22:26 / 06.03.2021
2 286

«Насаф»га нима етишмади? «Пахтакор» ниманинг ҳисобига ғалаба қозонди?

«Насаф»га нима етишмади? «Пахтакор» ниманинг ҳисобига ғалаба қозонди?
Ўзбекистон Суперкубоги учун ўтказилган учрашувда "Пахтакор" "Насаф" устидан 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Ўйиндаги ягона голга 50-дақиқада Драган Черан муаллифлик қилди. Баҳс якунига қадар дарвозаларга бошқа тўп киритилмади. Шу тариқа, "шерлар" ўз тарихида илк бор Ўзбекистон Суперкубогига эга чиқди. Самарқанддаги финални муҳокама қиламиз.

Тактик тўқнашув
Тошкент клуби Питер Хюистра бошқарувига ўтгач, тактик жиҳатдан нимадир ўзгаришини кутиш мумкин эди. Амалда ҳеч нарса ўзгармагани Самарқанддаги финалда сезилиб қолди. «Пахтакор» Шота Арвеладзе шакллантирган ўйин моделига содиқ қолди. Битта соф ҳужумчи, унинг ортида плеймейкер ва иккита қанот ярим ҳимоячилари. Эҳтиёткор, бироқ суғурталанган схема. «Насаф» эса, асосий ҳужумларни маълум футболчилар ёрдамида ташкил этишга уринди. Мисол учун, Ойбек Бозоров ва Марко Станоевичнинг бу баҳсдаги вазифаси рақиб жарима майдончаси ичида бўш зоналар яратишдан иборат эди. «Насаф» Бердиев кўрсатмаси асосида тезкорликка урғу берди.

Шунингдек, қанотлардаги футболчилар дриблинг ёрдамида майдон марказига кириб бориши ҳам кўзда тутилган бўлиб, бу рақибнинг ҳимоя тартибини бузиб ташлаши керак эди. «Пахтакор» ҳужумда Эрен Дердийокдан фойдаланишдан ташқари, марказдаги устунликни таъминлаши шарт эди. Сабаби, қаршиликларнинг ҳужуми айнан майдон марказидан старт олишини улар жуда яхши билар эди. Рўзиқул Бердиев эса, «Пахтакор»нинг қанотлар орқали ҳужум уюштиришини инобатга олган ҳолда, асосан, қарши ҳужумларда рақибни доғда қолдиришга ҳаракат қилди.

Майдонда вазият қандай кўриниш олди?
Юқорида айтиб ўтганимиздек, «Насаф» аъзолари биринчи таймда нисбатан кучлироқ кўринди. Ойбек Бозоров бир неча бор дриблинг намойиш этди ҳамда вазиятлар яратди. Марко Станоевич эса, икки бор гол киритиш учун қулай имкониятни бой берди. «Пахтакор» биринчи бўлимда прессинг орқали рақибни зарарсизлантиришга уринди, аммо буни уддалашнинг имкони бўлмади. «Аждарлар» қанотларида тўп сурган Норчаев кескинликни оширишга ҳаракат қилди. Ўйиннинг биринчи бўлимида Бердиев танлаган тактика иш бериши мумкин эди, бироқ жамоа имкониятлардан фойдалана олмади.

Иккинчи таймга келиб, жамоалар ўртасидаги фарқ кўзга ташланишни бошлади. Трансфер ойнаси чоғида таркибини Сардор Рашидов, Азиз Турғунбоев сингари ижрочилар билан кучайтирган «Пахтакор» ёшларга суянган «Насаф»дан камроқ хато қилишни бошлади. Бугунги баҳсда «аждарлар» футболчиларининг ўртача ёши 22 да бўлса, «шерлар»да бу кўрсаткич 26 га тенг бўлди. Эътиборлиси шундаки, пойтахтликларни голдан аввалги ва голдан кейинги ўйин услуби батамом икки хил бўлди. Драган Черан киритган тўпдан сўнг, Хюистра бор эътиборини бехато тўп суришга қаратди ва ўз шогирдларидан таваккал қилмасликни талаб қилди. Шу боис, голдан сўнг Сайфиев ва Алижонов ҳужумга деярли қўшилгани йўқ. Бу ҳолат қаршилик футболчиларга ноқулайлик туғдирди.

«Пахтакор» биринчи бўлимда асосан қанот ҳимоячилари ёрдамида кенг майдон бўйлаб ҳужум қилгани учун «Насаф»да рақиб жарима майдончасида кўпроқ бўш зоналар пайдо бўлиши керак эди. Тошкентликлар устози Хюистра "эконом" режимни ёқишга қарор қилди. Таянч зонасида тўп сурган Собирхўжаевнинг олдига Аброр Исмоилов қайтарилди. Ярим ҳимоячи ўйин давомида асосан ҳужум бошлашга жавобгар эди, бироқ голдан кейин мураббий уни иккинчи таянч ярим ҳимоячисига айлантирди. Оқибатда, марказда Марко Станоевич ёлғизланиб қолди. «Пахтакор» ортиқча агрессивликсиз позицион прессингни бошлаб юборди. Айниқса, ўйиннинг 75 дақиқасидан сўнг бу катта эффект беришни бошлади.

«Насаф» майдон марказини бой бергач, иккинчи қаватдан узатмалар билан олдинга ўтишга уринди. «Шерлар»нинг баланд бўйли марказий ҳимоячилари бунга имкон бермаслик учун майдон марказига қадар чиқиб келишни бошлади. Оқибатда, «аждарлар» ҳужумга ўтиш учун бўш зона топа олмай қолди. Хюистра эҳтиёткорлик ва биринчи урилган гол эвазига "шахмат доскаси"да бир қадам олдинда бўлди. Агар илк тайм сўнгидаги вазият голга айланганида, иккинчи 45 дақиқаликда Рўзиқул Бердиев ўйин темпини бошқариши мумкин эди. Биринчи гол учрашувда мураббийлар дуэлини ҳал этиб берди.

Ўйин ичидаги кураш
Мавсум аввалида икки клуб икки хил аҳволда эди. Қаршиликлар футболчилардан қарздор, клуб ёпилиши мумкинлигиги ҳақида хабарлар пайдо бўлишни бошлади. «Пахтакор» ҳам аввалига етакчиларини қўйиб юборди, аммо унинг ўрнини сифатли ижрочилар билан тўлдирди. «Насаф»да эса, кетганлар ўрнини тўлдиришга қодир футболчиларнинг йўқлиги Самарқанддаги баҳсда панд берди. Ислом Кенжабоев, Бобир Абдухолиқов, Шароф Муҳитдиннинг ўрнига ҳеч ким таклиф этилгани йўқ. Бердиев академиядаги ёшларга суянишга мажбур бўлди.

Бу йигитлар финалда акаларидан ўйин ва хоҳиш борасида қолишмади, аммо тажрибасизлик панд берди. Яна бир ўйинга таъсир кўрсатган омил «Насаф»нинг захираси «кичик» эканлиги бўлди. Иккинчи бўлимда захирадан тушган Маннонов, Комилов, Йўлдошев ўйинни бузиб қўймади, аммо кучайтиришни ҳам уддалай олгани йўқ. «Пахтакор»да эса, захирадан тушганлар даражаси баланд эмас эди, аммо улар ўйинни кучайтириш учун эмас, «ўлдириш» учун тушди. Хюистра ўйин темпини бузиш мақсадида барча ўзгаришларни сўнгги 15 дақиқада амалга оширди.

Эътибор берган бўлсангиз, захирадан тушганлар деярли бирорта эпизодда кўриниш бермади. Питер биринчи голдан усталик билан фойдаланди. Бу баҳс мавсумни илк расмий ўйини бўлгани боис жисмоний имкониятлар 100 фоиз эмаслиги кўзга ташланиб қолди. Биргина Станоевич ва Бозоровнинг чаққонлиги билан натижа эришиш мушкул. Иккинчи таймда Марконинг чарчаб қолгани 65 дақиқадан сўнг шундоққина кўриниб қолди. Афсуски, «аждарлар» захирасида унинг ўрнини тўлдиришга қодир ижрочи йўқлиги панд берди.

Шерлар «Аждарлар»дан устун келди, аммо...
Бугунги ўйин тарихда қолади. Бу баҳсни йиллар ўтиб «Пахтакор»нинг ғалабаси билан хотирлашади. Шунга қарамай, ўйинни кўрган мухлислар "Насаф"ни унутмаслиги аниқ. «Аждарлар» жуда оғир аҳволда бўлишига қарамай молиявий анча барқарор бўлган «Пахтакор»га қарши 90 дақиқа интригани сақлаб турди, вазиятлар яратиш бобида «шерлар»дан қолишмади. Ҳакамнинг финал ҳуштагига қадар Тошкент клуби мухлисларини хавотирда ушлаб турди.

Ёшлардан ташкил топган клуб Осиёнинг энг кучли жамоаларидан бири билан тенгма-тенг олишганига қойил қолмасликнинг имкони йўқ. «Пахтакор» эса, эҳтиёткорлик ва тажриба эвазига тажовузкор «Насаф»ни мағлуб этди. «Шерлар» тарихда қолишга ҳақли, аммо уларни тарихга киришига кўмаклашган «аждарлар»ни ҳам унутмаслик лозим. Бугун «Насаф» ўзининг минимум имкониятларидан максимум наф чиқарди. Тошкентликларни соврин билан табриклаймиз. «Аждарлар» эса, ортга бошни тик кўтариб қайтиб кетишга ҳақли!

Яҳёхўжа Улуғхўжаев

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » «Насаф»га нима етишмади? «Пахтакор» ниманинг ҳисобига ғалаба қозонди?