Ҳуқуқшунос ва журналист Хушнуд Худойбердиев ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарларга изоҳ берди. Унда мактаб ўқитувчилари “1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан ҳар бир ходим 953 минг сўмдан мукофотланади, деган маълумотлардан сўз бор эди.
“Мазкур хабар қисман нотўғри талқин қилинган. Буни тарқатаётганлар Президент фармонидаги кичик, лекин жуда муҳим жиҳатни хато тушунганлар. Асосий нуқта шундаки, хабарларда айтилган миқдор — бу ҳаммага бирдек бериладиган сумма, дегани эмас”, — дейди Х.Кудойбердиев.
Ҳақиқатда, 2025 йил 19 мартдаги ПФ–51-сон Президент Фармони билан умумтаълим муассасаларининг Директор жамғармасидан фойдаланиш тартибига ўзгаришлар киритилди. Янги қоидаларга кўра, “1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан ходимларни мукофотлаш миқдори меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 75 фоизигача бўлиши мумкин. Аввал бу меъёр 50 фоизни ташкил қилган.
Маълум қилинишича, “-гача” қўшимчаси максимал чегарани билдирса ҳам, бу ҳамма ходимлар бирдек 75 фоиз олади, дегани эмас. Ҳар бир муассаса ва ходим учун мукофот миқдори Директор жамғармасининг жорий молиявий имкониятлари ва маблағ ҳолатига қараб белгиланади. Шунингдек, қаердадир 75, қаердадир 60, қаердадир 50 фоиз берилиши мумкин.
Бундан ташқари, байрам муносабати билан мукофот нафақат ўқитувчиларга, балки барча ходимларга тақдим этилади. Яъни раҳбарият ва техник-хизмат кўрсатувчи ходимлар ҳам ушбу мукофотдан баҳраманд бўлади.
Ҳуқуқшунос таъкидлаганидек, устозлар қанча кўп ойлик, устама ва мукофот олса, шунча яхшироқ бўлади. Аммо қонуний жиҳатдан, амалдаги тартиб тўғри талқин қилиниши муҳим. Шу боис, кимгадир камроқ мукофот чиқса ҳам тушунмовчиликка йўл қўйилмаслиги керак.
Хулоса қилиб айтганда, 953 минг сўм — бу мукофотнинг максимал миқдори бўлиб, амалий ҳолатда ҳар бир мактаб ва ходим учун у турлича бўлиши мумкин.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!