11:01 / 24.06.2017
8 620

Самарқанддаги қуёш фотоэлектр станцияси қачон ишга тушади?

Самарқанддаги қуёш фотоэлектр станцияси қачон ишга тушади?
Бундан тўрт йил олдин Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Муқобил энергия манбаларини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони эълон қилингач, юртимизда электр энергиясини ишлаб чиқариш учун қуёш энергиясидан фойдаланиш бўйича лойиҳалар тайёрланди. Ана шундай лойиҳалардан бири Самарқанд вилоятида 100 МВт қувватли қуёш фотоэлектр станциясининг қурилишидир.

Шу муносабат билан, лойиҳанинг амалга оширилиши бўйича таҳририятимизга саволлар кела бошлади: "Қуёш фотоэлектр станцияси қуриладими, йўқми?". Жанубий-ғарбий магистрал электр тармоқлари қуёш фотоэлектр станцияси бош муҳандиси Жамшид Хайруллаев билан шу ҳақда суҳбатлашдик.

– Мазкур лойиҳа катталиги жиҳатдан Марказий Осиёда ягона ҳисобланади, – дейди Ж.Хайруллаев. – Станцияни барпо этиш эса, аввало, бир неча босқичли тайёргарлик ишларини талаб этади. Бугунги кунгача ана шу тайёргарлик ишларининг катта қисми ниҳоясига етказилди. Вилоят ҳокимининг қарори билан Паст Дарғом туманидан 254 гектар ва Нуробод туманидан 150 гектар ер майдони ажратилгач, танланган ер тозаланиб, архитектура режалаштириш, топологик суратга олиш ва геологик текширув ишлари амалга оширилди. Мазкур ҳудуддан ўтувчи канал устидан кўприк қурилди. Паст Дарғом туман Торариқ қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида тўрт километр йўлга қум ва шағал ётқизилиб, мустаҳкамлаш ишлари тугатилди.

Худди шундай Самарқанд – Қарши автомобиль йулидан вақтинча фойдаланиш учун етти километр масофада таъмирлаш ишлари бажарилди. Шунингдек, объект ҳудудини симтўр тўсиқлар билан ўраш, 7,2 километрли ҳаво линияси, трансформатор, "Сувли-Согдиана ВЛ 220 кВ" кириш-чиқиш ҳаво линияси учун устунлар ҳамда фундаментлар ўрнатиш каби ишлар бажарилди.

– Лойиҳанинг асосий қисми, қуёш батареялари ўрнатиш ишларига қачондан киришилади ва ниҳоясига етказилади? Молиялаштириш ишлари қай тарзда бажарилади?

– Умуман, тайёргарлик жараёнида 2014 йилнинг ўзида 1 миллиард 600 миллион сўмликдан зиёд, 2015 йилда эса 3 миллиард 142 миллион сўмлик қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилди.

2016 йил декабрь ойида фотоэлектр станцияни ўрнатиш бўйича халқаро тендер ўтказилди. Унда Хитойнинг «Zhuhai Singyes Green Building Technology» компанияси ғолиб чиқиб, икки йил ичида қуёш электр станцияси қуриб битказиш мажбуриятини олди.
– Лойиҳа ишга тушгач…
– Жанубий-ғарбий ҳудудни мустаҳкам, узлуксиз электр энергия билан таъминлаш, Самарқанд вилояти халқ хўжалиги объектлари ва аҳолиси электр энергия таьминотининг мустаҳкамлигини ошириш, табиатга заҳарли газлар чиқарилишини қисқартириш имкони яратилади.

– Мутахассисларнинг таъкидлашича, қуёш панелларида чанг ғуборларнинг тўпланиши уларнинг фаол ишлашига йўл қўймас экан. Денгиз қирғоқларидан узоқ ва ҳаво намлиги нисбатан кам бўлган мамлакатлар каби бизда ҳам ҳаво таркибида чанг заррачалари нисбатан кўп. Бу янги станция фаолиятига таъсир ўтказмайдими?

– Йўқ, бир неча йиллардан буён қатор хўжалик юритувчи субъектларда электр манбаи сифатида қуёш батареяларидан фойдаланиб келинмоқда. Мабодо, чанг зарралари тўпланиб қолса, уларни ювиб ташлаш мумкин. Дарвоқе, қуёш фотоэлектр станцияси ҳудудида артезиан қудуқлар ва бошқа cув манбалари қурилиб, ускуналар билан жиҳозланди. Бу эса юзага келган муаммони осонлик билан бартараф этиш имконини беради. Қолаверса, бугунгача ушбу станциянинг барча томонларида мевали ва манзарали дарахтзорлар барпо этилди.

Манба: 1news.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » Самарқанддаги қуёш фотоэлектр станцияси қачон ишга тушади?