футболи, балки бутун Марказий Осиё футболи тарихида янги саҳифа очмоқда. Вакилларимиз минтақа мамлакатлари орасида биринчи бўлиб футбол бўйича жаҳон чемпионати финал босқичида майдонга тушади.

Бу тарихий воқеа фақат Ўзбекистонда эмас, қўшни давлатларда ҳам катта қизиқиш ва фахр билан қарши олинмоқда. Терма жамоамизнинг мундиал сари ташлаган қадамини Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва бутун Марказий Осиё мухлислари ҳам диққат билан кузатмоқда.

Айниқса, Ўзбекистон миллий жамоасининг АҚШга етиб бориши ва Нью-Йоркдаги Жон Кеннеди номидаги халқаро аэропортда илиқ кутиб олиниши катта таъсир қолдирди. Маросимда ўзбекистонликлар билан бирга қозоғистонлик ватандошлар ҳам иштирок этиб, футболчиларимизни қўллаб-қувватлади.

Америкада яшаётган Алма Бекетаева ўзининг Instagram саҳифасида Ўзбекистон терма жамоасини тантанали кутиб олиш жараёнидан видео ва суратлар эълон қилиб, самимий ҳиссиётлари билан ўртоқлашди. Унинг сўзлари бугунги кунда Ўзбекистон термасининг муваффақияти бутун минтақа учун қанчалик муҳим эканини яққол кўрсатади.

“Америкада бўлган бутун Қозоғистон, бутун Марказий Осиё халқлари — Ўзбекистон учун мухлислик қилмоқда. Биз сизлар билан жуда фахрланамиз, сизлар ҳақиқатан ҳам зўрсизлар”, — деб ёзди у.

Алма Бекетаева хорижда яшаган инсонлар халқларимиз ўртасидаги яқинликни янада чуқурроқ ҳис қилишини ҳам таъкидлади. Унинг фикрича, Ўзбекистоннинг ҳар бир ғалабаси фақат бир мамлакат эмас, балки бутун Марказий Осиё учун қувончли воқеа бўлади.

“Хорижда айниқса бир нарса аниқ англашилади: халқларимиз бир-бирига ўйлагандан ҳам яқинроқ. Ўзбекистон ғалаба қозонса — бутун Марказий Осиё хурсанд бўлади”, — дея қайд этди у.

Бу сўзларда катта маъно бор. Чунки Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси майдонга тушганда, у фақат ўз байроғи учун эмас, балки минтақадаги футбол орзулари учун ҳам курашади. Бу сафар “оқ бўрилар” ортида нафақат миллионлаб ўзбекистонлик мухлислар, балки бутун Марказий Осиёнинг илиқ қўллаб-қувватлови ҳам бор.

Алма Бекетаева ўз постида футболчиларимизга миннатдорчилик билдириб, улар минтақа байроғини баланд кўтараётганини таъкидлади. Бу эса терма жамоамизга бўлган ҳурмат ва ишонч нафақат юрт ичида, балки хориждаги қардош халқлар орасида ҳам кучли эканини кўрсатади.

“Сизлар билан фахрланамиз, йигитлар. Минтақамиз байроғини шунчалик баланд кўтараётганингиз учун раҳмат”, — деб ёзди у.

Ўзбекистон миллий жамоаси учун бу қўллаб-қувватлаш катта руҳий куч бўлиши шубҳасиз. Чунки мундиал — босим, масъулият ва тарихий имкониятлар майдони. Бундай пайтда ҳар бир илиқ сўз, ҳар бир байроқ, ҳар бир қарсак футболчиларга қўшимча ишонч беради.

Қисқаси, Ўзбекистон терма жамоасининг ЖЧ-2026даги иштироки бутун Марказий Осиё учун фахрли воқеага айланмоқда. Нью-Йоркда футболчиларимизни ўзбеклар билан бирга қозоғистонликлар ҳам қўллаб-қувватлади. Бу эса битта нарсани исботлайди: Ўзбекистон майдонга чиқса, бутун минтақа юраги бир ритмда уради.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Марказий Осиё Ўзбекистон терма жамоаси учун бирлашмоқда...