date

Шавкат Мирзиёев ва Эксимбанк раҳбари Ўзбекистонда янги лойиҳаларни муҳокама қилди

Шавкат Мирзиёев ва Эксимбанк раҳбари Ўзбекистонда янги лойиҳаларни муҳокама қилди

Президент Шавкат Мирзиёев 6 ноябрь куни Вашингтондаги амалий ташрифи доирасида АҚШ Экспорт-импорт банки — Эксимбанк раҳбари Жон Йованович билан учрашув ўтказди. Мазкур учрашув икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий шерикликни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида ўтди, деб хабар берди президент матбуот хизмати.

Эксимбанк АҚШ ҳукуматининг расмий экспорт-кредит агентлиги ҳисобланади. Унинг асосий вазифаси — Америка компанияларининг халқаро иқтисодий фаолиятини суғурта, кафолат ва кредит воситалари орқали қўллаб-қувватлашдан иборат.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Эксимбанк ўртасида энергетика, муҳим минераллар, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва ахборот технологиялари соҳаларида йирик ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.

Айниқса, АҚШнинг нуфузли молиявий институтининг Ўзбекистон авиапаркини модернизация қилиш, янги авлод Boeing самолётларини харид қилиш ва етказиб беришдаги иштирокига алоҳида эътибор қаратилди. Президент бу соҳадаги ҳамкорликни мамлакат транспорт инфратузилмасини ривожлантиришда муҳим омил сифатида қайд этди.

Учрашувда икки томон ҳам узоқ муддатли молиявий шерикликни ривожлантиришга қизиқиш билдирди. Йирик қўшма дастур асосида келгусида стратегик аҳамиятга эга лойиҳаларни молиялаштириш учун янги механизмлар ишлаб чиқишга келишилди.

Шунингдек, Эксимбанкнинг қишлоқ хўжалиги ва саноат соҳаларидаги лойиҳаларни молиялаштиришда фаол иштирокини таъминлаш, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун қулай шартлар яратиш масалалари ҳам муҳокама этилди.

Учрашув якунида давлат раҳбари ҳузурида Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда АҚШ Эксимбанки ўртасида қўшма лойиҳаларни молиялаштириш тўғрисидаги битим алмашилди.

Бу келишув икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликда янги саҳифа очиши ва келгусида Америка бизнесининг Ўзбекистон бозорига кириб келиши учун кенг имконият яратиши кутилмоқда.

Таҳлилчилар фикрича, мазкур учрашув нафақат икки мамлакат ўртасидаги молиявий муносабатларни мустаҳкамлайди, балки Ўзбекистоннинг АҚШ инвестицияларига очиқ эканини яна бир бор тасдиқлайди.

Шавкат Мирзиёевнинг Вашингтондаги бизнес дастури доирасида яна қатор стратегик учрашувлар ўтказилиши кутилмоқда — улар орасида технология, энергетика ва логистика соҳалари бўйича йирик корпорациялар билан музокаралар ҳам бор.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Шавкат Мирзиёев ва Эксимбанк раҳбари Ўзбекистонда янги лойиҳаларни муҳокама қилди