17:41 / 22.11.2024
16

Мeтаболизм секинлашганининг белгилари

Мeтаболизм секинлашганининг белгилари
Қайси ёшда метаболизм тезлиги камая бошлайди? Нима учун бу жараён содир бўлади ва унинг олдини олиш мумкинми? Қуйида ана шу саволларга жавоб топамиз.

Фото: Тhe Voice
Метаболизм нима?

“Метаболизм — ҳужайраларда содир бўладиган кимёвий реакциялар мажмуи бўлиб, ҳаёт фаолияти учун зарур бўлган моддалар, энергия ҳосил бўлади ва алмашинади”, дейди диетолог ва интуитив парҳез мутахассиси Кортни Викери.

Метаболизм атамаси асосан уч хил энергия сарфлаш турига нисбатан ишлатилади:
- базал метаболизм даражаси (BMR);
- озиқ-овқатнинг термик эффекти (ТЕF);
- жисмоний фаолият давомида калорияни йўқотиш тушунчаси.

Танамиз сарфлаган энергия ўрнини тўлдириш учун биз доимий озиқ-овқат истеъмол қилишимиз керак бўлганидек, ҳужайралар ҳам кимёвий реакцияларни қўллаб-қувватлаш учун энергияга муҳтождир, яъни биз истеъмол қиладиган озуқа ҳужайралар учун энергия манбаидир.

Метаболизм қачон секинлашади?

Фото: Getty Images
Илгари метаболизм 30 ёшдан кейин ҳар ўн йилда 2-5% га секинлашади, деган тушунча мавжуд эди. Аммо Викерининг сўзларига кўра, ўтказилган янги тадқиқотлар бунинг аксини кўрсатмоқда. 2021 йилда чоп этилган Daily energy expenditure through the human life course (“Инсон ҳаёти давомида кунлик энергия сарфи миқдори”) мақоласига кўра, метаболизм ҳаётнинг биринчи йилларида ҳақиқатда кучли бўлади ва 20 ёшгача аста-секин пасаяди. 20 ёшдан кейин эса унинг тезлиги деярли ўзгармайди ва 60 ёшгача сақланиб қолади. 60 ёшдан ошгандан кейин ҳам моддалар алмашинуви тезлиги кескин камаймайди: у ҳар йили атиги 0,7% га секинлашади.

Соғлом инсонларда моддалар алмашинуви секинлашишида умумий ва ягона ёш чегараси мавжуд эмас. Метаболизм турмуш тарзи, ўтказилган касалликлар, қабул қилинган дори воситалар таъсиридагина ўзгариши мумкин. Агар аёллар ўзида метаболизм тезлашаётгани ёки секинлашаётганини сезса, сабабларини аниқлаш ва юзага келиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олиш учун албатта шифокорга мурожаат қилиши керак”, дейди акушер Кирин Данстон.

Метаболизм жараёни секинлашганини қуйидаги белгилар орқали аниқлаш мумкин:
  • Ортиқча вазндан халос бўлиш ёки нормал вазнни сақлаш жуда қийин кечади;
  • Тез-тез чарчоқ пайдо бўлади, чунки организм озуқани энергияга айлантириши қийинлаша бошлайди;
  • Ошқозон-ичак тракти билан боғлиқ муаммолар, жумладан қабзият пайдо бўлади;
  • Тана доим совуқ қотади, чунки моддалар алмашинуви жараёни бузилганда организм камроқ иссиқлик ишлаб чиқаради ва тана совуққа сезгир бўлиб қолади;
  • Метаболизмдаги ўзгаришлар туфайли организмда ёғлар ишлаб чиқиш тизими ҳам бузилади ва натижада тери қуруқлашади;
  • Гормонал бузилишлар ҳисобига сочлар тўкила бошлайди;
  • Аёлларда ҳайз цикли бузилади.

Агар сиз ушбу белгиларнинг бир нечтаси намоён бўлса, шифокорига мурожаат қилишингиз керак. Организмда метаболик жараёнларнинг қандай кетаётганини аниқлаб берадиган махсус таҳлиллар мавжуд. Уларга глюкозтолерантлик тести, қалқонсимон без фаолияти гормонал тести (ТFТ) ва жисмоний фаолият давомида қанча кислород сарфланишини ўлчайдиган VО2mах тести киради.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Мeтаболизм секинлашганининг белгилари