17:38 / 24.06.2019
2 867

Ўзбекистон фанининг бугунги аҳволи: танқид учун танқиддан наф борми?

Ўзбекистон фанининг бугунги аҳволи: танқид учун танқиддан наф борми?
"Ўзбекистон 24" телеканали июн ойи бошидан Тошкентдаги олий ўқув муассасалари, илмий-тадқиқот институтларининг аҳволи ҳақида телевизион репортажлар намойиш этмоқда.

Репортажлар мамлакатдаги таълим сифатини ўрганаётган республика комиссиясининг ўрганишлари натижаси экани хабар қилинди.

Аммо репортажлар "боринг, бирорта танқидий лавҳа тайёрлаб келинг!" деган мақсад билан юборилган тасвирий гуруҳнинг материали деган таассуротни уйғотади.

Комиссия аъзолари ҳам, тасвирга олиш гуруҳи аъзолари ҳам илмий-тадқиқот институтлари нега охирги 30 йилда янги реагент ёки илмий тажрибаси учун зарур моддаларни олмаганларини жуда яхши тушунадилар.

Марҳум Шароф Рашидовнинг шахсан ўзи бошида туриб ташкил этган, гектарлаб ерлар, барча замонавий асбоб-ускуналарга эга бинолари бор илмий-тадқиқот институтлари 1980-йилларнинг ўрталаридан ўз ҳолига ташлаб қўйилди.

Президент Шавкат Мирзиёев бошқа соҳалар қатори охирги 30 йилда Ўзбекистоннинг юксак илм салоҳияти ҳам ўлдирилганини тан олди, олимларнинг вазиятни яхшилаш учун нималар қилиш кераклиги ҳақидаги фикрларини сўради.

Шунинг учун ҳам комиссия ва "Ўзбекистон 24" телеканали ижодкорлари президент Мирзиёевнинг академиклар билан учрашувларидан сўнг айнан ушбу илмий муассасага қанча маблағ ажратилди, институт ёки университет ҳаётида қандай ўзгаришлар бўлди деган саволларга жавоб изласалар ўринли бўларди.

Ўзбекистон фанлар академиясининг Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институтига бағишланган телерепортаж ҳақида институт илмий ходими Бахтиёр Расулов «Facebook»даги саҳифасида қуйидагиларни ёзди:

"Ўзбекистон 24" канали институтимиз (ЎзФА Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти) ҳақида тайёрлаган кўрсатувнинг интернетга қўйилганини ҳозир кўрдим.

Аввало, кўрсатув ижодкорларига катта раҳмат. Айтилмаган муаммоларни олиб чиқишди. Кўрсатувдаги танқидларнинг ҳаммаси ўринли. Илмий-тадқиқот муассасасида илмий иш олиб боришга шароит йўқ, ойлик яхши эмас. Савол туғилади – олимларнинг ойлиги ошди, шунда ҳам камми? Ойликлар ошди, лекин олимлар 0,2, 0,25, 0,3, 0,5... деган "ставка"ларда ишлаяпти.

Фан ривожи ўзича амалга ошмайди, унга сармоя киритиш керак. Юқори аналитик аниқликда ишлайдиган, замонавий асбоб-ускуна, жиҳозлар ва реактивлар сотиб олиш учун. Бу жиҳозлар арзон эмас, қиммат.

Кўрсатувда бир фикр айтилди – раҳбар дунёқараши. Бу фикрга ҳам тўлиқ қўшиламан. Институтда кўп раҳбар алмашди, келиб-кетаверди. Лекин бирортасида янгилик, фанни ривожлантиришга рағбат, иштиёқ ва халқ олдидаги масъулиятни кўрмадим.

Шерикларнинг кўпи чет элга кетишди. Германия, Хитой, Америкада ишлаб юришибди. Нимага? Калласида илмий ғоя бор, уни бўм-бўш лабораторияларда илмий исботлаб бўлмайди. Унинг учун сўнгги русумдаги жиҳозлар керак. Биология назарий фан эмас, у энди экспериментал фан. Дунё олимлари ҳужайрадаги жараёнларни ДНК ва РНК (транскриптоми) асосида ўрганаяпти. Ҳужайрадаги жараёнларни ўзгартираяпти. Биз эса ўша ишларни – илмий мақолаларни эртак каби ўқиб ўтирибмиз.

2012 йилдан 2018 йилгача Хитой фанлар академиясининг институтларида ишладим. 2017 йил сентябр ойида (терма жамоамиз Ухан шаҳрида Хитой термасига ютқизган вақтда) Гидробиология институти молекуляр микробиология ва биотехнология лабораториясига микроб табиатли биополимерлар ҳақида маърузалар ўқидим. Шу ишларни ўзимизда қилсак бўлади, ўзимизнинг қоракўзларга маърузалар ўқисак ҳам бўлади. Лекин ишимизга қизиқиш бўлмаса-чи? Бирор университет ёки институт илмий ишларимизга қизиқиш билдирдими? Йўқ! Сабаби ҳали биз фандан даромад кўришгача етиб келмадик.

Хулоса шуки, ҳалигача бир ерда депсиниб-депсиниб турибмиз. Мақтаниб гапиришса ишонманг, ҳамма ерда шу аҳвол, шу вазият".

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистон фанининг бугунги аҳволи: танқид учун танқиддан наф борми?