12:36 / 11.02.2023
525

Семизликни дори-дармонлар билан даволаш мумкинми?

Семизликни дори-дармонлар билан даволаш мумкинми?
Улуғ ҳаким Арастудан: «Сен нега сира касал бўлмайсан, бошқалардан фарқинг нимада?» деб сўрашганида у: «Бошқалар ейиш учун яшашади, мен эса яшаш учун ейман», деб жавоб берган экан. Бир донишманддан: «Дарднинг келиши нимадан?» деб сўрашибди. У: «Баднафсликдан», деб жавоб берибди. Ундан: «Бунинг давоси нимада?» деб сўрашса, «Нафсни тийиш», деб жавоб берибди.

ЖССТ маълумотларига кўра, сўнгги 30 йилда дунёда семиз одамлар сони уч баравар кўпайган. Энг ёмони, 2030 йилга бориб Ер юзи аҳолисининг қарийб 45 фоизи семириб кетиши мумкин. Хўш, бу ҳолатнинг олдини олиш учун мутахассислар қандай тавсиялар беради?

Олмазор туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Азизбек Низамов шундай дейди:
Семизлик тана вазни белгиланган меъёрга нисбатан 20 фоиз ва ундан кўпроқ ортиши билан намоён бўлади. Бу, энг аввало, нотўғри овқатланиш, яъни юқори калорияли озиқ-овқатлар, шакарли ва спиртли ичимликларни ортиқча истеъмол қилиш, уйқу бузилиши ва кам ҳаракатлилик оқибатида юзага келади.

Овқат қанча ёғли бўлса, унда шунча кўп калория мавжудлигини ёдда тутиш лозим. Одатда 1 грамм ёғ 9 ккалга, 1 грамм оқсил ёки углеводлар эса 4 ккалга тенг.

Кунига атиги 23 грамм қўшимча ёғ истеъмол қилган одам, йилига 8 килограмм семириши мумкин. Агар таомда 10-15 фоиз оқсил ва 30-35 фоиз ёғ бўлса, рацион мувозанатли ҳисобланади. Углеводлар эса 50-75 фоизни ташкил этиши керак.

Шакар, нон ва ширинликлардан 10 фоиздан кўп энергия олмаслик керак. Қолган қувватни мева, сабзавот ва дон маҳсулотлари ёрдамида тўлдириш мумкин.

Семизликдан халос бўлиш учун кўпроқ жисмоний ҳаракат ва парҳез зарур. Ҳар иккиси уйғунликда олиб борилса, натижа янада яхшироқ бўлади. Бироқ йўқотилган вазн нотўғри овқатланиш туфайли қисқа муддатда икки баробар кўпроқ қайта йиғилишига олиб келади.

Шу сабабли озиш аста-секинлик билан амалга оширилиши мақсадга мувофиқ.

Ҳозир семизликни дори-дармонлар билан даволаш оммалашмоқда. Аммо ўтказилган тадқиқотларга кўра, бу нохуш асоратларни келтириб чиқариши билан бирга, самарасиз амалиёт ҳисобланади.

Муҳаммад ибн Закариё Ал-Розий ўзининг “Тиббиёт қомуси” китобида семизлик ҳақида ўз қарашларини ёзади. Олим ўзидан аввал ўтган Гиппократ, Руфус, Гален, Орибаскус каби тиббиёт билимдонларининг бу борадаги фикрларини таҳлил қилади. Ва улардан фарқли жиҳатларни қайд этади. Семиришга қарши кураш борасида ҳам ўзгача фикр билдиради.

Семиришни даволаш қадимги дунё табиблари фаолиятида ҳам кузатилган.

Масалан, Жолинус(Гален)нинг фикрича, ментал фаоллик инсоннинг семириб кетишининг олдини олади. Ар-Розий эса семиришга қарши курашда ўз даволаш методини яратди. Яъни семиришга қарши турли дорилар, парҳез, жисмоний машқлар, массаж, сув билан муолажа қилиш(гидротерапия) ва турмуш тарзини ўзгартириш сингари услубларни қўллайди.

Абу Али ибн Сино (980–1037) “Тиб қонунлари” китобида бу ҳақида алоҳида тўхталиб ўтган. Ибн Ҳубал ал-Бағдодий (1121–1213) ҳам семириш касаллиги ҳақида қизиққани маълум. Улар семиришга қарши курашда оч қоринга оғир жисмоний машқларни тавсия қилишган.

Ибн ал-Нафис (1207–1288) ўзининг «Ал Мужаз Фит-Тибб» асарида семизликнинг юрак-қон томир ва респиратор касалликлари билан боғлиқ томонлари ҳақида ёзади:

«Семириш – бу инсон организмнинг сиқилиши, эркин ҳаракатларининг чекланиши ва нафас олишининг қийинлашиши. Семиз одамларда қон томирларининг ёрилиши оқибатида вафот этиши ҳавфи юқори бўлади. Яъни мия ёки юракдаги қон томирларининг ёрилиши кутилмаган ўлимга олиб боради. Улар нафас сиқиши ва юрак ўйноғидан азият чекишади».

Кўп ейиш ибодатдан завқ олишга монеълик қилади. Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу шундай деганлар: “Аллоҳга бўлган иштиёқдан айрилмаслик учун мусулмон бўлганимдан кейин тўйиб овқат емадим, қониб сув ичмадим”.

Сўзимизнинг охирида Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг қуйидаги сўзларини келтирамиз: “Мен умматимнинг семириб, қорин солишидан хавфдаман”.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Семизликни дори-дармонлар билан даволаш мумкинми?