14:58 / 10.10.2017
5 736

Уйи ёки машинасини долларда сотганларга қандай жазо бор?

Уйи ёки машинасини долларда сотганларга қандай жазо бор?
Иккиламчи бозорда уй-жой ва автомашина олди-сотдиси учун ҳисоб-китобларни хорижий валюта, асосан АҚШ долларида амалга ошириш деярли барча учун одатий ҳолга айланиб қолган. Бунга ўтган давр мобайнида шаклланиб улгурган кўплаб ижтимоий-иқтисодий омилларни сабаб қилиб кўрсатиш мумкин. Масалан, сўм валютасининг беқарор инфляцияси, эркин конвертация амалиётининг мавжуд эмаслиги эвазига пайдо бўлган нарх-наводаги тафовутлар, уй-жой ва машина харид қилишда юзага келган қоғозбозлик, сунъий тўсиқлар шулар жумласидан.

Сўнгги пайтда бу муносабатларни бир мунча ўзгартириш имкониятини берувчи янгиликлар юз берди, хусусан, эркин конвертация амалиётининг жорий этилиши, янги сўм банкнотининг таништирилиши, шу пайтгача савдо муносабатларида де факто хорижий валюта қийматига боғлаб қўйилган товар ва хизматларнинг миллий валютада ҳисоб-китоб қилинишини эътироф этиш мумкин. Хабарларга кўра, бундан буён ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан шу каби ҳолатларга қарши жиддий курашилади.

Аслида, Ўзбекистон Республикасининг “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги қонунига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида барча ҳисоб-китоблар ва тўловлар миллий валютада амалга оширилиши шарт. Шу жумладан, фуқаролар ўртасидаги кўчар ва кўчмас мулк объектлари ҳам. (Мисол тариқасида ана шу машина ва уй-жойни олайлик) Бу - қонун!

Республика ҳудудида ҳисоб-китоблар ва тўловларни чет эл валютасида амалга оширишга рухсат этиладиган айрим ҳолатларни қуйида санаб ўтамиз:

- белгиланган тартибда кредитларни олиш ва қайтаришда;

- банклардаги омонатларга пул қўйишда ва уларнинг фоизини олишда;

- ваколатли банклар, уларнинг филиаллари ва айирбошлаш шохобчалари орқали чет эл валютасини сотиб олиш ва сотишда;

- хайрия мақсадларида амалга ошириладиган операцияларда;

- мерос ҳуқуқи бўйича валюта бойликларини олишда;

- божсиз савдо дўконларидаги ҳисоб-китоблар, шунингдек халқаро йўналишларда ташишда транспорт воситаларининг қатнов йўлларида йўловчиларга товарлар сотиш ва хизматлар кўрсатишдаги ҳисоб-китоблар билан боғлиқ операцияларда;

- қимматли қоғозларни қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда сотиб олиш ва сотишда;

- резидентлар томонидан резидентлар ҳамда норезидентлардан пластик тўлов ва кредит карточкалари бўйича тўловларни қабул қилишда ва шу каби жами 15та ҳолатда.

Агар фуқаро юқорида саналганлардан ташқари ҳолатларда валютани анча миқдоргача*, яъни 44 млн 932 минг сўм – 5 минг 574 АҚШ долларигача (06.10.2017 йил ҳолатига ЭКИҲ 149775 сўм ва 1 АҚШ доллари 8060 сўм) бўлган миқдорда олиш ёки ўтказишга уринса ва бу ҳолат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан аниқланса, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 170-моддасига мувофиқ, ушбу шахснинг валюта бойликлари мусодара қилинади ва унга ЭКИҲнинг 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солинади.

06.10.2017 йил ҳолатига ЭКИҲ 149 минг 775 сўм ва 1 АҚШ доллари 8060 сўм

* Анча миқдор - энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваридан уч юз бараваригача бўлган миқдор.

** Кўп миқдор - энг кам ойлик иш ҳақининг уч юз бараваридан беш юз бараваригача бўлган миқдор.

*** Жуда кўп зарар - энг кам ойлик иш ҳақининг беш юз баравари ва ундан ортиқ бўлган миқдордаги зарар.

Жавобгарликдан қандай қутулиб қолиш мумкин?

Тайёргарлик кўрилаётган ёки содир этилаётган жиноят ҳақида ўз ихтиёри билан арз қилган ва уни очишга фаол ёрдам берган шахс жавобгарликка тортилмайди.

Ёки жавобгарликдан қутулиб қолишнинг энг яхши усули олди-бердини фақат миллий валюта – СЎМда амалга оширишдир.

Тушуниб турганингиздай, олди-берди шартномасини миллий валютада амалга ошириш мажбурияти белгиланган ҳолатда, хорижий валюта билан де-факто ҳисоб-китоб қилинса, бундай хатти-ҳаракат жиддий зарарга сабаб бўлиши мумкин.

Очиғи бу масала узоқ йиллардан бери нафақат тадбиркорларнинг, балки оддий аҳолининг савдо муносабатларидаги оғриқли нуқталаридан бири эди. Таъкидлаш жоизки, банк-молия ишлари бироз мураккаб бўлган қўшни Туркманистонда, яқин давргача Қозоғистонда ҳам ушбу муаммо бўлган.

Эндиликда вазият ўзгарди, онгли равишда ўйлаб кўрсак, маҳаллий банклар томонидан расмий валюта курси бўйича хорижий валюта олди-сотдиси кафолатланмоқда. Валюта бозорини дастаклаб турган “қора бозор” ҳам секин-аста барҳам топмоқда. Ўз ўрнида фуқаролар нархнинг кескин ўзгариб кетмаслигига гувоҳ бўлмоқда. Ҳуқуқий ва иқтсодий онгимизни оширган ҳолда, фикр қилишимиз лозим: Ўзбекистон ҳудудида сўм валютасида савдо муносабатларни бардавом қўллаб-қувватламаслик, бошланган иқтисодий ислоҳотларнинг томирига болта уриши табиий.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Уйи ёки машинасини долларда сотганларга қандай жазо бор?