Келинг, бир вазиятни тасаввур қилайлик: сиз стулда ўтириб, компьютерда узоқ ишлайсиз. Кейин тугатасиз ёки танаффус кераклигини тушунасиз ва бир оз дам олишга қарор қиласиз. Тўсатдан ўрнингиздан турасиз, кейин ғайриоддий бир нарса юз беради: бехосдан бошингиз айлана бошлайди, кўз олди қоронғилашади ва ҳатто йиқилиб тушаётгандек бўласиз.
Кўзни пирпиратиб, қўлларингиз билан дуч келган биринчи мебел қисмини ушлайсиз. Кейин аломатлар қандай тез пайдо бўлган бўлса, шу тарзда йўқолганини пайқайсиз. Ишончимиз комилки, бу ҳолат билан танишсиз, деб ёзади Wday нашри. Шунинг учун ушбу ҳодисанинг сабаби нима эканлигини тушунтиришга ҳаракат қиламиз.
Бошқа аломатлар
Кўз олди қоронғилашиб, бош айланишидан ташқари, одам бошқа бир қатор аломатларга дуч келиши мумкин. Масалан:
- Ҳолсизлик;
- Қулоқ битиши;
- Терлаш (совуқ тер чиқиши);
- Рангпарлик;
- Оёқда тик тура олмаслик;
- Бошдаги оғирлик;
- Вақт ва маконни англашнинг йўқолиши;
- Ақлий фаолиятнинг пасайиши;
- Кўнгил айниши.
Одатда бу ҳолат, тахминан, 3-4 сония давом этади, аммо баъзи ҳолларда қисқа муддатли онгни йўқотиши мумкин.
Кўз олди қоронғилашиши ва бош айланиши сабаблари
Бош айланиши ва кўз олди қоронғилашиши мияда аноксия пайдо бўлиши билан боғлиқ, яъни кислород мияга етиб бормайди, деб тушунтиради Наталя Ахтамова. Бу ҳолат тананинг позицияси ва томирлардаги босим кескин ўзгаргани сабабли содир бўлади. Бу эса ўз навбатида қон босимининг пасайишига олиб келади.
Шунинг учун қон мияга етиб бормайди. Оптик нервлар жуда сезгир бўлиб, улар миянинг кўриш учун масъул бўлган қисмидир. Шунинг учун кўз олди қоронғилашади ва ҳатто қисқа муддатли онгни йўқотиш юз беради.
Бунинг сабаби босим билан боғлиқ муаммо ҳам бўлиши эҳтимоли мавжуд: юқори қон босимида кўз олди қоронғилашиши пайдо бўлади. Аммо бу ерда бундай ҳолатнинг манбаи — қон томирлар спазмидир. Баъзан миянинг аноксияси (қон унга етиб бормаса) бошқа сабабга кўра юзага келади.
Бошқа сабабларга қуйидагилар киради:
- Ҳиссий стресс ёки доимий стресс;
- Кучли жисмоний фаоллик;
- Витамин ва озуқа моддаларининг етишмаслиги;
- Қондаги гемоглобин даражасининг кўтарилиши;
- Эндокрин тизим касалликлари (масалан, қандли диабет);
- Ҳомиладорлик;
- Сувсизланиш;
- Ортиқча иш;
- Миядаги яллиғланиш жараёнлари.
Шунингдек, бу ҳолат вазодилататорлар ва диуретиклар, шунингдек, антидепрессантларнинг акс таъсири натижасида юзага келади.
Фақат шифокор бир қатор текширувлардан сўнг сабабни аниқлаб, ташхис қўяди. Шунинг учун таърифланган белгиларнинг тез-тез пайдо бўлиши билан жиддий касалликлар эҳтимолини истисно қилиш мақсадида малакали мутахассисга мурожаат қилиш керак.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг