13:58 / 20.12.2022
1 183

Президент: «Вазирлик ва идоралар сони ҳозирги 61 тадан 28 тагача камайтирилади»

Президент: «Вазирлик ва идоралар сони ҳозирги 61 тадан 28 тагача камайтирилади»
Фото: Президент матбуот хизмати
Президент ихчам ва самарали давлат бошқарув тизимига ўтишни таклиф қилди.

«Энди, 2023 йилдаги устувор йўналишларга тўхталиб ўтмоқчиман. Биринчи йўналиш – ихчам ва самарали давлат бошқарув тизимига ўтишни таклиф қиламан.

Нима учун сўзни айнан шу йўналишдаги ислоҳотдан бошлаяпман? Олд́инлари эътибордан четда қолиб, “йўқ бўлиб кетиш” арафасида бўлган соҳаларни “оёққа турғизиш” учун, олти йил давомида янги вазирлик ва идораларни ташкил қилишга тўғри келди. Буни қилишга мажбур эдик, акс ҳолда ҳозирги ютуқларимиз бўлмас эди.

Мактабгача таълим, уй-жой коммунал, маҳаллабай ишлаш, инвестиция, давлат хизматлари, давлат-хусусий шериклик соҳаларида катта натижаларга эришдик.

Хусусий сектор ва тадбиркорликнинг ривожланиши ортга қайтмас жараёнга айланди.

Аҳолимизнинг фаоллиги, замонавий технология ва касб-ҳунарларга интилиши ошиб бормоқда.

Кундан кунга иқтисодиётимизда янги-янги йўналиш ва соҳалар яратилмоқда.

Бу борада, хусусий ташаббусларни янада кенгайтириш, уларга янги истиқболларни очиш мақсадида, энди “қўл бошқаруви”дан – аниқ натижага ишлайдиган тизимли бошқарувга ўтиш вақти келди
», — Президент.

Ҳозирги кунда давлат аппаратида такрорланиш кўп, кераксиз штатлар борлиги таъкидланди.

«Марказлашув юқори. Оқибатда, бугунги мураккаб масалаларга тўғри ечим топиш учун ортиқча вақт, куч ва ресурс сарфланмоқда.

Вазирларнинг Ҳукумат қабул қилаётган қарорларда, таъбир жоиз бўлса, “овози йўқ”. Яъни, уларнинг ушбу қарорларни тайёрлаш ва ҳаётга жорий қилишдаги иштироки ва масъулияти етарли эмас. Энди вазирларнинг бундай эскича усулда ишлашга ҳаққи йўқ.

Агар вазирнинг ўз соҳаси бўйича узоқни кўзлаган аниқ ёндашувлари бўлмаса, унинг фаолияти туфайли одамларнинг оғири енгил бўлмаса, ўзингиз айтинг, бундай раҳбардан нима наф бор?

Шунинг учун, янги маъмурий ислоҳотлар тўғрисидаги Фармонни имзоладим. Бунга узоқ тайёргарлик қилдик
», — Шавкат Мирзиёев.

Биринчи босқичда вазирликлар ислоҳ қилиниши, ҳукумат иш услуби ҳам тубдан ўзгариши маълум қилинди.

«Энг аввало, вазирлик ва идоралар сони ҳозирги 61 тадан 28 тагача камайтирилади. Энди ҳар бир вазирлик тегишли соҳада давлат сиёсатини амалга оширишга масъул бўлиб, тармоқ таркибидаги қўмита, агентлик ва инспекцияларга раҳбарлик қилади», — Шавкат Мирзиёев.

«Кўп вазирлар ўзгаради. Ўз соҳасининг чуқур билимдони, фидойи ва ишидан халқ рози бўлаётган вазирлар лавозимида қолади. Ўйлайманки, бундай ёндашув адолатли бўлади. Давлат хизматчилари сони босқичма-босқич 25-30 фоизга қисқаради.

Иқтисод қилинадиган маблағлар ижтимоий масалаларга йўналтирилади. Ҳар бир вазирнинг сиёсий мақоми, Президент, парламент ва жамоатчилик олдидаги масъулияти оширилади.

Бунга мос равишда жавобгарлиги ҳам кучайтирилади. Уларга аҳоли муаммоларини ҳал қилиш учун етарли ваколат ва маблағ берилади.

Вазирликлар фаолиятида очиқлик, қонунийлик, натижадорлик ва сифат асосий мезон бўлади
», — Президент.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Президент: «Вазирлик ва идоралар сони ҳозирги 61 тадан 28 тагача камайтирилади»