date
views 2 134

Кореялик мутахассис: «Ўзбекистон статистикани жамлашда ҳалигача советча усуллардан фойдаланади»

Кореялик мутахассис: «Ўзбекистон статистикани жамлашда ҳалигача советча усуллардан фойдаланади»
Корея Телеком Корпорацияси (KT Corporation) вице-президенти Ли Бек Хи Ўзбекистон статистик маълумотларни жамлашда ҳалигача совет иттифоқидан мерос бўлиб қолган методлардан фойдаланиши, мавжуд маълумотларнинг аксарияти кераксиз, чунки улар бозор иқтисодиёти учун зарур, капиталистик аҳамиятга эга эмаслиги ҳақида гапирди.

Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси, ўзбекистонлик ишбилармонлар ҳамда Кореянинг етакчи компаниялари вакиллари иштирок этган илк «Корея — Ўзбекистон» бизнес давра суҳбатида кореялик вакил Ўзбекистонда ахборотнинг ёпиқлигини таъкидлади.

«Ўзбекистон ҳукумати ташқи инвестицияларни ўз иқтисодиётига жалб қилиш учун қаттиқ ишлаяпти. Инвестиция кириб келишининг муҳим омилларидан бири ахборотнинг очиқлиги ҳисобланади. Инвестор олган маълумотига таянган ҳолда иш кўради. Аммо Ўзбекистон ҳолатида инвестор маълумотни излаб топиши керак. Кўпгина ўзбек компаниялари ўзининг маълумотларини оммага тақдим этишни истамайди. Аслида махфий маълумотлардан ташқари барча ахборот омма учун очиқ ҳолда бўлиши керак. Ўз ўрнида махфий маълумот тушунчаси ҳам аниқ мезонлар билан белгиланган бўлиши лозим», дейди жаноб Ли Бек Хин.

Ахборот очиқлигининг мавжуд эмаслиги иқтисодиётга зарар келтиришини таъкидлаган вице-президент Ўзбекистонда шахсан ўзи дуч келган ҳолатни мисол келтирди.

«Ўзбекистонга келишимни билган бир танишим бу мамлакатда қишлоқ хўжалиги бўйича лойиҳа бошламоқчи эканлигини билдириб, бир ҳудуддаги ҳаво ҳарорати ва намлиги бўйича маълумотларни билиб беришимни сўради. Мен гидрометеорология марказига мурожаат қилдим. Аммо улар ўзларида бундай маълумот мавжуд эмаслигини, катта тўлов асосидагина бундай маълумотлар алоҳида тайёрланиши мумкинлигини айтишди. Харажат ва оворагарчилик кўплигини билган танишим эса ўз лойиҳасини амалга оширишдан воз кечиб қўя қолди», дейди у.

Икки мамлакат ўртасида инвестицион ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган мазкур тадбирда маълум қилинишича, Ўзбекистонга жалб қилинган Корея инвестициялари ҳажми 7 млрд доллардан ортиқроқни ташкил этади. Мамлакатда Корея капитали иштирокида ташкил этилган корхоналар сони 160тага етган.

Тадбирда иштирок этган Кореянинг етакчи компаниялари вакиллари Ўзбекистон иқтисодиётининг ривожи бўйича ўз фикр ва таклифларини билдиришди. Хусусан, KDB Bank Uzbekistan раҳбари Жонг Сон Ким мамлакатдаги «яширин иқтисодиёт» тўғрисида ўз фикрларини айтиб ўтди.

«Мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш учун фақатгина ташқаридан инвестиция киритиш эмас, ички молиявий ресурсларни ҳам максимал даражада ишга солиш керак. Одамларнинг қўлида якка тартибда жамланган пуллар иқтисодий айланмага жалб қилиниши лозим. Кузатувларга қараганда, ўзбекистонликлар ўз пул маблағларини банк депозитларига қўйишдан кўра қўлда сақлаб туришни афзал кўришади. Бу ҳолат Ўзбекистонда яширин иқтисодиёт улушининг кўплигига сабаб бўлади. Сўнгги маълумотларга асосан, мамлакатда яширин иқтисодиёт 45 фоизни ташкил этади. Буни бартараф этишнинг аниқ механизмлари яратилиши керак», дейди у.

Жонг Сон Кимнинг таъкидлашича, ривожланишнинг дастлабки босқичларида Корея ташқи молиявий манбаларга боғланиб қолган. Кейинчалик ички молиявий ресурсларнинг ишга солиниши, иқтисодиётга йўналтирилиши тараққиётни тезлаштирган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Кореялик мутахассис: «Ўзбекистон статистикани жамлашда ҳалигача советча усуллардан фойдаланади»