date

Антонй Гордон Барселона тақдимотида барчани ҳайрон қолдирди

Антонй Гордон Барселона тақдимотида барчани ҳайрон қолдирди

Барселона жамоасининг янги аъзоси Антонй Гордон жума куни бўлиб ўтган тақдимот маросимида ўзининг равон испан тили билан кўпчиликни ҳайратда қолдирди. Англиялик ҳужумчи ушбу маҳоратининг сабабини очиқлади: "Нюкаслда испан тили мутахассиси бўлган физиотерапевтим бор эди ва биз ҳар куни мулоқот қилардик. Мен унга бир кун келиб Барселона сафида ўйнашимни ва шу сабабли тил ўрганмоқчи эканлигимни айтганман. Ҳозирги билимим ўша машғулотлар натижасидир", — деди футболчи. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.

25 ёшли ҳужумчи болалигидан ушбу клубда ўйнашни орзу қилганини таъкидлади. Барселона ушбу трансфер учун Нюкасл Юнайтедга 80 миллион еврогача тўлайди. Гордон янги жамоаси билан 2031-йилгача мўлжалланган беш йиллик шартнома имзолади. Маълумотларга кўра, футболчига Бавария ҳам жиддий қизиқиш билдирган, бироқ немис клуби 60 миллион евродан ортиқ тўлашни истамагани учун курашдан чиққан.

Гордон Барселона варианти пайдо бўлиши билан бошқа барча таклифларни рад этганини билдирди. У 2023-йил бошида Эвертондан Нюкаслга 45,6 миллион евро эвазига ўтган эди. "Ҳаккалар" сафидаги ёрқин ўйинлари орқали у Англия терма жамоасидан жой олди ва ҳозирда Томас Тухель бошчилигидаги жаҳон чемпионати қайдномасига киритилган.

Ўтган мавсумда Антонй Гордон барча мусобақаларда 46 та ўйинда майдонга тушиб, 17 та гол ва 5 та ассист муаллифига айланди. Қизиғи шундаки, у Чемпионлар лигаси доирасида Барселона дарвозасини ишғол қилишга ҳам улгурган эди. Эндиликда маҳоратли вингер ўз орзусидаги жамоа шарафини ҳимоя қилади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Антонй Гордон Барселона тақдимотида барчани ҳайрон қолдирди