Сўнгги 30 йил ичида тана вазни юқори бўлган болалар сони тўрт мартага кўпайган, бунинг сабаби кунлик овқатланиш таркибидаги калория миқдори организм эҳтиёжидан ошиб кетганлигидан, яъни ортиқча овқатланишдан.
Ўсмирлардаги семизликнинг бошқа сабаблари ҳам мавжуд: ҳаракатсиз турмуш тарзи, кун тартибининг йўқлиги, сурункали уйқусизлик, психологик безовталик, эндокрин тизим касалликлари ва метоболик касалликлар. Шуни таъкидлаш керакки, эндокрин тизим касалликлари жуда кам учрайди. Аммо семириш сабабларини аниқлашда биринчи навбатда шундан бошлаш керак. Гипотериоз, қандсиз диабет, эпилепсия, мия ўсимтаси ва бошқа организм метоболизмини ўзгартириши мумкин бўлган касалликларни истисно қилиш керак. Муаммо овқатланиш маданияти ва ҳаракат етишмаслиги билан боғлиқлигига амин бўлсангиз, уни бартараф этишга киришишингиз мумкин.
Психолог нима дейди?
“Ўспиринлар, айниқса, қизлар бу масалада қилинган изоҳни, танқидни дилига яқин олади, тез ранжиб қолади, руҳий ноқулайликни, стресс ҳолатини кучайтиради ва оиладаги муҳитни ёмонлаштиради. Ота-оналар ва шифокорлар қизлар билан бу масалада жуда эҳтёткорлик билан ёндашишлари керак. Ўрта мактаб ўқувчилари бизнинг босимимизсиз ҳам ўзларини жуда танқид қилишади. Муаммони ҳал қилишда фақат фойдали маслаҳатларнинг ўзи камлик қилади, сиз ўспириннинг ишончини қозонишингиз керак, яхши сўз билан қўллаб-қувватлашингиз керак”.
Танада вазннинг ортиқча бўлиши организмга салбий таъсир кўрсатиши муқаррар. Ортиқча вазн оқибатида: тез-тез бош оғрийди, қон босими кўтарилиши мумкин, кучли терлаш, тез чарчаш, жисмоний машқларда нафас етишмаслиги, тушкун кайфият, ўзининг танасига ва шахсига нисбатан руҳий салбий муносабат шаклланади.
Нима қилиш керак?
Ўспирин парҳезини, турмуш тарзини назорат қилиш натижа бермайди. Бутун оиланинг овқатланиш одатларини, турмуш тарзини ўзгартириш керак. Ортиқча ёғ — кўп овқатланишнинг натижасидир. Парҳез зарур, аммо монопарҳез зарарли, кескин овқатдан чеклаш организмни руҳий ва жисмоний стрессга туширади. Бундай диета тез оздиради, лекин қисқа муддатга ва асоратлар ҳам келтириб чиқаради.
Жумладан:
- стресс ҳолатида картизол кўпаяди бу метоболик жараёнларга салбий таъсир қилади;
- жисмоний ва ақлий фаолият учун зарур бўлган озиқ моддалар етишмаслигини келтириб чиқаради;
- диққатни жамлаш фаолиятини пасайтиради, бу эса мактабда фанларни ўзлаштиришга салбий таъсир кўрсатади;
- организмда эндокрин тизимда патологияни ривожлантириши мумкин;
- терини, сочларни, тирноқларнинг ҳолатини ёмонлаштиради;
- организмни стрессга туширмаслик ва аста-секин мослашиш учун ўспиринларда вазн ҳафтасига 1-1,5 килограммга йўқотиш энг мақбули ҳисобланади.
Тақиқланган озиқ-овқатлар:
- хамир ва ёғга асосланган қандолат маҳсулотлари: пишириқлар, торт маҳсулотлари;
- ҳар турдаги снеклар (чипслар, “сухариклар”, писта ва бошқалар);
- ярим тайёр маҳсулотлар: колбаса, сосиска;
- юқори ёғли, крахмалли соуслар: майонез, кетчуп;
- шоколад, конфет маҳсулотлари;
- тез тайёрланадиган овқатлар;
- таркибида углеводлар миқдори кўп бўлган газли ичимликлар.
Фойдали озиқ-овқатлар:
- ёғсиз гўшт — мол гўшти, товуқ, барра қўй гўшти;
- балиқ ва денгиз маҳсулотлари;
- гречка, ясмиқ, гуруч;
- сабзавотлар, резаворлар, мевалар, қуритилган мевалар, янги сиқилган шарбатлар.
Агар “қора” рўйхатда болангиз яхши кўрадиган озиқ-овқатлар кўп бўлса, парҳезни аста-секин ўзгартиринг. Овқатланиш одатларини кескин ва мажбуран ўзгартириш керак эмас, бу вақт талаб қилади.
Жисмоний машқлар, спорт машқлари, рақс ўспирин ўғил-қизлар учун жуда зарурдир, чунки нафақат куч сарфланади, балки ўз-ўзини англашга, ҳурмат қилишга, тенгқурлари билан мулоқатда “уятчанлик” комплексдан қутулишга ёрдам беради, иродасини оширади, асосийси, мунтазам бажариш керак.
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг