date
views 0

Трансёғлар истеъмоли инфаркт ва инсультни келтириб чиқариши мумкин

Трансёғлар истеъмоли инфаркт ва инсультни келтириб чиқариши мумкин
Тезпишар таомлар — ёшлар орасида энг оммалашган егуликлар. Шу боис “фаст-фуд”, ярим тайёр маҳсулотлар, қовурилган картошка фриси, чипс, қолаверса, турли қандолатларнинг бозори чаққон.

Таҳлилларга кўра, улар таркибида трансёғлар миқдори ҳаддан зиёд кўп. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти таҳлилига кўра, дунё бўйлаб 5 миллиард одам ушбу ёғларнинг зарарли таъсиридан ҳимояланмаган. Бу юрак хасталиклари ва ўлим хавфини оширади.

Шу сингари таомларни тайёрлашда ишлатиладиган трансёғлар ҳар йили сайёрамиз бўйича 300 мингга яқин кишининг ўлимига сабаб бўлмоқда.

Хўш, тиббиёт ходимларининг бу борадаги хулосаси қандай?

Трансёғлар — организм учун фойдали ёғларга қараганда арзонроқ ва қатор кимёвий ва физик хусусиятларга эга, — дейди тиббиёт фанлари доктори, профессор Низом Эрматов. — Масалан, хона ҳароратида қаттиқ ҳолатда сақланиб қолади, шу сабаб уларни турли хил қайта ишланган озиқ-овқат маҳсулотларига қўшиш қулай.

Улар саноат усулида ишлов берилган ёки табиий тўйинмаган ёғ кислотаси ҳисобланади. Бу маҳсулот маргарин, ўсимлик ёғлари, қовурилган таом ва пишириқлар, хусусан, кракерлар, печенье ва пирогларда мавжуд. Шунингдек, кавш қайтарувчи ҳайвонлар гўшти ва сутида табиий ҳолда учрайди. Аммо ҳар икки турдагиси ҳам соғлик учун зарарли.

Ёғлар ҳужайра мембраналари ва бошқа биологик структураларнинг ҳосил бўлиши учун “қурилиш материали” вазифасини ўтайди. Агар улар сунъий синтезланган транс шаклга эга бўлса, организмда моддалар алмашинуви жараёнига салбий таъсир кўрсатади.

Хусусан, танада зарарли холестерин миқдорини оширади, яъни паст зичликдаги липопротеинлар қон томирлари деворида тиқин ҳосил қилиб, уларни торайтиради. Натижада организмда қон айланиши ва ҳаётий муҳим органларни қон билан таъминлаш жараёни издан чиқади. Оқибатда инфаркт, инсульт ва ўпка артерияси тромбоэмболияси каби турли хавфли касалликлар келиб чиқиши мумкин.

Шунингдек, трансёғлар яллиғланиш жараёнларини тезлаштирб, қандли диабет ва онкологик хасталиклар ривожланиш хавфини ҳам оширади.

Шу сабабли ЖССТ ушбу турдаги ёғларни тақиқлаш ёки уни кунлик энергия миқдорининг 1 фоизигача камайтиришни тавсия қилинмоқда. Яъни, кунлик рационда 2000 калория бўлса, трансёғлар улуши 2,2 граммга тўғри келиши лозим. Лекин бугун айрим егуликлар таркибида бу турдаги ёғлар миқдори кунлик нормадан 200 баравар ортиқни ташкил қилмоқда.

Шундай экан, бундай вазиятда энг тўғри йўл – трансёғлар истеъмолидан бутунлай воз кечиш ёки улар миқдорини минимал даражада камайтиришдир.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Трансёғлар истеъмоли инфаркт ва инсультни келтириб чиқариши мумкин