12:44 / 08.09.2016
31 452

Дорисиз даво топишнинг 5 усули

Дорисиз даво топишнинг 5 усули

Дорилар кўпинча касаллик белгиларини йўқотиб, бунинг устига, ёт таъсирларга ҳам эга бўлади. Ва ҳатто, шифокорлар ҳам оналаримиз қўллайдиган халқ табобатида дорилардан кўра кўпроқ фойда ва самара борлигини таъкидлашади. Келинг, фармакологиянинг синтетикасига муносиб рақобатдош бўла оладиган даволаш усуллари ҳақида гаплашамиз.

1. ЙЎТАЛ: ДОРИ ЭМАС, АСАЛ ХАРИД ҚИЛИНГ

Қошиқдан аста-секин сирғалиб тушаётган шаффоф рангли бу ширинликни яхши кўрмайдиган одамнинг ўзи бўлмаса керак У томоқни ҳам худди шундай оҳиста ўраб олиб, яллиғланишни бир зумда йўқота олади. «Archives of Pediatrics & Adolescent Medicine» журналида чоп этилган сўнгги тадқиқотларга кўра, бир қошиқ асал йўталга қарши сироплар таркибида мавжуд фаол компонент декстрометорфандан самаралироқ фойда келтираркан. Айни дамда тиббиёт фанлари доктори, педиатрия профессори Ян Полнинг таъкидлашича, асал катталаргаям, болаларгаям бир хил фойдалидир. Шу билан бирга, аксарият дорилардан келиб чиқадиган уйқусираш, ҳолсизлик ҳолатлари асалга умуман хосмас.

Нима қилиш керак?

Ухлашдан олдин ёки сизни йўтал безовта қилганда икки чой қошиқ асал шиминг. Бу сизга албатта, ёрдам беради. Лекин уни кўп ейиш ярамайди. Барибир асал углевод саналади.

2. БЕЛ ОҒРИҒИ: МАЗНИ УЛОҚТИРИБ, ЖАНГЧИ ҲОЛАТИНИ ЭГАЛЛАНГ

Тўсатдан белингиз оғриб қолса нима қиласиз? Одатда, сиз оғриқни камайтириш мақсадида ҳар томонга ҳаракатлана бошлайсиз. Бу бежиз эмас. «Annals of Internal Medicine» журналида чоп этилган мақолада баён этилишича, даволаш методикаси саналмиш вини-йога жуда фойдали бўлиб чиқди. Мунтазам равишда эгилиб-букилиш, тортилиш белда пайдо бўлиши мумкин бўлган оғриқларнинг олдини олиб, дорилар ҳақида буткул унутиш имконини бераркан. Дарвоқе, бу дорилар жигар ҳужайраларини парчалаб, ичаклар микрофлораси ишини бузади, айни дамда беморлар унга ўрганиб қолишади (бу ҳолат уч ойда юз беради).

Нима қилиш керак?

Тадқиқотда келтирилган тажрибада синалувчилар ҳафтасига 75 дақиқани кобра, ғилдирак, капалак, лотос гули ва жангчи ҳолатини ўрганишга бағишлашган. Тана кучи ва қайишқоқлигини ошириш эвазига одамлар ўз онг остида бел оғриғига сабабчи бўладиган одатлардан воз кеча бошлашган (масалан, иш столида эгилиб ўтириш каби), дейди бу усул тадқиқотчиси Карен Шерман.

3. БОШИНГИЗ ОҒРИЯПТИМИ? ОҒРИҚ ҚОЛДИРУВЧИ ДОРИЛАРНИ УЛОҚТИРИБ, ЯХШИ УХЛАБ ОЛИНГ

Сиз қанча кўп оғриқ қолдирувчи дори ичсангиз, бошингиз шунча кўп ва мунтазам равишда оғрий бошлайди. Сан-Францискодаги Калифорния университети бош оғриғини ўрганиш институти директори, тиббиёт фанлари доктори Питер Годсбининг сўзларига кўра, бундай дориларни ҳар кун ёки кунора ичиш ортиқчадир. Шифокорларнинг ўзиям нега айнан оғриқ билан курашиши керак бўлган дорилар, оғриқ келтириб чиқаришини тушуна олишмайди. Балки ҳамма гап уларнинг таркибида кўп миқдорда мавжуд бўлган кофеин ва кодеин моддаларидадир.

Нима қилиш керак?

«Агар сиз кунингизни анальгетикларсиз тасаввур қилолмасангиз, бошланишига уларни ичиш миқдорини мунтазам равишда камайтиринг ва кейин оддийроқ дорилар ичишга ўтинг», дейди доктор Годсби. Кейин эса, қулай тунги кўйлагингизни кийиб, саккиз соат маза қилиб ухланг; ундан олдин сизга ҳаловат бермаётган бош қисмларига эътибор қаратинг. Сиз ўз миянгизга оғриқ билан аспиринсиз курашишга ёрдам берган бўласиз.

4. УЙҚУСИЗЛИК: УЙҚУ ДОРИСИНИ УЛОҚТИРИБ, УЙҚУГА КЕЧРОҚ ЁТИНГ

Ухламанг! Эшитяпсизми?! Телевизор овозини баландроқ қилинг ва бироз (2-3 соат) чидашга ҳаракат қилинг. Ўзингизга ҳордиқ олишга қўшимча эҳтиёж яратинг, организмингизни ўнлаб дорилар ёрдамида дам олдиришга ҳаракат қилманг. Чунки уйқу келтирадиган дорилар ўз тузилишига кўра кўпроқ наркотикларга монанддир, шу боис уларга одам жуда тез кўникиб қолади (бунда эса у ўз самарадорлигини йўқотади).

Нима қилиш керак?

Келинг, буни бир мисолда кўриб чиқамиз: агар сиз одатда, соат 22. 00 да уйқуга ётсангиз-у, кейин соат тунги биргача ухлолмай қийналсангиз, унда уйқуга соат бирда ётинг, лекин эрталаб кун тартибига кўра уйқудан уйғонинг. «Уйқуни сунъий равишда камайтириш билан сиз гўё организмни бироз шок ҳолатига туширган бўласиз, бу билан у меъёрга кела бошлайди», дейди Виржиния университети психиатрия департаменти профессори Ли Риттербенд. Орадан бир-икки ҳафта ўтиб, уйқусизлик сизни тарк этади.

5. ИЧ ҚОТИШИ: ДОРИЛАРНИ УЛОҚТИРИБ, КЎПРОҚ СУВ ИЧИНГ

Номутаносиб овқатланиш, егуликларда тўқималар ва суюқликнинг етарли бўлмаслиги оқибатида йўғон ичакнинг ҳаракатчан қисми ва умуман, ичаклар қалинлашиб, ундаги қайишқоқлик йўқолади. Бундан эса, ич қотиши келиб чиқади. Сўнгги тадқиқотларга кўра, америкаликлар ҳар йили ич келтирадиган дориларга 700 млн. доллар сарфлашаркан. Бу каби дорилар эса худди анальгетиклар каби организмда кўникиш ва ичаклар спазмини чақиради.

Нима қилиш керак?

Дори ўрнига нонуштада икки стакан сув ичинг, ҳожатга чиқишдан олдин эса олма ёки банан еб олинг. «Меваларда мавжуд моддалар ичакларни ҳаракатланишга мажбур қилади», дейди доктор Абрамсон.

Манба: diydoraziz.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Дорисиз даво топишнинг 5 усули