Маълумки, O‘zLiDeP иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, макроиқтисодий барқарорлик ва изчил тараққиёт суръатларини таъминлашни ўзининг бош мақсади деб билади. Ана шундан келиб чиқиб, мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев сайловолди дастурининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу борада номзод қатор стратегик йўналишларга эътибор қаратиш зарур, деб ҳисоблайди.
Аввало, макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлаш ва эришилган иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, миллий валютамиз, ички бозордаги нарх-наво барқарорлигини таъминлаш улкан аҳамиятга эга. Молиявий соҳада тармоқ ва минтақаларнинг мутаносиб ривожланиши ҳисобидан аҳолининг ижтимоий муаммоларини ҳал этишни таъминлайдиган маҳаллий бюджетларнинг даромадлар базасини кенгайтиришга эътибор қаратилади. Маҳаллий бюджетлар имкониятларининг оширилиши, аввало, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини юксалтиришга хизмат қилиши керак.
Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастурида қайд этилишича, иқтисодиётимизнинг жаҳон бозоридаги рақобатдошлигини янада ошириш, унинг соҳа ва тармоқларини модернизация ва диверсификация қилиш, экспорт салоҳиятини кенгайтириш, инвестициявий фаолликни кучайтириш ҳал қилувчи омил ҳисобланади. Шу боис муҳим вазифа – 2030 йилга қадар ялпи ички маҳсулот ҳажмини икки баробардан зиёд кўпайтириш, иқтисодиётимиз таркибида саноатнинг улушини 40 фоизга етказиш бўйича аниқ мақсадли дастурларни амалга оширишдан иборат. Шу мақсадда яқин беш йилда умумий қиймати қарийб 40 миллиард доллар бўлган 657 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган. Бу чора-тадбирлар саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 1,5 баробар кўпайтириш имконини беради.
Бундан ташқари, маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш имкониятига эга бўлган тўқимачилик саноатини янада ривожлантириш бўйича қиймати 2 миллиард 300 миллион доллар бўлган 140 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш вазифаси олдимизда турибди. Эътиборли томони, бунинг натижасида тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 3 баробар ошади.
Номзод фармацевтика саноатини жадал ривожлантиришни ҳам ўз олдига мақсад қилиб қўймоқда. 67 та ҳудудий лойиҳанинг амалга оширилиши 162 та янги, ҳозирги вақтда четдан олиб келинаётган дори воситаларини мамлакатимизда ишлаб чиқариш ва уларнинг умумий ҳажмини 2,5 баробар ошириш имконини беради. Айни вақтда, давлат дорихона тармоқларида ҳаётий муҳим дори воситаларининг аниқ белгиланган нархларда сотилиши таъминланади.
Хорижий инвестициялар ва замонавий илғор технологияларни жалб этиш мақсадида Навоий ва Жиззах вилоятлари ҳамда Ангрен шаҳрида эркин иқтисодий зоналар самарали фаолият кўрсатмоқда. Берилган имтиёзлар корхоналар томонидан инновацион лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширишга имкон яратмоқда. Бу ижобий тажрибани кенгайтириш мақсадида Ургут ва Fиждувон туманларида, Қўқон шаҳрида ҳам эркин иқтисодий зоналар ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Номзод шунингдек, аҳоли бандлигини таъминлаш ва бу тизимни такомиллаштириш бўйича ишларни тизимли асосда давом эттириш муҳим деб ҳисоблайди.
Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастурида қишлоқ хўжалиги соҳасини янада ислоҳ қилиш устувор аҳамиятга эга экани алоҳида таъкидланган. 2017-2020 йилларга мўлжалланган кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш дастури қабул қилиниб, унинг доирасида экин майдонларини оптималлаштириш ва пахта экишни босқичма-босқич қисқартириш режалаштирилмоқда.
Номзоднинг сайловолди дастурида яна бир муҳим масала – хусусий мулкни ривожлантириш ва уни ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш вазифаси қўйилган. Унда тадбиркорлик ривожига халақит берадиган барча тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш зарурлиги алоҳида қайд этилган.
Мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳиятидан келиб чиқиб, номзод 2017-2021 йилларда туризм соҳасини жадал ривожлантириш бўйича алоҳида дастур қабул қилиш, янги таҳрирдаги «Туризм тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурмоқда. «Ўзбектуризм» миллий компанияси фаолиятини танқидий кўриб чиқиш таклифини билдирмоқда.
Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев ҳудудларни комплекс ривожлантириш энг муҳим вазифа, деб ҳисоблайди. Аввало, Биринчи Президентимиз томонидан тасдиқланган бир қатор вилоятлар, Тошкент, Қарши, Шаҳрисабз, Термиз, Наманган, Урганч ва Гулистон шаҳарлари, шунингдек, Булунғур ва Нишон туманлари саноат салоҳияти ва инфратузилмасини ривожлантириш борасидаги дастурлар ижроси сўзсиз таъминланади. Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Жиззах, Навоий, Самарқанд, Сирдарё ва Фарғона вилоятларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ишлаб чиқилади ва изчиллик билан амалга оширилади.
Шу билан бирга чуқур таҳлиллар асосида ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусият ва имкониятлари, талаб ва эҳтиёжларини инобатга олган, ҳар бир маҳаллани назарда тутган ҳолда, 2017-2021 йилларда туман ва шаҳарларни комплекс ривожлантириш дастурлари қабул қилинади. Бу дастурларни амалга ошириш натижасида субвенция оладиган 81 та туман молиявий жиҳатдан ўзини ўзи тўлиқ таъминлайдиган ҳудудга айланади, шунингдек, 41 та туман ва шаҳар бўйича субвенция даражаси сезиларли равишда камаяди.
Азим пойтахтимиз Тошкент шаҳрини нафақат минтақамиз, балки дунёдаги энг гўзал ва обод мегаполислардан бирига айлантириш биринчи даражали вазифалар қаторига киради. Шу мақсадда, миллий меъморлик ва шаҳарсозликнинг энг илғор ютуқ ва ечимларидан фойдаланган ҳолда, кенг миқёсдаги қурилиш ва ободонлаштириш ишларини изчил давом эттириш эътибор марказида бўлади.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев иқтисодиёт соҳасида амалга оширадиган ишлар аввало, халқимиз дастурхонида, кундалик ҳаётида акс этиши зарурлигини таъкидламоқда. Шу муносабат билан иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақалар миқдорини босқичма-босқич ошириб бориш бўйича ишлар давом эттирилади.
Бир сўз билан айтганда, ушбу ҳаётий, халқчил дастур юрт тараққиёти ва халқимиз фаровонлигига хизмат қилиши билан ғоят муҳим аҳамиятга эгадир. Энг асосийси эса тарихий дастурда ижтимоий-иқтисодий соҳада кўплаб аниқ вазифалар белгиланиши билан бирга уларнинг ижроси ҳам тўла акс этган.
Ана шуларни инобатга олган ҳолда айтиш муминки, шу йилнинг
4 декабрь куни бўлиб ўтадиган сайловда халқимиз партиямиздан кўрсатилган номзод Шавкат Мирзиёевни якдиллик билан қўллаб-қувватлашига ишонамиз.
Р.Охунов, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши
Ижроия қўмитаси аъзоси;
К.Джумамуратова, Олий Мажлис
Қонунчилик палатасидаги
O‘zLiDeP фракцияси аъзоси
«Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ижроия қўмитаси аъзоси;
К.Джумамуратова, Олий Мажлис
Қонунчилик палатасидаги
O‘zLiDeP фракцияси аъзоси
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
Ўмон султонлиги элчиси: «Урушларни ҳарбий куч билан ҳал қилиб бўлмайди»
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
Бефойда ва қиммат: шифокорлар тавсия этмайдиган 5 турдаги биологик фаол қўшимчалар
Шавкат Мирзиёев Россия бош прокурори билан учрашув ўтказди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
Зеленский Путин борасида баёнот берди: “Тинчликни истаганлар юзига тупурмоқда”