date

Абитуриентлар учун бакалавриатга кириш қоидалари қайта белгиланди

Абитуриентлар учун бакалавриатга кириш қоидалари қайта белгиланди

Ҳукумат қарори билан “Олий таълим ташкилотларининг бакалавриатига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги низом расман тасдиқланди. Янги ҳужжат абитуриентлар учун қабул жараёни қандай кечиши ва имтиҳонлар қандай шаклда ўтказилиши аниқ белгилаб берди.

Низомга мувофиқ, олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қуйидаги асосларда амалга оширилади. Биринчи навбатда, Президент ҳужжатлари билан белгиланган бакалавриат йўналишлари бўйича давлат гранти ҳамда таълим гранти асосида. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси таълим ташкилотларига қабул бўйича давлат комиссияси томонидан тасдиқланадиган умумий қабул параметрлари асосида.

Кириш имтиҳонлари икки асосий бўлимдан иборат бўлади. Биринчи бўлимда барча йўналишлар учун мажбурий фанлардан тест синовлари ўтказилади. Улар — она тили, математика ва Ўзбекистон тарихидир. Иккинчи бўлимда эса абитуриент танлаган йўналишга боғлиқ фанлардан тестлар ёки ўша соҳаларга хос касбий, шу жумладан ижодий имтиҳонлар ташкил этилади. Бу орқали талабгорнинг билим даражаси ва танлаган йўналишга қай даражада тайёрлиги баҳоланади.

Қабул жараёни икки босқичда амалга оширилади. Биринчи босқич 5 июндан 25 июнгача давом этади. Шу вақт мобайнида абитуриентлар қайси фанлардан тест топширади, таълим тили ва тест ўтказиладиган ҳудудни белгилайди. Иккинчи босқич эса тест якунланганидан кейин 15 кун давом этади. Бу жараёнда улар олий таълим муассасасини, бакалавриат йўналишини, таълим шаклини ва танлов устуворлигини танлайди.

Имтиҳон натижалари ҳам босқичма-босқич эълон қилинади. Абитуриент тўплаган баллар тест синови ўтказилган куннинг эртасига маълум қилинади. Унинг талабаликка тавсия этилгани ёки йўқлиги эса иккинчи босқич якунлангач, бир ҳафта ичида Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг расмий веб-сайти орқали жамоатчиликка эълон қилинади.

Янги қабул низоми абитуриентлар учун аниқ ва шаффоф қоидаларни белгилаб, ҳар бир ёшнинг ўз қобилияти ва тайёргарлигига қараб имконият олишини таъминлашга қаратилган. Бу эса олий таълим тизимидаги ислоҳотларнинг навбатдаги қадами сифатида баҳоланмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Абитуриентлар учун бакалавриатга кириш қоидалари қайта белгиланди