
Илон Маскнинг SpaceX компаниясига тегишли сунъий йўлдош тармоғи оператори Starlink халқаро телекоммуникация холдинги Veon билан стратегик келишувга эришди. Ушбу ҳамкорлик Starlink сунъий йўлдош алоқаси хизматларини Veon'нинг Ўзбекистондаги “Beeline” бренди остидаги мобил тармоғига интеграция қилиш имконини яратади.
Ҳамкорлик натижасида “Direct to Cell” технологияси жорий этилади. Бу технология оддий смартфонларни тўғридан-тўғри Starlink сунъий йўлдошларига улаш имконини беради.
Ушбу инновация анъанавий ерусти инфратузилмаси, масалан, мобил алоқа минораларига бўлган эҳтиёжни йўқ қилади ва айниқса, мамлакатнинг чекка ва қийин етиб бориладиган ҳудудларида алоқа қамровини таъминлашда долзарб аҳамият касб этади. Veon ва Starlink ўртасидаги глобал доиравий келишув телекоммуникация соҳасида ўзига хос биринчи бўлиб, Veon фаолият юритадиган бир нечта бозорларда амалга оширилади.
Келишувга кўра, хизматлар босқичма-босқич жорий этилади. Дастлаб бу технология Қозоғистон ва Украинада ишга туширилади.
Кейинчалик Veon фаолият олиб борадиган бошқа мамлакатларда, жумладан, Ўзбекистон, Покистон ва Бангладешда хизматларни ишга тушириш режалаштирилган. Ўзбекистонда хизматни ишга туширишнинг аниқ санаси ҳали эълон қилинмаган бўлса-да, аввалроқ хизмат 2026 йилда мавжуд бўлиши мумкинлиги тахмин қилинган эди.
Таъкидлаш жоиз, Starlink Қозоғистонда тижорат фаолиятини 2025 йилнинг август ойида, мамлакатнинг Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлиги билан тегишли келишув имзоланганидан сўнг бошлаган. Қозоғистонда хизматларнинг ишга туширилиши Марказий Осиё учун участка лойиҳа сифатида қабул қилинган.
Бу ерда хизмат аввалига хабар алмашишни йўлга қўйишни, кейинчалик эса маълумот узатиш ва овозли алоқа функцияларини қўшишни назарда тутади. Ҳамкорликнинг асосий мақсади рақамли тенгсизлик муаммосини ҳал қилиш ва ердаги тармоқ қамрови заиф ёки мавжуд бўлмаган ҳудудларда барқарор алоқа таъминлашдир.
Veon бош директори Каан Терзиоғлунинг таъкидлашича, ерусти тармоқларининг имкониятлари чекланган ва ишончли алоқа таъминлаш учун космик ва ерусти технологияларини бирлаштириш зарур, айниқса, табиий офатлар ёки энергия етишмовчилиги шароитларида.
Starlink Ўзбекистонда интернетни ишга тушириш учун ҳамкор топди
Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг