date

Пойтахт автобуслари энди шаҳар атрофигача етиб боради

Пойтахт автобуслари энди шаҳар атрофигача етиб боради

Тошкент шаҳар транспорт бош бошқармаси пойтахтдаги автобус йўналишларини шаҳар атрофидаги ҳудудларгача узайтириш бўйича жамоатчиликда туғилган саволларга расмий жавоб берди.

Маълум қилинишича, давлат раҳбарининг Тошкент вилоятининг барча туман ва шаҳарларини пойтахт билан узлуксиз боғлашга оид топшириғи ижроси доирасида бир қатор амалий ишлар йўлга қўйилган. Хусусан, ҳозирда қайта ташкил этиладиган, шу жумладан агломерация ҳудудини қамраб оладиган янги йўналишлар бўйича тегишли лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

Йўналишлар бўйича ишлаб чиқилган ҳужжатлар тасдиқлангач, белгиланган тартибга мувофиқ, очиқ электрон тендерда эълон қилинади. Тендер ғолиби билан ушбу йўналишда йўловчи ташиш хизматини кўрсатиш юзасидан махсус шартнома — брутто-шартнома тузилади.

Шунингдек, узайтирилаётган йўналишлар сабаб автобусларни кутиш вақти ортиб кетмаслиги учун қўшимча транспорт воситалари ажратилиши режалаштирилган. Бу орқали транспорт хизматининг барқарорлиги ва самарадорлиги таъминланади.

Ҳозирда техник ва ташкилий масалаларни ҳал қилиш, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл инфратузилмасини яратиш ишлари ҳам изчил давом этмоқда. Махсус муҳандислик ва лойиҳа гуруҳлари томонидан агломерациянинг ҳар бир нуқтасида транспорт ҳаракати логистикаси ўрганилмоқда.

Пойтахт агломерацияси доирасида ягона, яхлит транспорт тизимини шакллантириш ва уни босқичма-босқич амалиётга жорий этиш ишлари авж олган. Бу тизим орқали нафақат шаҳар маркази, балки атрофий туманларда истиқомат қилувчи аҳоли учун ҳам қулай ва хавфсиз транспорт хизмати йўлга қўйилади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Пойтахт автобуслари энди шаҳар атрофигача етиб боради