16:32 / 27.12.2024
0

Бош режа бўйича кeлгуси 20 йилда Тошкент шаҳрида нималар ўзгаради?

Бош режа бўйича кeлгуси 20 йилда Тошкент шаҳрида нималар ўзгаради?
Тошкент шаҳрининг келгуси 20 йилга мўлжалланган бош режаси тасдиқланди. Ҳужжатда ҳукуматнинг бажарилиши белгиланган қатор режалари акс этган.

Қурилишлар тартибга соладими?

2024 йил 24 декабрь куни “Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача бўлган даврга мўлжалланган бош режасини тасдиқлаш тўғрисида”ги ҳукумат қарори қабул қилинди. Ҳужжатда пойтахтни комплекс ривожлантириш, қурилишларни режалаштириш ва инфратузилмани яхшилаш белгиланган.

Қарорда ёзилишича, бош режанинг асосий кўрсаткичларини белгиловчи хариталар Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг Шаҳарсозлик кадастри ва геоахборот тизимида очиқ маълумот сифатида жойлаштирилади.

Эндиликда ҳар қандай қурилиш ишлари тасдиқланган бош режа асосида, белгиланган тартибда амалга оширилади. Жараёнда ҳудуднинг мастер-режаси, батафсил режалаштириш лойиҳаси ёки қуриш лойиҳаси ишлаб чиқилиб, тасдиқлаган ҳолда йўлга қўйилади. Ҳар чорак якунида бош режа ижроси натижалари юзасидан Тошкент шаҳар ҳокими ҳукуматга ҳисобот беради. Талаблар бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик доирасида жазоланади.

Бош режада қуйидаги муаммоларни ҳал қилиш кўзда тутилган:
- ҳудудларни зоналарга ажратиш;
- аҳоли ҳаракатланиши учун етарли шароит яратиш ва транспорт оқими барқарорлигини таъминлаш;
- шаҳар ҳудудларида зичлик параметрлари барқарорлигини таъминлаш.

Шаҳар зоналарга ажратилади

Бош режага мувофиқ, Тошкент шаҳри ҳудудлари консервация, реконструкция ва реновация зоналарига ажратилади.

Консервация зоналарида шаҳарнинг экологик ва санитария ҳолати, маданий-маърифий ва ижтимоий шароитларини яхшилашга эътибор қаратилади. Яшил ҳудудлар, сув ва йўл бўйи ҳимоя ҳудудлари ҳамда маданий мерос майдонлари муҳофаза қилинади. Бундай ҳудудларда қўшимча турар ва нотурар бино-иншоотлар қурилиши тақиқланади.

Реконструкция зоналарида жамоатчилик фикри асосида, пойтахт ҳокимлиги рухсати билан реконструкция ишлари амалга оширилади. Бундай зоналарга қурилиши сўнгги 5 йилда тугалланган, аҳоли яшаши учун етарли муҳит яратилган ҳудудлар ҳамда такомиллаштиришга эҳтиёжи йўқ жойлар киради.

Мазкур зоналарда реконструктура ишлари бажарилса-да, аҳоли зичлиги сақлаб қолинади. Ҳудуднинг дизайн кодлари ишлаб чиқилиб, ташқи кўриниши замонавийлаштирилади, жамоат жойлари ва очиқ майдонлар ободонлаштирилади. Қўшимча ижтимоий ва инфратузилма объектлари қурилишига рухсат берилади.

Реновация зоналари қайта қуришга асослаган ҳудудлардир. Бунда фойдаланиш учун яроқсиз, шаҳар экологик муҳитига салбий таъсир кўрсатувчи, зилзилабардошлилик талабларига жавоб бермайдиган бино ва иншоотлар бузилади. Бўшатилган ерларда комплекс мастер-режалар ва лойиҳалар асосида янги қурилишлар амалга оширилади.

Келгуси 20 йиллик режалар

Тошкент шаҳрининг умумий майдони 43 873 гектар. Айни пайтда пойтахтда 3 миллион кишидан ортиқ аҳоли яшайди. Бу кўрсаткич 2045 йилгача 7,4 миллион нафарга етиши кутилмоқда. Бош режани ишлаб чиқишда инобатга олинган асосий масалалардан бири аҳолининг демографик ўсиши экани маълум қилинган.

Қарорда ёзилишича, бугун Тошкентда мавжуд яшил майдонлар (чекланган ҳудудлар билан бирга) 7 120 гектар. Шундан 893 гектари умумий фойдаланиш, 5 102 гектари чекланган ва 1 125 гектари махсус яшил майдонлар ҳисобланади.

Бош режа доирасида 2045 йилгача яна 10 000 гектар қўшимча яшил майдонлар барпо этиш белгиланган. Шу билан бирга, шаҳар атрофидаги 15 000 гектар ер майдонида яшил белбоғ ташкил қилиниши режаланган.

Қарорда бугун пойтахт аҳолиси жонбошига 5 квадрат метр яшил ҳудуд тўғри келаётгани, келгуси 20 йил ичида мазкур кўрсаткични 8 квадрат метрга етказилиши белгиланган.

Ҳозирда Тошкент шаҳридаги жами йўллар узунлиги 836 километр. Бош режада 2045 йилгача қўшимча 647 километр янги йўллар қуриш, мавжуд 140 километр йўлларни кенгайтириш кўзда тутилган.

Жамоат транспортидан фойдаланиш улушини ошириш ҳам устувор вазифа сифатида белгиланган. Хусусан, 20 йил ичида 27 та транспорт тармоғи марказлари (Park and ride), янги метрополитен йўллари барпо этилиши режалаштирилган. 2045 йилгача жамоат транспортидан фойдаланиш улушини 60 фоизгача ошириш кўзда тутилган.

Кечиккан бош режа

Тошкент шаҳрининг ўзида шаҳарсозлик тартибларини акс эттирувчи бош режасини ишлаб чиқиш масаласи 10 йилдан ортиқ вақт давомида муҳокамада бўлди. Пойтахтда бош режа йўқлиги тартибсиз қурилишларга олиб келаётгани давлат раҳбари томонидан ҳам танқид қилинган. Лойиҳа кечика-кечика 2022 йил октябрда президент Шавкат Мирзиёевга тақдим қилинганди. Бироқ уни тасдиқлаш жараёни икки йилдан ортиқ даврга ортга сурилди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Бош режа бўйича кeлгуси 20 йилда Тошкент шаҳрида нималар ўзгаради?