Ўзбекистон ҳудудида яқин 10 кун ичида қуруқ ва барқарор об-ҳаво сақланиши маълум қилинди. Бу ҳақда иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов ўз фикрларини баён этди.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, сентябрнинг охирги кунлари ва октябр ойининг илк ҳафталарида қурғоқчилик ҳукмрон бўлиб, об-ҳаво салқин тус олади. Унинг таъкидлашича, халқ тилида бундай об-ҳаво шароити “мезон” деб юритилади.
Мезон даврида кундузлари қуёш нурлари танга илиқлик бағишласа, кечалари эса салқинлик суяккача ўтади. Об-ҳаво бу жараёнда ҳар бир кишига кузнинг гўзал палласини тўлиқ ҳис қилиш имконини беради.
Абдулаҳатовнинг маълумот беришича, октябрнинг бошланиши билан ҳаво ҳарорати кундуз ҳам, тун ҳам 3–4 даражага пасаяди. Айрим вилоятларда эса совуқлик янада сезиларли бўлиши мумкин.
Шу билан бирга, иқлимшунос келаётган октябр ойи кўп йиллик ўртача статистикага яқин бўлишини, лекин айрим ҳудудларда меъёрдан совуқроқ об-ҳаво кузатилиши эҳтимолини қайд этди.
Мазкур прогноз фуқароларга ёздан кузга ўтиш давридаги табиий ўзгаришларга тайёр туриш ва ўз ҳаётида зарур чоралар кўришга ёрдам бериши таъкидланмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!