
Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида электр таъминотида қисқа муддатли узилишлар бўлиши мумкин. Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, бу Сирдарё иссиқлик электр станциясида носоз роторни алмаштириш ва қуёш электр станцияларининг ишлаб чиқариш қувватининг пасайиши билан боғлиқ.
Электр таъминотидаги узилишлар асосан 17:00 дан 21:00 гача бўлган вақт оралиғида кузатилади. Зарурат туғилганда, истеъмолчилар олдиндан хабардор қилинади.
Вазирликнинг таъкидлашича, бу чора-тадбирлар энергия таъминотининг барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлашга қаратилган. Сирдарё ИЭСга Японияда ишлаб чиқарилган, 1,5 минг мегаватт қувватга эга янги ротор ўрнатилиши режалаштирилмоқда.
Ускуналарни ўрнатиш жараёни тахминан бир ой давом этиши кутилаяпти. Йўқотилган қувватни қоплаш учун захира манбалар ва яқинда ишга туширилган янги энергоблоклар жалб қилинади.
Сирдарё ИЭС 1972 йилда Ширин шаҳрида қурилган. Станциянинг умумий қуввати 3,2 минг мегаваттдан ошади.
2018-2021 йилларда станцияда олтита энергоблок модернизация қилиниб, уларнинг ҳар бирининг қуввати 325 мегаваттга етказилган.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.