date

Ирландия U-17 мураббийи: Ўзбекистонга қарши ўйин жиддий синов бўлади

Ирландия U-17 мураббийи: Ўзбекистонга қарши ўйин жиддий синов бўлади

U-17 жаҳон чемпионатида иккинчи тур олдидан Ирландия терма жамоаси бош мураббийи Колин О’Брайен жамоаси тайёргарлиги ҳақида фикр билдирди. 50 ёшли мутахассиснинг таъкидлашича, биринчи турдаги йирик ғалаба ирландиялик футболчиларга ишонч ва руҳий енгиллик берган, аммо бу ҳали ҳеч нарсани англатмайди.

«Шогирдларимнинг очилиш ўйинидаги натижасидан чин дилдан хурсандман. Тўртта гол билан мусобақани бошлаш — жамоа учун ажойиб ишонч муҳитини яратади. Бу ғалаба футболчиларимга ҳаяжонни енгиш ва майдонда ўзини эркин ҳис қилиш имконини берди», — деди Колин О’Брайен матбуот анжуманида.

Бироқ мураббий жамоаси ҳали ўз салоҳиятини тўлиқ кўрсатмаганини ҳам таъкидлади:
«Бизда ҳали яхшиланишимиз керак бўлган жиҳатлар бор. Биринчи ўйинда кўплаб яхши нарсаларни кўрдик, аммо баъзи вазиятларда эътиборни йўқотдик. Энди икки кун тикланиш ва рақибни чуқур таҳлил қилиш учун вақтимиз бор».

О’Брайеннинг фикрича, Ўзбекистонга қарши ўйин улар учун жиддий синов бўлади:
«Ўзбекистон терма жамоаси биринчи турда Парагвайни мағлуб этди — бу бекор эмас. Улар интизомли ва тактик жиҳатдан яхши жамоа. Бу беллашув биз учун навбатдаги синов бўлади. Биз майдондаги ҳар бир дақиқадан фойдаланишимиз керак».

Мураббий шунингдек, жамоаси фақат ҳужумкор ўйинга эмас, мувозанатли ва ақл билан қурилган тактикага ҳам эътибор қаратмоқда. Унинг айтишича, Ирландия ҳар бир рақибни ҳурмат қилади ва Ўзбекистонга қарши ўйинда тўлиқ куч билан ҳаракат қилади.

Эслатиб ўтамиз, гуруҳ босқичи 2-туридан ўрин олган Ирландия – Ўзбекистон учрашуви 8 ноябрь куни соат 20:45 да бўлиб ўтади. Бу беллашув ҳар икки жамоа учун плей-офф йўлида ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

О’Брайеннинг сўзларига кўра, жамоада муҳит яхши, футболчиларнинг кайфияти юқори ва улар ғалабали серияни давом эттириш ниятида. «Биз майдонга чиқиб, ўз ўйинимизни кўрсатишни, Ирландия футболи қай даражада ўсганини намойиш этишни хоҳлаймиз», — деди мураббий сўзини якунлар экан.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ирландия U-17 мураббийи: Ўзбекистонга қарши ўйин жиддий синов бўлади