date

Пахта нархлари юзасидаги миш-мишларга ойдинлик киритилди

Пахта нархлари юзасидаги миш-мишларга ойдинлик киритилди

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда тарқалган «пахта терими учун 1 килограммига 1 800 сўм тўланади» деган хабарларга муносабат билдирди. Расмий изоҳда таъкидланишича, бу маълумот ҳақиқатга мос келмайди ва ҳеч қандай расмий ҳужжат билан тасдиқланмаган.

Вазирлик маълумотларига кўра, жорий йилда пахта нархлари қуйидагича белгиланган:

– Машина орқали йиғилган пахтанинг ҳар килограмми учун 1 373 сўм тўланади.
– Қўл меҳнати билан йиғилган пахтанинг ҳар килограмми учун эса 2 000 сўмлик тавсиявий нарх белгиланган. Шу билан бирга, терим даврида кластерлар, фермер хўжаликлари раҳбарлари ва теримчилар ўртасида ўзаро келишув асосида ҳақ тўлаш миқдори мустақил равишда белгиланиши мумкин.
– Пахта етиштириш харажатларини қоплаш мақсадида эса давлат бюджети ҳисобидан ҳар килограмм учун қўшимча 1 000 сўм субсидия ажратилади.

Вазирликнинг таъкидлашича, бу тартиб аграр соҳада барқарорликни таъминлаш, пахта ишлаб чиқарувчилар манфаатини ҳимоя қилиш ва теримчилар меҳнатини рағбатлантириш мақсадида жорий қилинган.

«Шу боис, ижтимоий тармоқларда тарқалган 1 килограмм – 1 800 сўм ҳақидаги хабар асоссиз. Пахта нархлари ҳақидаги расмий маълумотлар фақат давлат манбалари орқали жамоатчиликка етказилади. Турли тахминлар ва текширилмаган ахборотлар эса жамиятда ноаниқлик ва турли талқинларга олиб келиши мумкин», – дейилади вазирлик баёнотида.

Шу муносабат билан оммавий ахборот воситалари ва блогерларга мурожаат қилиниб, маълумот тарқатишда холисликка амал қилиш ҳамда жамоатчиликка нотўғри маълумот бермаслик сўралди.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил кузида қўлда йиғилган пахтанинг ҳар килограмми учун 2 500 сўмдан ҳақ тўланиши белгиланган эди. Бу йил эса нархларда ўзгариш киритилгани расмий равишда маълум қилинди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Пахта нархлари юзасидаги миш-мишларга ойдинлик киритилди