12:24 / 02.01.2022
1 271

2021 йил ўзбек футболида нималар рўй берди?

2021 йил ўзбек футболида нималар рўй берди?
Ортда қолган йилда футболимиз воқеликларга бой ўтди. Афсуски, воқеалар ижобий томондан кўра салбий жиҳатлар билан ёдда қолди. Янгиликлар бор, аммо терма жамоалар миқёсидаги натижаларнинг салмоғи босиб кетди. Келинг 2021 йил ўзбек футболида нималар рўй берганига эътибор қаратамиз.

“Олимпик” жамоаси ташкил этилди
Йил бошида "Париж-2024" ёзги Олимпия ўйинларига футбол бўйича олимпия терма жамоамизни ҳозирдан тайёрлаш учун “Олимпик” клуби ташкил этилди.

Жамоага Тимур Кападзе бош мураббий этиб тайинланди. Про лигадан иштирокни бошлаган “Олимпик” уй учрашувларини “Жар” стадионида ўтказди. Жамоа ёшлардан ташкил топди.

“Пахтакор” Ўзбекистон Суперкубогини қўлга киритди
6 март куни Самарқанд шаҳрида "Пахтакор" ва "Насаф" жамоалари ўртасидаги Ўзбекистон Суперкубоги ўйини бўлиб ўтди. "Динамо" стадионида кечган учрашувда "шерлар" 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди.

Драган Черан томонидан киритилган гол эвазига тошкентликлар тарихда илк бор Суперкубокни қўлга киритишди.

Суперлигада 2 та хусусий клуб қатнашди
Бу мавсум Ўзбекистон чемпионатида 2 та хусусий клуб қатнашди. Бу - Про лигадан Суперлигага йўл олган “Андижон” ва “Турон”. Мазкур жамоалар хусусий тадбиркорларга тегишли.

“Пахтакор” ва АГМК ОЧЛ-2021 гуруҳ босқичида қолиб кетди
Ўзбекистон номидан ОЧЛ-2021да иккита клубимиз қатнашди. Чемпион “Пахтакор” Осиё чемпионлар лигаси гуруҳ босқичида иштирок этди. АГМК эса плей-оффдан юришни бошлади.

Олмалиқликлар “Ал Гарафа” билан ўтиш баҳсида 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Қўшимча таймларнинг охирги дақиқасида Йован Жокич урган гол Миржалол Қосимов шогирдларини гуруҳ босқичига олиб чиқди.

Питер Хюистра жамоаси гуруҳ босқичида бир ғалаба, 4 дуранг ва 1 мағлубият қайд этиб, 7 очко билан 3-ўринни қўлга киритди.

Олмалиқ жамоаси 2 ғалаба, 1 дуранг ва 3 мағлубият қайд этган ҳолда 7 очко билан 4-поғонани банд этди.

Ўзбекистон МТЖ биринчи марта ЖЧ 2-саралаш босқичидан ўта олмади
Пандемия туфайли ОФК июнь ойидаги жаҳон чемпионати саралаш баҳсларини марказлашган ҳолда ўтказишга қарор қилди. “D” гуруҳ ўйинларига Саудия Арабистони мезбонлик қилди.

Марказлашган турнирдаги илк турда Сингапур таслим этилди - 5:0. Яман минимал ҳисобда мағлубиятга учратилди 1:0. Аммо охирги ўйинда Саудия Арабистонидан зарба қабул қилиб олдик 0:3. Шу тариқа, терма жамоамиз гуруҳда иккинчи ўринни эгаллади. Аммо бу натижа вакилларимизни 3-саралаш босқичига чиқишига камлик қилди. Терма жамоамиз илк бор 2-саралаш босқичида қолиб кетди.

Вадим Абрамов истеъфога чиқарилди
19 июнь куни Миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистон футбол ассоциациясининг навбатдан ташқари конгресси бўлиб ўтди. Йиғилишда ЎФА раҳбари терма жамоа қониқарсиз натижа қайд этилгани боис Вадим Абрамов истеъфога чиқарилганини маълум қилди.

Одил Аҳмедов дастлаб терма жамоадаги, кейин эса футболчилик фаолиятини якунлади
Миллий олимпия қўмитасидаги ЎФАнинг навбатдан ташқари конгрессида Одил Аҳмедов терма жамоадаги фаолиятини якунлаганини эълон қилди.

Орадан кўп вақт ўтмай, собиқ сардоримиз футболчилик фаолиятини ҳам якунлади. Шундан сўнг Аҳмедов Ўзбекистон футбол ассоциациясида вице-президент лавозимини эгаллади.

Элдор Шомуродов “Рома”га ўтди
Элдор Шомуродов 2021 йилнинг августида “Женоа”дан “Рома”га кўчиб ўтди. Генуяликлар 17.5 миллион евро эвазига ҳамюртимизни римликларга трансфер қилишди. Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумчиси “бўрилар” билан 5 йиллик, яъни 2026 йилнинг 30 июнига қадар шартнома имзолади.

Сречко Катанец терма жамоа бош мураббийига айланди
27 август куни Сречко Катанец Ўзбекистон футбол ассоциацияси билан шартнома имзолади. Шартномага кўра, 1963 йилда Словениянинг Любляна шаҳрида таваллуд топган мутахассис 2025 йилга қадар Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи сифатида фаолият юритади.

Миллий жамоамиз мураббийлар штабида 5 нафар хорижлик мутахассис ишламоқда. Aлеш Чех ва Владо Радманович ёрдамчи мураббий, Мартин Магистер жамоа аъзоларининг жисмоний тайёргарлигига жавобгар, Ниҳад Пейкович эса дарвозабонлар мураббийи, Ян Катанец физиотерапевт сифатида фаолият юритмоқда.

Жасур Яхшибоев “Реал” дарвозасига гол урди
28 сентябрь куни барчанинг нигоҳи Мадридга қаратилди. Шу куни ҳамюртимиз Жасур Яхшибоев ЕЧЛ доирасида “Реал”га қарши учрашувда “Шериф”нинг асосий таркибига киритилди.

Шу кечада Яхшибоев жамоасининг ғалабасига катта ҳисса қўшди. Вакилимиз қанотдан узатиб берилган тўпни боши билан Куртуа дарвозасига йўллаб, молдоваликларнинг биринчи голига муаллифлик қилди. Якунда “Шериф” Мадриддан 2:1 ҳисобидаги ғалаба билан қайтишни уддалади. Эътиборлиси, Жасур Яхшибоев Ўзбекистон миллий терма жамоасининг собиқ ҳужумчиси Максим Шацкихдан сўнг “Реал” дарвозасини ишғол қилган ўзбекистонлик иккинчи футболчига айланди.

Футзал. Ўзбекистон МТЖнинг ЖЧдаги иштироки ва тарихий натижаси
Литва сентябрь - октябрь ойларида футзал бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилди.

“В” гуруҳида Россия, Гватемала ва Миср иштирок этган квартетда ҳамюртларимиз биргина ғалаба қайд этишди. Баҳодир Аҳмедов шогирдлари илк турда Гватемаладан 5:4 ҳисобида енгилди. Иккинчи турда Россия вакилларимизни 4:2 ҳисобида таслим этди. Терма жамоамиз гуруҳдаги охирги ўйинда Мисрни мағлубиятга учратди - 2:1.

Шу тариқа, Ўзбекистон миллий терма жамоаси гуруҳда Россиядан кейин иккинчи ўрин билан нимчорак финалга йўл олди. Бу тарихий натижа саналади. Иккинчи бор жаҳон чемпионатида иштирок этган ҳамюртларимиз плей-оффга йўл олди. Футзалчиларимиз мундиалдаги дастлабки иштирокида гуруҳ босқичи билан кифояланганди.

Нимчорак финалда Ўзбекистон терма жамоаси Эрон билан куч синашди. Голларга бой ўтган баҳсда ҳамюртларимиз аламли тарзда мағлубиятга учради. Форслар 9:8 ҳисобидаги ғалаба билан чорак финалга чиқди.

“Пахтакор” - Ўзбекистон чемпиони
Янги мавсум олдидан “Пахтакор” таркибда асосий футболчилардан айрилганди. Жамоани Жалолиддин Машарипов, Достон Ҳамдамов, Одил Ҳамробеков ва бош мураббий Шота Арвеладзе тарк этганди. Аммо грузиялик мутахассисга ёрдам берган Питер Хюистра “шерлар”ни чемпион қила олди.

Эътиборлиси, айримларнинг наздида таркибдаги ўзгаришлар туфайли бироз кучсизлангандек кўринган “Пахтакор” муддатидан аввал чемпионликка эришди. Фақатгина совриндорлар ва лигани тарк этадиганлар охирги турда ҳал бўлди.

"Сўғдиёна"да дастлабки кумуш медаллар
"Сўғдиёна" Суперлиганинг охирги турида АГМК билан куч синашди. Жиззахликлар Олмалиқда мезбонлар дарвозасини ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқада пенальтидан гол уриб, 2-ўринни эгаллади. Миржалол Қосимов жамоаси бронза медали билан чекланди.

Шу тариқа, Улуғбек Бақоев шогирдлари вице-чемпионга айланди. Тарихга назар солсак, "Сўғдиёна" 1992 йили ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида 3-ўринни эгаллаган экан. Бу "Сўғдиёна" учун иккинчи медаль ҳисобланади.

Суперлигани 3 клуб тарк этди. Илк бор Про лигадан 3 жамоа юқори дивизионга йўл олди
2021 йилги футбол мавсумида Суперлигага қадам қўйган “Андижон”, яқиндагина ташкил этилган “Турон” ва “Машъал” чемпионат билан хайрлашди. Водийнинг ушбу икки клуби мавсум давомида жон сақлаб қола олармикинман, деган ҳаёл билан машғул бўлди. Муборакликлардан эса охирида кутилмаганда омад юз ўгирди.

“Газчилар” сўнгги натижалардан келиб чиқиб, ўтиш ўйинида қатнашишди. Бироқ “Машъал” Тошкентда “Олимпик”дан енгилди. Тимур Кападзе шогирдлари ўз дарвозаларидан биринчи бўлиб тўп олиб чиқишларига қарамай, 3 бор рақибни жазолашди.

Шу тариқа, “Машъал” ўтиш ўйинида Про лига вакилига имкониятни бой берган биринчи жамоа бўлди. Энди Про лиганинг 3 жамоаси илк бор Суперлигада қатнашади.

“Насаф” ОФК кубоги финалчиси
"Насаф" ОФК кубоги финалида Баҳрайннинг “Ал Муҳаррақ” клубига қарши майдонга тушди. Ҳал қилувчи беллашув Баҳрайндаги "Шайх Али Бин Муҳаммад" стадиони кечди.

Рўзиқул Бердиев шогирдлари финалга қадар гуруҳ босқичида "Алай", "Хўжанд", "Олтин аср", кейинги босқичларда "Аҳал", "Моҳун Баган", "Ли Ман" каби жамоаларни йўлидан олиб ташлади. Бироқ финалда қаршиликлардан омад юз ўгирди.

Учрашувда кутилмаган натижа қайд этилди. 10 йилдан сўнг ОФК кубоги финалига чиққан “аждарлар” 3:0 ҳисобида мағлубиятга учрашди.

Шунингдек, "Насаф" ҳужумчиси Ҳусаин Норчаев ОФК Кубоги тўпурарига айланди. Футболчи 7 бор дарвозаларга йўл топди.

“Насаф” - Ўзбекистон кубоги соҳиби
4 декабрь куни Самарқанддаги “Динамо” стадионида Ўзбекистон кубоги финали бўлиб ўтди. Унда “Пахтакор” ва “Насаф” ўзаро беллашди.

Учрашувда “шерлар” сафидаги Одил Ҳамробеков биринчи бўлиб дарвозани ишғол қилди. 34-дақиқада Ойбек Бозоров қизил карточка олиб майдонни тарк этди. Орадан икки дақиқа вақт ўтар-ўтмас Баҳром Абдураҳимов мувозанатни тиклади - 1:1. Иккинчи таймда эса Ғолиб Ғайбуллаев жамоасига ғалаба келтирувчи гол муаллифига айланди.

Рўзиқул Бердиев шогирдлари ўз тарихида иккинчи марта кубокда зафар қучмоқда. Бундан аввал 2015 йили “Насаф” кубокни қўлга киритганди.

Мавсумни якунлаб берган “Пахтакор” ва “Насаф” Ўзбекистонда 2022 йилги футбол мавсумини ҳам бошлаб беради. Бу жамоалар Суперкубок учрашувида тўқнашади. Мазкур баҳс 26 февраль куни бўлиб ўтади.

БЕКЗОД Исаев тайёрлади

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » 2021 йил ўзбек футболида нималар рўй берди?