23:30 / 25.10.2020
4 345

«Ойига 5 000 – 7 000 АҚШ долларигача даромад топяпман!..» Фрилансер Сардор Исломов билан суҳбат

«Ойига 5 000 – 7 000 АҚШ долларигача даромад топяпман!..» Фрилансер Сардор Исломов билан суҳбат
Фото: Xabar.uz
Фрилансерлик ортидан ойига 7 000 АҚШ долларигача даромад топаётган ёш дастурчи Сардор Исломов билан «Xabar.uz» суҳбат уюштирди.
Ҳозирги кунда у Payme компаниясида мобил дастурчи сифатида фаолият кўрсатади. Сардор билан суҳбатимиз IТга қизиқиши, фрилансерлик, ёш дастурчиларга тавсиялари ва шу каби бошқа мавзуларда кечди.

– Сардор IT-соҳасини танлашингизга айнан нималар сабаб бўлган?
– Очиғи, болалигимда машина конструктори бўлишни орзу қилганман. Яъни, улғайиб «General Motors Uzbekistan» компаниясида етакчи инжинер сифатида ишлайман, деб ўйлардим.

Шу боисдан мактабни тамомлаб, Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети қошидаги академик лицейга ўқишга кирдим ва у ерда математика, физика фанлари ҳамда инглиз тилини чуқур ўргана бошладим. Лицей давридаги 3 йиллик ҳаракатларим ўз самарасини кўрсатиб, Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетига грант асосида қабул қилиндим.

Бироқ ўша йили яқин дўстим Тошкентдаги Инҳа университети ҳақида анча илиқ фикрларни айтиб қолди. У университет қошидаги ўқув марказида таҳсил олар эди. Унинг ўқиш муҳити, профессор-ўқитувчиларнинг дарс ўтиш методи тўғрисидаги гаплари мени ҳам қизиқтириб қўйди.

Ўша пайт университетда ташкил қилинган Google I/O 2015 конференциясида иштирок этиб, дўстимнинг гаплари тўғри эканлигига амин бўлдим. Шундан сўнг, мазкур таълим даргоҳига ўқишга киришга ва ўз ҳаётимни IT-соҳаси билан боғлашга қарор қилдим.

2019 йили Инҳа университетининг Дастурий инжинеринг йўналишини тамомладим.
Ҳозирги кунда Payme компаниясида мобил дастурчи сифатида ишлаб келяпман.

– Фрилансерлик фаолияти қачондан бошлаган?
– Фрилансерлик фаолиятим бакалавр давридан бошланган. Ўша вақтлари университетдаги бир дўстим бу яхши соҳа эканлиги ва қандай қилиб фрилансер бўлиш ҳамда қаердан лойиҳалар олишни ўргатган. У кўпинча руслар билан ишларди ва бошида менга ўзининг мижозларидан бир нечтасини берди. Шундай қилиб, катта-кичик дастурий лойиҳалар қила бошладим.

Бошланишида бироз қийналдим, лекин машаққатсиз натижага эришолмаслигимни тўғри тушунганман. Секин-аста катта лойиҳаларни ҳам муваффақиятли якунлашни ўргандим.

Кейин ўзимга савол бердим: қандай қилиб, Европа, АҚШдаги мижозлар билан ишласам бўлади? Буни уддалай оламанми?
Сабаби уларда жуда кўп қизиқ лойиҳалар бор бўлиб, бажариш эвазига яхшигина ҳақ тўлашади.

Кейинроқ, Toptal, Fiverr, Upwork ва Stringflix каби платформаларидан лойиҳалар ола бошладим. Мазкур платформалардан ойига 5 000 АҚШ долларидан 7 000 АҚШ долларигача даромад топяман.

Сардор Исломов. Фото: Xabar.uz
– Фрилансерликнинг ўзи нима эканлигини кўплар билавермайди. Сизнингча, бунда нимани тушуниш керак?
– Ўйлашимча, барча соҳа вакиллари фрилансер бўла олади. Масалан, ёзувчи, видеомонтажчи, ошпаз, журналист, ҳуқуқшунослар ҳам фрилансерлик қилиши мумкин. Шунинг учун уни фақатгина дастурлаш соҳаси билан боғлаш керак эмас. Аммо дастурлаш соҳаси фрилансерликни жуда оммабоп қилиб юборди.

Аслида, фрилансерлик бу – бирор бир касб эгасининг маълум бир ширкат ёки корхонага бевосита боғлиқ бўлмасдан, мустақил равишда лойиҳалар ва вазифаларни белгиланган муддат ҳамда маблағ эвазига қилиб бериши ҳисобланади.

Коронавирус пандемияси даврида фрилансерликка эътибор кучаймоқда. Бу юртимизда ҳам ўз ўзини банд қилиш орқали аҳолининг камбағал қатламини камайтиришга ёрдам беради.

– Бугунги кунда Ўзбекистондаги муваффақиятли стартаплардан бири – Payme компаниясида ҳам ишлаяпсиз. Мазкур компаниядаги вазифангиз ўзи нимадан иборат?
– Payme компаниясида 2019 йилнинг июнь ойидан мобил дастурчи сифатида иш бошлаганман.
Компанияга асли 2014 йили Сарвар Рўзметов ва Олег Гевергеслар асос солишган.

Компаниямиз ҳозирги кунда ҳаммага оддий ҳисобланган картадан картага пул ўтказиш, коммунал тўловлар, хусусан газ, электр, интернет, телефон, жарима ва шу кабиларга онлайн тўловни мобил илова орқали амалга ошириш хизматини тақдим этади.

Асосчиларнинг айтишича, аввалбошида мобил иловага ҳеч ким ишонмаган. Аммо улар ўз лойиҳаларига содиқ қолиб, иловани бозорга таклиф қилишган ва у бугунги кунда кутилган натижага эришди.

– Суҳбатимиз аввалида фрилансерлик ортидан яхши даромад топаётганингизни айтдингиз. Бунга эришиш осон бўлмаган бўлса керак?
– Албатта, бу натижага эришиш осон кечгани йўқ. Бунга эришиш учун мен 3 йил давомида дам олиш кунлари уйда мустақил дастурлаш билимларини, хусусан интернетдан 6 ой давомида 100-150 АҚШ доллар бўлган дастурлаш курсларини сотиб олиб ўргандим. Қимматли вақтимни тўғри тақсимлашга, беҳуда сарфламасликка ҳаракат қилдим. Умуман, 3 йил давомида 12-14 соатлаб ўз устимда ишладим. Инглиз тилини янада чуқур ўрганишга интилдим. Негаки, дастурлаш ва инглиз тили бир бирига чамбарчас боғлиқ. Ўша вақтлар очиғи одамлар билан кам мулоқот қилишга тўғри келган.

Лекин бирор нимага эришиш учун, нимадандур воз кечиш керак. Шунда кўзланган натижага эришилади.

– Мамлакатимизда соҳангизнинг янада ривожланиши учун қандай таклифлар бера оласиз?
– Юртимизда фрилансерлар учун шароитлар яхшиланмоқда. Мисол учун фрилансерлар солиқлардан озод қилинди. Бу имконият шахсан ўзимни хурсанд қилди.

Ўйлайманки, бу ҳолатни янада яхшилаш мумкин. Масалан, ўзбек тилида дастурлашга оид курслар ва контентларни кўпайтиришни таклиф қилган бўлардим. Сабаби кўпчилик болалар инглиз тилини билмайди.

Кейин мавжуд дастурлаш курслари ҳақидаги тарғиботни кучайтириш зарур. Боиси биргина IT Parkнинг дастурлашга доир бепул курслари бор. Аммо буни кўпчилик билавермайди.

Шунингдек, пуллик дастурлаш курсларини арзонлаштириш тарафдориман. Чунки, аксарият ўқув марказларида дастурлашга оид курслар ўртача 1 – 2 миллионни ташкил этади. Бу назаримда жуда қиммат.

Шунингдек, дастурлашни ўрганиш учун албатта компьютер керак. Шунинг учун дастурлашга мос келувчи компьютер ва шу каби қурилмаларни божхона тўловларидан озод қилиш ёки камайтириш зарур. Бу борадаги маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолиятини ҳам ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш яхши самара беради, деб ўйлайман.

Шу билан бирга, интернет нархларини арзонлаштириш, тезлигини ошириш ва унинг кўламини чекка ҳудудларга қадар кенгайтириш, coworking марказларни кўпайтириш кабиларни ҳам санаб ўтишим мумкин.

– IT-соҳасига кириб келмоқчи бўлган ва фрилансерлик қилиш ниятидаги ёшларга қандай тавсиялар бера оласиз?
- Ёш дастурчиларга тавсиям: вақтни тўғри тақсимланг. Масалан, 2 йил давомида кунига 14 соатдан ўз устингизда ишласангиз, шу вақт мобайнида 7 соат ўз устида ишлаган одамдан сиз 2 йил олдинда бўласиз. Ўз соҳангизнинг еткачи мутахассиси бўлиш учун унга камида 10 000 соат вақт ажратинг.

Иложи борича кўпроқ маълумотларни интернетдан мустақил ўрганинг. 2-3 ойда назарий маълумотга эга бўлгандан кейин маҳаллий фирма ва корхоналарга, текинга дастурий лойиҳа қилиб бериш таклифини беринг. Бу тажриба тўплашга катта ёрдам беради. Бугун, эрта қийин бўлиши табиий. Аммо ундан кейин барчаси оддий ва осон ҳамда меҳнат меваси ширин бўлади.

– Келажакдаги режаларингиз қандай?
– Келажакда хориж тажрибасини яхши ўрганиб, чет элда машҳур бўлган бизнес компанияларни ўзимизда маҳаллий қилиб очишни режа қилганман.

Шунингдек, ёшларимизни мамлакатимизнинг ўзида иш билан таъминлаш ва жаҳонда «ўзбек бренди» сифатида таниладиган шахсий компания очиш ҳам мақсадларимдан бири.

Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » «Ойига 5 000 – 7 000 АҚШ долларигача даромад топяпман!..» Фрилансер Сардор Исломов билан суҳбат