08:02 / 08.04.2018
3 824

Далилларнинг сохталаштирилиши учун – 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш

Далилларнинг сохталаштирилиши учун – 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш
«Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун эълон қилинди, деб ёзмоқда Norma.

Жиноят кодексига далилларни ва тезкор-қидирув фаолияти натижаларини сохталаштириш (қалбакилаштириш) учун 2 та алоҳида модда (230-1 ва 230-2) киритилди. Президент 30.11.2017 йилдаги ПФ–5268-сон Фармонида ана шундай ташаббус билан чиққан эди.

Янги моддалар кимларга нисбатан татбиқ этилади
Фақат алоҳида субъектлар учун жиноятларнинг янги таркиблари бўйича жавобгарлик назарда тутилмоқда. Уларга қуйидагилар киради:

• исботлашни амалга ошираётган шахслар (ЖПКнинг 86-моддаси 1-қисми), – терговга қадар текширув ўтказувчи мансабдор шахслар, суриштирувчилар, терговчилар, прокурорлар, суд таркиби аъзолари;
• исботлашда иштирок этиш учун жалб қилинаётган шахслар (ЖПКнинг 86-моддаси 3-қисми), – ЖПКда белгиланган тартибда далилларни тўплаш, текшириш ва баҳолаш билан боғлиқ ҳуқуқларни амалга оширувчи ва мажбуриятларни бажарувчи мутахассислар, холислар, шунингдек бошқа фуқаролар ва мансабдор шахслар;
• тезкор-қидирув тадбирларини амалга оширишга ваколатли шахслар (уларнинг рўйхати идоравий ҳужжатлар билан белгиланади).

Қонун ҳужжатларида қарама-қаршилик юзага келди. ЖПКнинг 86-моддаси 1-қисмида исботлашни амалга ошираётган шахслар рўйхатида терговга қадар текширув ўтказувчи ходимлар мавжуд эмас. Бироқ, ЖПКнинг 39-2-моддаси билан уларга мазкур соҳада аниқ ваколатлар берилган.

Бундан ташқари, «исботлашни амалга ошираётган шахслар» ноаниқ формулировкасини «исботлашда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар» атамаси билан чалкаштирилиши мумкин. Жиноят процессининг бундай иштирокчилари сирасига ҳимоячи (адвокат), гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, жамоат айбловчиси, жамоат ҳимоячиси, шунингдек жабрланувчи, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва уларнинг вакиллари киради. Ҳимоячининг далилларни тўплаш имкониятлари кенгайтирилганлиги сабабли бу айниқса муҳимдир. Шу боис ушбу нормага ҳеч бўлмаганда Олий суд Пленуми қарори даражасида аниқлик киритилиши зарур.

Шунингдек ушбу модда экспертларга (агар улар мутахассис вазифасини бажармасалар) ва таржимонларга нисбатан татбиқ этилмайди. Экспертнинг била туриб нотўғри хулоса бериши ва бир тилдан иккинчи тилга била туриб нотўғри таржима қилиш учун жавобгарлик ЖКнинг 238-моддаси (ёлғон гувоҳлик бериш) бўйича юзага келади.

Жиноятнинг ўзи нима, у қандай жазоланади
Далилларнинг сохталаштирилишига таъриф берилган – терговга қадар текширув ва жиноят ишлари материаллари бўйича далилларни тўплаш, текшириш ва баҳолаш чоғида ғаразли ёки бошқа паст ниятларда ҳужжатларга ёхуд ашёларга била туриб ёлғон маълумотларни киритиш ва ўзга бузиб кўрсатиш. Бу ЭКИҲнинг 300 бараваридан 400 бараваригача миқдорда жарима, 3 йилдан 5 йилгача озодликдан чеклаш ёхуд муайян ҳуқуқдан маҳрум этиб, 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Эслатиб ўтамиз, ЖПКнинг 81-моддаси 1-қисмига мувофиқ далиллар – ижтимоий хавфли қилмишнинг юз берган-бермаганлигини, шу қилмишни содир этган шахснинг айбли-айбсизлигини ва ишни тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга молик бошқа ҳолатларни суриштирувчининг, терговчининг ва суднинг қонунда белгиланган тартибда аниқлашига асос бўладиган ҳар қандай ҳақиқий маълумотлар.

ЖПКнинг 90-моддаси 1-қисмига мувофиқ маълумотлар ва нарсалардан, улар тергов ҳаракати баённомаси ёки суд мажлиси баённомасида қайд этилганидан кейингина далил сифатида фойдаланиш мумкинлиги сабабли, муаллиф фикрига кўра, баённомада сохталаштирилган (қалбакилаштирилган) далилнинг акс эттирилиши жиноят содир этилиб бўлган пайт ҳисобланади. Бу пайтгача қилмиш қасд қилиш деб ҳисобланиши керак. Демак, ундан ихтиёрий воз кечилиши ҳам мумкин.

Баён этилган жиноят бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса ёхуд шахсни ушлаб туришга, қамоққа олишга, жиноий жавобгарликка тортишга ёки жиноий жавобгарликдан озод этишга, ҳукм қилишга ёхуд оқлашга сабаб бўлса, жазо кўпайтирилади – муайян ҳуқуқдан маҳрум этиб, 5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилишга олиб келади.

Оғир ёки ўта оғир жиноят тўғрисидаги жиноят иши бўйича далилларни сохталаштириш (қалбакилаштириш), худди шунингдек далилларни сохталаштириш (қалбакилаштириш) оғир оқибатларга олиб келган бўлса, – муайян ҳуқуқдан маҳрум этиб, 7 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Бу ерда фақат жиноят ишлари доирасида далилларни сохталаштириш (қалбакилаштириш) тўғрисида сўз бормоқда. Фуқаролик, иқтисодий, маъмурий ишлар ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича худди шундай ҳаракатлар Жиноят кодексининг бошқа моддалари бўйича жазоланади. Масалан, 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) бўйича.

Шунингдек ушбу модда била туриб берилган, гувоҳлар ва жабрланувчиларнинг ёлғон кўрсатувлари, экспертларнинг хулосалари ва таржималарга нисбатан татбиқ этилмайди. Бундай ҳаракатлар ёлғон гувоҳлик бериш (ЖКнинг 238-моддаси) деб топилади, ёлғон гувоҳлик берганлик учун жазо ҳақида қуйида сўз юритилган.

Тезкор-қидирув фаолияти натижалари билан иш юритиш мушкулроқ
Қонун ҳужжатларида тезкор-қидирув фаолияти (ТҚФ) натижаларига аниқ таъриф берилмаган. Муаллифнинг фикрича, бунда тезкор-қидирув тадбирларини ўтказиш давомида олинган ва белгиланган қоидаларга мувофиқ расман расмийлаштирилган ахборот ва материаллар тушунилади.

ТҚФ натижалари бўйича жавобгарлик юзага келиши учун қўшимча шарт киритилди – жиноятчининг (жиноятчиларнинг) қуйидаги мақсадларидан бири исботланиши шарт:

• жиноятни содир этишга алоқаси йўқлиги олдиндан аён бўлган шахсни жиноий таъқиб қилиш;
• шахснинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига зарар етказиш.

ТҚФ натижалари давлат сири ҳисобланиши инобатга олинса, улар ТҚФни амалга оширувчи орган раҳбари томонидан тасдиқланган қарор асосида суриштирув, тергов органларига, прокурорга тақдим этилади («Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг 19-моддаси). Шу сабабга кўра, фикримизча, натижаларни кейинчалик тақдим этиш масаласини кўриб чиқиш учун уларнинг раҳбарга берилиши жиноят содир этилиб бўлган пайт ҳисобланади. Раҳбарнинг ўзи учун эса – маълумотлар суриштирув, тергов органларига, прокурорга тақдим этилган пайтдан бошлаб. Назаримизда, бундай қилмиш ёлғон хабар беришни ўз ичига қамраб олади ва ЖКнинг 237-моддаси бўйича қўшимча баҳо беришни талаб қилмайди.

Агар сохталаштирилган (қалбакилаштирилган) маълумотлар ва ТҚФ материалларини ошкор қилиш йўли билан шахснинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига зарар етказилган бўлса, муаллифнинг фикрича, МЖТКнинг янги 230-2-моддаси бўйича эмас, балки 40-моддаси (туҳмат) ёки УКнинг 139-моддаси (туҳмат) бўйича жавобгарлик юзага келиши керак. Сохталаштирилган тезкор-қидирув фаолияти натижалари бундай давлат сирларидан хабардор бўлиш ваколатига эга бўлган шахсларга ишончли деб тақдим этилгандагина («хизмат обрўсини тушириш») қилмиш ЖКнинг 230-2-моддаси бўйича баҳоланади.

Ким тергов қилади
ЖПКнинг 345-моддасига (терговга тегишлилик) ўзгартиришлар киритилмади, шу сабабли 230-1 ва 230-2-моддаларда назарда тутилган жиноятларга доир ишлар бўйича дастлабки терговни ўтказишга қайси тергов органи ваколатли эканлигини аниқ белгилаш мушкул.

Бу ерда кетма-кетлик субъектга қараб белгиланади. Масалан, прокурор ва терговчига нисбатан қўзғатилган жиноят ишлари прокуратура органларининг мутлақ ваколатига киради («Прокуратура тўғрисида»ги Қонуннинг 49-моддаси). Ҳарбий хизматчи мақомига эга бўлган шахсларга нисбатан эса – ҳарбий прокуратура ваколатига (ЖПКнинг 345-моддаси 3-қисми).

Бироқ исботлаш амалга ошириладиган қолган иштирокчиларга нисбатан аниқ кўрсатмалар мавжуд эмас.

Таҳририятдан: Мазкур мақолада баён этилган қонун ҳужжатлари талқини расмий талқиндан фарқланиши мумкин.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Далилларнинг сохталаштирилиши учун – 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш