Фото: Беҳруз Ҳамзаев
Жорий йилнинг 13-15 апрель кунлари World Coronavirus Virtual Conference платформаси остида халқаро онлайн конференция ўтказилади. Kun.uz мухбири конференция ташкилотчиси – World Influencers Network асосчиси Беҳруз Ҳамзаев билан суҳбатда бўлди.
Конференцияда пандемиядан энг кўп зарар кўрган соҳалар, жумладан, иқтисодиёт, туризм, авиация, бизнес ва бошқа 25та соҳаларда қандай вазият кузатилиши, муаммо ечимлари бўйича спикерлар ўз фикрлари билан ўртоқлашади.
– Халқаро конференция мақсади нималардан иборат?
– Бутун дунёда пандемияга қарши қаттиқ кураш кетмоқда. Барча тармоқлар жуда катта инқирозга юз тутмоқда. Ҳар бир мамлакат, жумладан, Ўзбекистон иқтисодиёти ҳам оғир даврни бошдан кечиряпти. Ҳукумат вазиятдан иложи борича камроқ талафот билан чиқиб олишга ҳаракат қиляпти. Кўрилаётган оқилона чора-тадбирларни қўллаб-қувватлайман.
Мана шундай вазиятда биз фуқаролар нима қилишимиз мумкин, деб ўйладим. Халқаро тажрибани битта платформага йиғиб, ҳар бир тармоққа фойдаси тегадиган йўл хариталарини тузиш ғояси келди.
Шунга асосан илк маротаба World Coronavirus Virtual Conference номи остида бутун дунёдан сиёсатчи, шифокор, йирик фармацевтик компаниялар эгалари, бизнес соҳаси вакилларини виртуал конференция атрофига йиғмоқчимиз. Ҳар бир мутахассис ўз соҳасидан келиб чиқиб, коронавирус таъсирини юмшатиш бўйича қимматли тавсиялар беради.
Конференция мавзуси – коронавирус пандемиясининг келиб чиқиши, бугуни ва эртаси
Мақсадларимиз аниқ. Биринчидан, эпидемия олдини олишга қаратилган энг самарали тажрибаларни ўрганиш. Иккинчидан, COVID-19нинг иқтисодиётга таъсирини юмшатиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш. Учинчидан, инқироздан чиқиб кетишда йўл харитаси ишлаб чиқиш. Тўртинчидан, коронавирус таъсири бўйича қисқа, ўрта ва узоқ муддатли прогнозлар қилиш.
– Конференцияда қатнашувчи экспертлар билан қандай боғландингиз?
– Касбим тақозоси билан кўплаб халқаро бизнес форумларда қатнашганман. У ерда таниқли сиёсатчи, бизнес вакиллари ва бошқа мутахассислар билан танишиб, мустаҳкам алоқа ўрнатиш имконияти бўлган. Айни вақтда дунё бўйлаб 500 нафарга яқин турли соҳа вакиллари билан алоқа ўрнатганман. Онлайн конференция ўтказиш таклифи билан чиққанимда кўпчилиги рози бўлишди.
Уларнинг кўпчилиги билан LinkedIn бизнес тармоғи орқали боғландим. Microsoft компанияси асосчиси, миллиардер Билл Гейтс, рафиқаси Миленда Гейтс билан боғланиш учун эса уларнинг ишчи электрон почтасини қидириб топдик ва ўз мақсадимизни тушунтирдик. Тез кунларда ижобий хулоса олиш ниятидамиз.
Виртуал конференцияда қатнашиши тасдиқланган экспертлар
– Конференция қай тартибда ўтказилади?
– Бунда ҳар бир спикер ўз соҳаси бўйича тажрибалари билан ўртоқлашади. Масалан, бизнес вакиллари коронавирус пандемияси давридан қандай қилиб камроқ талафотларсиз чиқиш усуллари ҳақида илмий асосланган тавсиялар беришади. Иқтисодчилар эса инқироз даврида ҳукуматлар қандай таъсирчан чоралар кўриши лозимлиги борасида фикрларини айтишади.
Масалан, Янги Зеландиянинг Open Politic университети асосчиларидан бири Дейв Московиц карантин вақтида қандай қилиб самарали онлайн таълим олиш мумкинлиги мавзусида гапиради.
Спикерлар турли мамлакатлардан бўлгани учун уларни битта платформага йиғиш қийин бўлди. Шундан келиб чиқиб, конференция форматини ўзгартириб, техник носозликларга учрамаслик учун спикерларнинг чиқишини олдиндан тайёрланган интервью шаклида намойиш этамиз.
Спикерлар пандемия таъсирига тушган соҳаларда қандай ўзгаришлар бўлиши, бунда нималар қилиш кераклиги бўйича мулоҳазаларини билдиришади.
Битта спикер учун 20 дақиқа вақт ажратилган. Уларнинг нутқини Facebook, Youtube тармоқларида ва конференция расмий сайтида онлайн трансляция қиламиз.
Бундан ташқари, спикер нутқида энг муҳим лавҳаларини олиб, 1 дақиқалик видеолар тайёрлаймиз, бунда инфографикали маълумот ҳам узатилади.
Конференция инглиз тилида бўлиб ўтади. Рус, ўзбек тилларида ҳам субтитр қўйишга ҳаракат қиламиз.
Ушбу экспертларга таклиф юборилган, ҳозирда уларнинг жавоби кутилмоқда.
– Тадбирни ўтказиш учун қанча маблағ ажратилди?
– Онлайн конференцияни ўтказиш учун ўз шахсий маблағимни сарфламоқдаман. Бунда молиявий мақсадлар кўзланмаган. Конференцияни ташкиллаштиришда хорижлик экспертлар ҳам яқиндан ёрдам беришяпти.
Таклиф этилган кўплаб экспертлар маълум ҳақ эвазига ўз таклиф-тавсияларини беришади. Аммо биз уларга мавжуд вазиятни тушунтирдик ва бепул асосда ўз тажриба, тавсиялари билан ўртоқлашишга рози бўлишди.
– Экспертлар тавсия-таклифлари амалиётда қанчалик акс этиши мумкин?
– Биз платформада энг кучли спикерлар гуруҳини туздик. Уларнинг ҳар бири эндиги вазиятда қандай йўл тутиш кераклиги бўйича тавсияларини беришади. Ўзбекистондаги шу соҳа вакиллари ҳам хорижлик ҳамкасблари тажрибалари билан танишиш имкониятига эга бўлишади.
Масалан, спикерлар томонидан таълим бўйича берилаётган тавсиялар Ўзбекистондаги шу соҳа масъуллари томонидан ўрганиб чиқилиши, ҳаётга татбиқ этилиши ҳам мумкин. Қанчалик амалиётда акс этиши ваколатли ташкилотларга боғлиқ. Мақсадимиз – шу икки томон ўртасида восита вазифасини бажариш.
Конференция тугагандан сўнг спикерлар нутқидан кейинчалик фойдаланиш учун аудио кўринишида Telegram-каналга жойлаймиз. Бундан ташқари, ҳар бир спикер нутқини матн кўринишида ҳам берамиз.
Муҳаббат Мамирова суҳбатлашди.
Эслатиб ўтамиз, Беҳруз Ҳамзаев – 2019 йили Ўзбекистонда ташкил этилган World Influencers Congress (WIC-2019)нинг ҳам ташкилотчиси ҳисобланади. Ушбу тадбир доирасида Ўзбекистонда бутун дунёдан юзга яқин таниқли блогерлар ташриф буюрганди. “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Ҳар пайшанба жисмоний тарбия ва спорт куни сифатида белгиланади
Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”
Суперлига. ОКМК сафарда "Пахтакор"ни мағлуб этди ва 11 йиллик қора анъанага чек қўйди
Мeтаболизм секинлашганининг белгилари
Ҳусийлар Исроил авиабазасига гипертовушли ракета билан зарба берди
Туркия ўзининг биринчи квант компютерини тақдим этди