Кино ва сериал оламида камера ортидаги муҳит доим ҳам рекламалардаги каби меҳр-оқибатга тўла эмас. Баъзан актёрлар ўртасида шундай кескинлик юзага келадики, бу нафақат ҳамкорликни бузади, балки бутун суратга олиш жараёнига таъсир кўрсатади.
Масалан, “Тахтлар ўйини” сериалининг мухлислари аллақачон Лена Хеди ва Жером Флинннинг бирор марта ҳам бирга кадрларда кўринмаганини сезишган. Бу бежиз эмас – улар ўртасидаги шахсий муносабатларнинг кескин якун топгани сабабли Лена собиқ севгилиси билан бир саҳнага чиқишни истамаган. Хабарларга кўра, майдонда совуқ муҳит ҳукм сурган ва актриса ҳатто унга нисбатан “чин нафрат”ини билдирган. Шу боис, уларнинг қаҳрамонлари фильмда ҳеч қачон учрашмаган.
Шунга ўхшаш вазият “Тез ва ғазабланган” фильмида ҳам кузатилган. Вин Дизел ва Дуейн “Рок” Жонсон орасидаги низо яширинча қолмади – Жонсон ҳатто ижтимоий тармоқларда ҳам кескин фикрлар ёзиб қолдирган. Натижада, улар “Тез ва ғазабланган 8”да бирор саҳнада учрашмади. Кейинчалик Жонсон бу фарқни “ишга ёндашувдаги тафовутлар” билан изоҳлаб, яна ҳамкорлик қилиш режалари йўқлигини очиқ айтган.
Шу тариқа, машҳур лойиҳаларнинг ёрқин саҳналари ортида кўпинча мухлислар билмайдиган зиддиятлар ва шахсий муносабатлар яширин ҳолда қолади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!