date

Хориждаги ўзбекистонликлар учун онлайн тўлов муаммоси ҳақида

Хориждаги ўзбекистонликлар учун онлайн тўлов муаммоси ҳақида
Сўнгги вақтларда хорижда яшовчи ўзбекистонликлар банкинг иловаларида фойдаланишда жиддий муаммоларга дуч келмоқдалар. Телефон алмаштириш ёки иловани қайта ўрнатиш ҳолатларида фойдаланувчилардан шахсини қайта тасдиқлаш талаб қилинмоқда, лекин бу жараён фақат Ўзбекистон ҳудудида амалга оширилиши мумкин.

Шунингдек, банклар тасдиқлаш кодларини фақат телефон орқали юбориб, электрон почта орқали юборишни йўлга қўймаган. Бу эса хориждаги ўзбекистонликлар учун қўшимча қийинчиликларни келтириб чиқармоқда.

Марказий Банк маълумотларига кўра, бу чекловлар киберхавфсизликни кучайтириш мақсадида жорий этилган. Сўнгги йилларда банк карталари билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатларининг кўпайиши сабабли, 2024 йил сентябр ойидан бошлаб банкнинг иловаларига илк марта кириш ёки янги қурилмада қайта рўйхатдан ўтиш фақат Ўзбекистон ҳудудида амалга оширилиши шарт қилиб белгиланган.

Аммо аввалдан рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар хорижда банкнинг иловаларидан фойдаланишда давом этишлари мумкин. Марказий Банкнинг Киберхавфсизлик маркази раҳбари ўринбосари Даврон Абдуллаевнинг таъкидлашича, бу чора фирибгарлик ҳолатларининг олдини олиш учун зарур эди.

Шу билан бирга, банклар мижозларга ёрдам бериш учун 24 соатлик колл-марказлар ташкил қилган. Махсус ҳолатларда мижозлар банк ходимлари билан видеоконференция орқали шахсини тасдиқлаш имкониятига эга бўлади.

Бироқ, хориждаги фойдаланувчилар СМС кодларнинг фақат Ўзбекистон телефон рақамларига юборилиши, электрон почта орқали тасдиқлаш имконияти йўқлиги ҳақида шикоят қилмоқда. Иқтисодчи Ботир Қобилов ушбу муаммони Телеграмдаги постида танқид қилиб, СМС орқали тасдиқлашдан воз кечиш ва email ёки пуш-хабарномаларни жорий этишни таклиф қилди.

Мутаҳассисларнинг фикрича, Ўзбекистонда банк хизматларига қўлланилаётган қатъий географик чекловлар фойдаланувчиларга ноқулайлик туғдирмоқда. Замонавий технологиялар ёрдамида хавфсизликни таъминлаш билан бирга қулайликни сақлаб қолиш мумкин.

Масалан, адаптив аутентификация, видео орқали шахсни аниқлаш ва биометриядан фойдаланиш каби технологиялар самарали ечим бўлиши мумкин. Марказий Банк халқаро тажрибани ўрганиш мақсадида KPMG компанияси билан ҳамкорликда кенг кўламли таҳлилларни бошлаган.

Улар банкнинг инфратузилмаси ва киберхавфсизлик тизимларини такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқадилар. Ушбу жараён 2025 йил давомида якунланиши кутилмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » Хориждаги ўзбекистонликлар учун онлайн тўлов муаммоси ҳақида