
АҚШ Сенатининг Халқаро муносабатлар қўмитаси раиси Жеймс Риш Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистон Республикаси учун Жексон-Веник тузатмасини бекор қилишни кўзда тутувчи қонун лойиҳасини Конгрессга киритиш ниятида эканлигини эълон қилди. Жексон-Веник тузатмаси "Совуқ уруш" даврининг энг машҳур рамзларидан бири ҳисобланади.
У 1974 йилда АҚШ Савдо қонуни таркибида қабул қилинган бўлиб, ўз фуқароларининг чет элга эркин чиқишига тўсқинлик қилган ёки инсон ҳуқуқларини бузган давлатларга нисбатан савдо чекловларини жорий этишни назарда тутган. Ушбу чора дастлаб Совет Иттифоқига қарши қаратилган эди.
СССР парчаланганидан сўнг, ушбу қонун амалий аҳамиятини йўқотди, бироқ формал жиҳатдан собиқ совет давлатларининг бир қаторига нисбатан ҳали ҳам амал қилиб келмоқда. Шу кунгача АҚШ президенти ҳар йили ушбу тузатманинг таъсирини вақтинчалик тўхтатиб турувчи махсус ҳужжатни имзолаб, минтақа давлатларига, жумладан, Ўзбекистонга АҚШ билан одатий тартибда савдо қилиш имконини яратган.
Бу амалиётнинг бекор қилиниши бир муҳим ижобий натижани беради: инвесторлар "истисно муддати узайтирилмаслиги" хавфини ҳисобга олмайди, бу эса бизнес муҳитини барқарор ва олдиндан башорат қилиш имкониятига эга қилади. Шу тариқа, Вашингтон Марказий Осиё давлатлари билан ўзаро муносабатларни янгилаш йўлида яна бир қадам ташламоқда ва совуқ уруш меросини орқада қолдирмоқда.
АҚШ Ўзбекистон учун савдо чекловини бекор қилади
Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг