13:33 / 10.11.2024
20

Янги тадқиқот ижтимоий тармоқларнинг зарари ҳақидаги стереотипни рад этди

Янги тадқиқот ижтимоий тармоқларнинг зарари ҳақидаги стереотипни рад этди
Фото: Depositphotos
Австралиянинг Кертин университети олимлари ижтимоий тармоқлардан тез-тез фойдаланиш руҳий саломатликка илгари тахмин қилинганидан кўра камроқ таъсир кўрсатишини аниқлади. Тадқиқот натижаларидан маълум бўлишича, ижтимоий тармоқларда ўтказилган вақт миқдори депрессия, хавотир ва стресс кўрсаткичларига сезиларли таъсир кўрсатмайди. Бундан ташқари, таъсир ҳар доим ҳам салбий бўлавермайди: айрим ҳолларда ижтимоий тармоқлар ҳатто баъзи когнитив функцияларни яхшилашга ёрдам беради.

Тадқиқот раҳбари Хлоя Жонснинг таъкидлашича, натижалар ижтимоий тармоқларнинг руҳий соғлиққа мутлақо зарарсизлигини англатмайди, балки улар ўртасидаги алоқа мураккаб ва кўп қиррали эканини кўрсатади.

Масалан, яккаланган шароитда яшайдиган одамлар учун уларни қўллаб-қувватловчи онлайн жамоа қутқарувчи бўлиши мумкин. Аммо бошқа томондан, мукаммал суратлар жойлашган саҳифаларни узлуксиз кўриб чиқиш ўз танасини қабул қилиш билан боғлиқ муаммоларга дуч келаётган одамларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин”, — деб таъкидлайди Жонс.

Тадқиқотнинг ўзига хос хусусияти объектив маълумотлардан фойдаланиш бўлди: аввалги ишларнинг аксарияти иштирокчиларнинг ўзини ўзи баҳолашга асосланган бўлса, бу сафар Кертин университети Жамоат саломатлиги мактаби мутахассислари 17 ёшдан 53 ёшгача бўлган 400 дан ортиқ кишининг мобил телефонларидан реал маълумотларни тўплади. Бу респондентларнинг ижтимоий тармоқларда аниқ қанча вақт ўтказаётганини ўлчаш имконини берди.

Тадқиқотчилар ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш маълумотларини иштирокчиларнинг депрессия, ташвиш ва стресс кўрсаткичлари билан таққослаганда, ижтимоий тармоқлар фақат ташвиш даражаси билан кучсиз боғлиқлигини, депрессия ҳамда стрессга деярли таъсир кўрсатмаслигини аниқлади. Бундан ташқари, ижтимоий тармоқлардан тез-тез фойдаланиш диққатни бошқариш қобилиятини бироз яхшилаши маълум бўлди.

Агар бу соҳада асосли қарорлар қабул қилмоқчи бўлсак, сифатли маълумотларга таянишимиз зарур”, — деди Жонс. “Тадқиқотимиз ижтимоий тармоқларда ўтказилган вақт холисона ўлчанганда, унинг таъсири жуда кам ёки умуман йўқлигини кўрсатди”.

Тадқиқот ҳаммуаллифи, профессор Патрик Кларкнинг таъкидлашича, ушбу кашфиёт ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш ва фойдаланувчиларнинг шахсий хусусиятлари уларнинг руҳий саломатлигига қандай таъсир қилишини тушуниш учун янги изланишларга асос бўлиши мумкин.

Масалан, бизнинг таҳлиллар турли платформалар фойдаланувчиларга турлича таъсир кўрсатишини аниқлади: TikTok’дан фойдаланиш диққатни назорат қилиш қобилиятининг бироз яхшиланиши билан боғлиқ бўлса, Facebook’дан фойдаланиш руҳий зўриқиш даражасининг ошишига сабаб бўлади”, — деб тушунтиради Кларк. Қизиғи, бу боғлиқлик фойдаланувчилар ўртасидаги ёш фарқлари ҳисобга олинганда ҳам сақланиб қолган.

Олимлар фақат ижтимоий тармоқларда ўтказилган вақтни ўрганиб, фойдаланувчилар айнан нима билан шуғулланганини таҳлил қилмаган. Профессор Кларкнинг таъкидлашича, ушбу тадқиқот руҳий саломатлик учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш давомийлиги эмас, балки улар билан ўзаро муносабат характери муҳимроқ эканини кўрсатади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » Янги тадқиқот ижтимоий тармоқларнинг зарари ҳақидаги стереотипни рад этди