
Сунъий интеллект технологиялари соҳасида жаҳон етакчиларидан бири бўлган АҚШнинг OpenAI компанияси, аввалроқ режалаштирилганидан фарқли равишда, нотижорат ташкилот бошқарувида қоладиган бўлди. Бу ҳақда компаниянинг бош директори Сэм Алтман ўз ходимларига юборган расмий мактубида маълум қилди.
Мактубда қайд этилишича, OpenAI нотижорий жамоат манфаатлари бўйича масъулияти чекланган жамият шаклидан фуқаролик жамияти манфаатларини таъминлашга йўналтирилган корпоратив бошқарув тизимига ўтади. Шу билан бирга, компаниянинг устидан назорат тўлиқ нотижорий бошқарув органи қўлида бўлиб қолиши белгилаб қўйилган.
«Биз бу муҳим қарорни қабул қилишдан аввал фуқаролик жамияти етакчиларининг тавсияларини тингладик. Шунингдек, Калифорния ва Делавер штатларининг бош прокурорлари идоралари билан музокаралар олиб бордик. Натижада OpenAI нотижорий тузилма бошқарувида қоладиган бўлди. Microsoft ҳамда яқинда тайинланган нотижорий комиссия аъзолари билан бу йўналишдаги кейинги музокаралар давомида барча режаларни батафсил ишлаб чиқишни интизорлик билан кутмоқдамиз», — деб ёзади Сэм Алтман ўз мактубида.
Қайд этилишича, аввалроқ компания раҳбарияти ходимларни ишда сақлаб қолиш ҳамда янги инвесторларни жалб қилиш учун OpenAI тузилмасини тўлиқ тижорий бошқарув шаклига ўтказишни режалаштирган эди. Бироқ бу режадан воз кечилди ва компания ўзининг дастлабки нотижорий мақсадларига содиқ қоладиган бўлди.
OpenAI сунъий интеллект технологияларини инсоният манфаати учун ишлатишни ўзининг бош мақсади қилиб белгилаган. 2015 йилда ташкил этилган бу компаниянинг асосчиларидан бири машҳур тадбиркор Илон Маск бўлган эди. Дастлаб компанияга Илон Маск ва Сэм Алтман биргаликда раислик қилишган. Шу билан бирга, унинг бош вазифаси инсоният фойдаси учун сунъий интеллект соҳасида тадқиқотлар олиб бориш деб белгиланган эди.
Бироқ 2018 йилда OpenAI фаолияти тижорийлашганидан норози бўлган Илон Маск уни тарк этган ва компания тўлиқ Сэм Алтман бошқарувига ўтган. Компаниянинг стратегик ҳамкори Microsoft корпорацияси бўлиб, у кейинги йилларда OpenAI га катта ҳажмда инвестиция киритган ва шунинг ортидан компания сунъий интеллект соҳасида етакчи ўринга чиққан.
Компания раҳбариятининг янги қарори эса жамоатчиликда ижобий қабул қилинди. Мутахассисларнинг фикрича, OpenAI нотижорий тузилма сифатида қолиши, унинг илмий тадқиқотларга кўпроқ аҳамият қаратиши ва сунъий интеллект технологияларини хавфсиз, фойдали шаклда ривожлантириш имкониятларини кенгайтиради.
Ҳозирги кунда OpenAI компанияси GPT моделлари, хусусан ChatGPT маҳсулоти билан бутун дунёга машҳур бўлиб, миллионлаб фойдаланувчиларнинг кундалик ҳаёти ва иш жараёнини енгиллаштириб келмоқда.
Энди компаниянинг янги қароридан кейин, бу технологияларни янада такомиллаштириш ва инсоният манфаати йўлида хавфсиз фойдаланиш масаласи янада юқори даражадаги назорат остига олиниши кутилмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар